Ўзбек хотин-қизлари хорижга ишлаш учун кетиш ҳуқуқи чекланиши керакми?

Бундан 10-15 йил олдин аксар ўзбекистонлик эркаклар чет элларга иш излаб кетган бўлса, ҳозир тобора кўпроқ аёллар ҳам болаларини қариндошлари қўлида қолдириб, яқин хориж мамлакатларига ишлаш учун кетишмоқда.

Ўзбекистонда аёллар учун оила боқишга етадиган маош берадиган иш топиш улкан муаммо. Ишга кириш учун ҳам пора бериш керак. Киргандан кейин ҳам маоши бир коп унга етади ёки етмайди.

Мамлакатда ҳозир коррупция ва порахўрлик авж олиб, ҳуқуқсизлик ҳамда феодал-қулдорлик бошқарув тизими қайтиб келмоқда.

Шу боис кўплаб ишсиз аёллар иложсизликдан ё йирик шаҳарлардаги ноқонуний мардикор бозорларига чиқишга ёки яқин хорижга бориб ишлашга мажбур бўлишмоқда.

Бошланғич сармояси бўлган аёллар эса хорижий мамлакатларга қатнаб, кичик тижорат билан шуғулланишади. Бироқ аксариятда бундай имконият йўқ.

Кўпчилик учун Қозоғистон ё Россияга бориб ишлаш - сўнгги умид.

Бу икки давлатдаги иқтисодий пасайиш ва иш ўринлари ҳамда маошларнинг қисқариши аллақачон ўзбекистонлик муҳожирларга салбий таъсир этаётган бўлса-да, барибир, у ерларга иш излаб кетаётган ўзбекистонликлар оқими тўхтагани йўқ.

Аммо энди Ўзбекистон ўз фуқаролари бўлган аёлларнинг чет элларга ишлаш учун кетишини чеклаш чора-тадбирларини бошлаб юборган.

Мамлакат бўйлаб сўнгги пайтлари чет элларга ишлаш ёки бошқа зарурат билан кетаётган аёллар билан турли суҳбатлар ўтказилмоқда.

Ҳокимият вакиллари ва диний уламолар жалб этилаётган айни жараёнларда аёллар чет элда диний гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкинлиги айтилиб, улар Ўзбекистонда қолишга ундалмоқда.

Ўзбекистон матбуотида четда ишлаётган аёлларнинг болалари қаровсиз қолаётгани айтилади ва улар бойлик ортидан қувган ҳамда миллий анъаналарга хилоф равишда иш тутаётган инсонлар сифатида таърифланади.

Бошқа томондан, Ўзбекистон хориждаги ўз фуқароларини ҳимоя қилмаслиги боис ҳам кўплаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари чет элларда одам савдоси ё қулликка тушаётгани, жиноий гуруҳлар қўлида жабр кўраётгани ҳам ҳақиқат.

Аммо Ўзбекистонда оила боқишга етарли иш топиш имконлари жуда камлиги туфайли бир неча миллион ўзбекистонлик хорижда ишлайди.

1990-йиллар охирларидан бошлаб аксар эркаклар чет элларга иш излаб кетишган бўлса, ҳозир улар аёллар ҳам қўшилган.

Узоқ хорижга кетиш учун чиқиш визаси олмоқчи бўлган хотин-қизларнинг ёши 35га етмаган бўлса, Ўзбекистон уларнинг ота-онаси ё эри розилик беришини талаб қилади.

Яқин хориж учун чиқиш визаси керак бўлмагани боис, энди қонунда ёзилмаган чора-тадбирлар қўлланмоқда.

Биз: Мажбурият туфайли, оила боқиш умидида четга кетаётган аёлларни Ўзбекистон ҳукумат тўхтатиб қолиши керакми? Улар Ўзбекистонда қаерда ишлаб, оила боқишга етарли маош беруви иш топишлари мумкин? деган саволлар билан мурожаат қилдик.

(Бизга йўлланган, ижтимоий тармоқларда қолдирилган аксарият фикр-мулоҳазалар таҳрирсиз берилмоқда)

BBCUZBEK FACEBOOK:

Husniddin Karabayev: Инсон туғилибдики, яхши яшаб - яхши еб-ичишга ва яхши орзу-умидлар килиб, шу орзу-умидини рўёбга чиқишига интилиб келишган ва кўплар қўлдан келганча ҳаракат қилишган. Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, "Қорни тўқни қорни оч билан нима иши бор" деган бир мақол бор! Қайси юрт бўлишидан қатъий назар! Аёлларни чет элларга ишлашини олдини олиш учун нафақат қонун тарафдан эмас, балким шарт-шароитини ва хар томонлама ўйлаб, ҳеч кимга озор етмаган ҳолда иш юритиш керак ва ҳакозо... . Қайси юрт бўлишидан қатъий назар! Инсонлар чет элларга кетишини олдини олиши учун қонун тарафдан 100% (фоиз) ҳал қилиб бўлмайди. Бу муоммони ҳал қилиш учун яхшигина иқтисодчи керак, ана шу инсон муоммони ҳал қилиши мумкин.

