Россия-Ўзбекистон: Муносабатлар совуқми ё илиқ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президентлар

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги вебсаҳифаси маълумотларига кўра, яқинда Тошкентга борган Россия вакили билан президент Ислом Каримовнинг Москвага бўлажак сафарига доир масалалар кўриб чиқилган.

Каримов Россияга қачон сафар қилиши ҳақида ҳали маълумот берилгани йўқ.

Аммо ўтган июл ойида Уфада икки президент учрашуви вақти сафар 2015 йил мобайнида бўлиб ўтиши ҳақида сўз юритилгани айтилади.

Йил охирига қадар эса кўп вақт қолгани йўқ. Бошқа томондан икки томон ўртасидаги бир совуқ, бир илиқ муносабатлар назарда тутилса, умуман бу сафардан нима кутиш мумкин?

Марказий Осиё масалалари бўйича сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу каби сафар анаъанавий, МДҲ га аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий саммити доирасида бўлиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи sayasat
Image caption "Путин билан учрашувдан Каримов бош олиб қоча олмайди..."

Аркадий Дубнов: Бу каби саммит охирги йилларда декабр ойида Москвада ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам 21 декабрда Оврососиё иқтисодий иттифоқи саммити ва кетидан МДҲ саммити бўлиб ўтади ва ўйлайманки, жаноб Каримовнинг расмий сафари ҳам ана шу доирада ташкиллаштирилган бўлади. Ҳудди шундай йўлда октябр ойида Қозоғистондаги саммит ҳам ўтказилганди.

Би-би-си: Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бир совуқлашиб, бир илиқлашиб бориши билан характерли. Ҳозирги босқичда уларни сиз қандай таърифлаган бўлардингиз?

Аркадий Дубнов: Икки томон ўртасидаги муносабатларни таърифлашга келганда Москва ва Тошкентнинг турфа масала ва алоқаларда бир қадар узоқдан туриб ёндошувлари кўзга ташланади, деб айтган бўлардим. Бу манзарада Москва албатта ўз таъсирини кўпроқ ўтказа олиши учун яқинроқ муносабатлар тарафдоридир. Лекин Ўзбекистон аксинча, ўзини Кремлдан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қилиб келади. Айниқса, бу ҳолат охирги вақтлар Туркия ва Россия ўртасида муносабатлар ёмонлашгани манзарасида тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Би-би-си: Демак агар бир томон яқинлашишни истаса, бошқа томон истамаса, бу ўринда Ўзбекистон кўпроқ ўз мақсадига етишаётган эканда?

Аркадий Дубнов: Шуни тушуниш керакки, Ўзбекистоннинг сиёсатида бу борада ҳеч бир янги нарса йўқ. Ўзбекистон ўзининг МДҲ таркибидаги ўрнини муҳим кўриш билан бирга, МДҲ доирасидаги интеграцион жараёнларда иштирок этиш истаги йўқлигини ҳамиша айтиб келган. Овросиё Иттифоқига киришдан бош тортган, Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан икки маротаба чиққан, Россия билан ва нафақат Россия билан, алоҳида икки томонлама муносабатларни қуришга ҳаракат қилиб келади. Бошқа хориж давлатлари, шунингдек Шанхай Ташкилоти доирасида ҳам Ўзбекистон сиёсатининг йўналиши, таъбир жоиз бўлса, серқиррадир. Бунга охирги мисол Ўзбекистоннинг Пекин томонидан таклиф қилинган эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этиш ғояси Тошкент томонидан рад этилганидир. Ҳозирги паллада Ўзбекистон Россия -Туркия муносабатларидан кўпроқ хавотирда деб ўйлайман.

Би-би-си: Лекин бу йилнинг ўзида Путин ва Каримовнинг, мана декабрни ҳам ҳисобга олсак, уч маротаба учрашуви бўлиб ўтади. Демак узоқлашув ҳаракатларига қарамай қандайдир ташқи омиллар уларни барибир яқиндан мулоқотда бўлишларига ундамоқда, деб айта оламизми?

Аркадий Дубнов: Сиз айтаётган Путин-Каримов учрашувларини бошқа ҳар қандай МДҲ давлати раҳбари мисолида ҳам айтишимиз мумкин. Улар турли ташкилотлар саммити доирасида учрашмоқдалар. Бу каби учрашувлардан Каримов бош олиб қоча олмайди. Агар бош тортса, бу демарш сифатида талқин қилинади. Эҳтиёткор сиёсатчи сифатида жаноб Каримов бу каби қадамга камдан-кам боради. Хуллас, бу учрашувлар оддий расмиятчилик доирасида бўлиб ўтаётган мулоқотлар. Бу учрашувларни ташқи омил туфайли улар бир-бирлари билан учрашишга мажбур бўлмоқдалар, деб талқин қилиш керак эмас деб ўйлайман.

Би-би-си: Кеча Швед маҳкамаси Россия томонидан экстрадиция қилинган Ўзбекистон фуқаросини таниқли имом суиқасдида айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Юрий Жуковскийнинг экстрадицияси икки томон ўртасида бирон даражада муҳокама қилинган, деб ўйлайсизми?

Аркадий Дубнов: Ўйлайманки, Ўзбекистондаги юқори раҳбар доираларга алоқаси бўлмаган бирор шахснинг экстрадицияси масаласини президентлар муҳокама қилиб ўтирмайдилар. МДҲ давлатлари раҳбарлари инсон ҳуқуқларига у қадар эътибор бермайдилар ва алоҳида шахсларнинг тақдири каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтирмайдилар.

Би-би-си: Лекин тергов даврида Юрий Жуковскийнинг Ўзбекистондан буйруқ олган бўлиши мумкинли борасида тахминлар ўртага чиққанди. Шу ҳолатда ҳам Ўзбекистон томони ҳеч қандай хавотирга эга бўлмаган , деб ўйлайсизми?

Аркадий Дубнов: Мен бу ишнинг тафсилотларини билмайман, лекин президентларимизнинг ўзаро мулоқотларни яқиндан кузатиш тажрибам асосида шуни айта оламанки, яъни собиқ Шўро давлатлари раҳбарларини назарда тутмоқдаман, демак менинг хулосам шундайки, бу каби масалалар икки раҳбар ўртасидаги шасхий учрашувларда муҳокама қилинмайди. Лекин раҳбарларнинг ишораси, сўзи билан пастроқ даражадаги мулоқотларда кўриб чиқилади. Бу каби масалалар хавфсизлик хизматлари ўртасидаги мулоқотларда биринчи раҳбардан тушган ишора асосида муҳокама қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