Mastura Ganihanova: Қорни тўқни қорни оч билан нима иши бор. 35 ёшгача чиқмаса, 35 ёшгача нима иш қилсин.

Abdufattoh Kamalov: "Ахир Ўзбекистонда ҳеч ким очидан ўлаётгани йўқку!"

Mastura Ganihanova: Очимдан ман ҳам ўлмаганман, аммо коммунал тўловларни тўлай олмай, қарзга ботиб кетган пайтим ҳам бўлган.

Nigora Ahmedova: Нодавлат ташкилотлар тизими керак. Ривожланган мамлакатлардан андаза олиш маъқул. Ногиронларга қарайдиган, ёлғиз қарияларга қарайдиган. Тўқимачилик, қўл меҳнати... дала ишларини тўғри йўлга қўйишни таъминлаб, яна бир нималар қилиш керак. Буларга ҳам маблағ керак, жуда кўп изланиш керак... Сал сабр қилсак, ҳаммаси яхши бўлади. 30 ёшга кирмаган мамлакат билан қари 250дан ошган мамлакатни ҳозирча таққосламаган маъқул. Ҳали улардан кам жойимиз ҳам йўқ. Ишсизлик глобал муаммолардан бири...

Zulfiya RuziMukhammad: Ойига 800-1000$ ойлик тўласа, ҳечким кетмасди. Кетганлар ҳам югуриб келиб олардику. Ўша чиқиб кетаётган аёлларнинг боқувчиси йўқ...

Farkhod Abdurakhmonov: Ҳар қандай ҳолатда инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилиши зарур, давлат муаммоларни ечишда фақат чеклов қўйишни қўллаши яхши эмас. Ундан кўра, ушбу масаланинг туб илдизига асосий эътиборни қаратиш ҳамда аёлларнинг мамлакатда қолиб ишлашлари учун нормал шароит, меҳнатга яраша муносиб ҳақ тўлашни таъминлаш керак. Умумий ёндашганда ҳеч бир аёл ёки эркак мажбур бўлмаса, ўз иссиқ гўшасини ташлаб, хорижий юртларда саргардон бўлиб юришни ихтиёр қилмайди.

Фора Назаров: Эркаклар ўз вазифасини билиши керак. Ҳозирги эркаклар на аёлини, қизини, опа-сингилларини қизғонишни билмайди... шу сабаб бечора аеллар кучада...

Hilola Abdumuminova: Ёлғиз ўзи фарзанд(лар)ини боқиб вояга етказаётган аёллар жамиятимизда жудаям кўп. Эҳтимол, давлат уларга ёрдам бериш ҳақида ўйлаб кўриш маъқул бўларди ва шу билан бирга ўйлаганларини амалга ошириши ҳам ўринли бўлади, деб ўйлайман. Бўлмаса, бу каби чеклов чораси ҳам ёрдам бермайди.

Nigora Mirahmedova: Аёл, айниқса, она болаларини мажбур бўлмаса, ташлаб чет элга ишлашга кетармиди?

Zulfiya RuziMukhammad: Қайсидир йили Россия телеканалида Максим Галкинни ўйинида иштирокчиларга савол берилди: "Дунёда энг бой энг бой шаҳар ҳамма нарсаси бор, лекин халқи, одамлари жуда қашшоқ", деб сўради. Ҳалиги иштирокчи кўп давларни айтди, лекин саволга жавоб топа олмади. Шунга Максим айтди: "Бу Ўзбекистон. Ҳамма нарсаси ўзида бор, лекин одамлари жуда қашшоқ яшайди", деб.

Ядгар Ходжаниязов: Хотин-қизларни ҳак-ҳуқуқини чеклаш деган гап уларни озодлигига чек қўйиш билан баравар. Бундай дунёқараш эски даврга судрайди. Бутун дунёда олдинга интилишса, энди биз орқага тисарилишимиз қолувди.

Gulbaxor Erkulova: Аёлларни ишлашини гапирмай қўя қолайлик. Бир яхши ишлаб юришибди, ким нима ниятда тўғри юриб ишлаб юрган аёллар етарли.

Sanjar Fazliddinovich: Фақат бир томонлама ўйланган қарор. Ҳозир кимдир чет элга чиқса, ҳижобда бўлса, қоқоли бўлса, дарров террористга чиқаришади, нафас олган одам гумон остида.

Неизвестный Вирусы Сети: Бу муаммоларни давлатга ҳеч қандай дахли йўқ. Агар узб... қонуни билан иш кўрилса, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради. Бизда баъзи одамлар айниган. Улар президентимизни алдаб, ёлғон, сохта ҳисобот беряпти.

Zahra Akbar Malik: Ўзбек аёлини эри боқа олмаса, чет элга чиқишга мажбур. Ҳамма ҳам яхши ҳаёт кечиришни хоҳлайди...

Ishniyazova Narges: Қайси аёлга ёқмайди уйида ётиб, болалари билан яшаш... Пул бўлмаса... Нима қилади, мажбур кетишга. Давлат аёлларни кетишини чеклаш ўрнига пул берадиган иш билан таъминласин.

Emiko Shapiama Hotin: Қизларнинг чет давлатга боришга ҳаёт мажбур қилмаганида улар ҳеч қачон бу фикрни хаёлларига ҳам келтиришмаган бўларди, деб ўйлайман. Чунки, болаларини ўқитиш учун маблағ керак-да. Бу маблағ осмондан тушмайди-да...

Nelli Furtado: Ҳеч қайси она бир кунгамас, бир дақиқага фарзандидан узоқда бўлишни хоҳламайди. Эскиларни бир гапи бор, аёл кишининг макрини 40 туя кўтаради, дейишади. Лекин оналарни, аёлларни дардларини кўтариш учун, ажабо, бир нечта туя керак бўлар экан. Ўша туяларингизнинг бели синиб қолмасин, бизнинг дардимизни ташиб. Онани дардини фақат Оллоҳим, кейин бошқа бир она тушунади. Боши оғриганни танаси бошқа (янги қонун борасида)

Temirbek Temir: Ҳамма нарса пулга тақалган

Отабек Очилов: Эҳ, шу гапларни қани тушунадиган, тинглайдиган, қўллаб-қувватлайдиган бир инсон чиқса эди. Ўзи берадигани 200, 300 минг, униям 6 ой судраб юрадию, ўлмасин деб ярмини бериб қўяди, а, бунақа бўлгандан сўнг, нима қилсин, бечора халқ. Буларни ҳеч ким тушунмайди, тепадагилар кўпда ўйлашмайди ҳам "ноинсофлар"

Emiko Shapiama: Қорни тўқ одамни қорни оч билан иши ҳам йўқ.

BBCUZBEK Одноклассники гуруҳидан:

УМАХЕР ФОРМУЛА-2: Одамни ўзига боғлиқ ишлаб пул топиб, оиласини бокиш,шарт эмас четга бориб ишлаш,айол кишига четда кандай иш булиши мумкин

SULTON BEGIM: Ўзбек аёлларини четга чиқишига ишсизлик ёки бир қоп унга етмайдиган ойлик эмас, орзу ҳар қайси қаноатдан устун туриши мажбур килади

С Т Р Е Л E Ц: Аёл кишини каррера қилиши, жамиятда бирор мавқийга эга бўлишини ёмон томони йўқ, лекин чет давлатларга бориб, ёлланма ишчи мақомида ишлаши бизни менталитетимизга тўғри келмайди, биз аёл кишини уйда энг аввало бека ва она сифатида кўриб одатланганмиз.

Profil zakrit: Ўқиган аёлларни айтяпсиз. Ўқимаган, ёлғиз, чорасиз қолган аёллар-чи? Чет элга ҳамма ҳам орзу ҳавас, кийинишу юриш учун чиқмайди. Ҳалол ишлаб, келажагини қуриш учун.

алю мин: .... ишсизлик проблемасини ҳал қилиш керак... Класс! 2

С Т Р Е Л E Ц: Ёлгиз, чорасиз қолган аёллар фақат бир ҳолатда: қонуний, ҳуқуқи кафолатланган бўлса, четга бориб ишлашлари мумкиндир балки, лекин ҳар қандай ҳолатдаям бизни менталитетимиз ёлғиз аёлни четга чиқиб ишлашини ижобий қабул қила олмайди, менимча. Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг чорасини топса бўлади, аввал ўз ҳудудида чора излаб кўриш керак.

Ravshan Aslamov: Албатта бунга чек қўйиш керак

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio