Тошкентни энди камералар кузатади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тошкентдаги ҳар бир қадамингиз энди камерага тушиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар, маҳалла ва мавзеларда видео-кузатув мосламалари ўрнатилишини расмийлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадлари билан изоҳлашмоқда.

Кўпчилик айни саъй-ҳаракатни олқишлаб кутиб олган.

Айрим ўзбекистонликлар эса камера баҳона милиция, порахўрлик, чироқсиз ҳамда ўнқир-чўнқир кўчалар масаласини ҳам кўтарганлар.

Бироқ баъзилар бунчалик кўп кузатув камерасини сотиб олиш, ўрнатиш ва таъмирлаш харажатлари солиқ тўловчилар зиммасига тушишидан норозилик ҳам билдиришмоқда.

"Амалдорлар хонасида ҳам ўрнатишсин"

"Менимча, бу қонунларга риоя қиладиган одамлар учун жуда фойдали" - ёзади Ильсияр Назарова - "Агар қонунларни бузмасангиз, камералар муаммо эмас!"

Тошкентда кўплаб гаражлар бузилгани учун кўплаб одамлар ўз автомашиналарини ҳозир ташқарида қўйишга мажбурлар. Шу боис айримлар кузатув камераларидан хурсанд.

"Ҳар ҳолда, машиналарни ўғри урмайдиган, ғилдираклари ўғирлаб кетилмайдиган бўлади" - ёзади Мурат Курбаниязов.

Данияр Усманов исмли ўқувчи эса кузатув камераларини кўчалардан баъзи идораларга ҳам олиб киришни тавсия этади.

"Ундай бўлса, амалдорларнинг хоналарига, автосалонларга ҳам ўрнатишсин" - ёзади ўқувчимиз - "Порахўрлик камаярмикан..."

Чироқсиз кўчада камера ишлайдими?

Баъзи ўзбекистонликлар эса кузатув камералари кеча-кундуз иш беришига ишонишмайди.

"Кўча ёритгичлари бўлмаса, камералардан нима фойда?" - савол қўяди Асат Ҳисамитдинов - "Аввало, ишни ўча ва уйларга кириш йўлакчаларини ёритишдан бошлаганимиз маъқул!"

Image caption Кўпчиликка кўра, кузатув камералари - жиноятчиликка қарши яхши восита.

Асатнинг фикрини маъқуллаган Мари Мериш тахаллусли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса эътиборини қонун посбонлари масаласига қаратади.

"Бизда бунақа милиция бор экан, камералар ҳам ёрдам бермайди" - дейди Мари Мериш - "Менимча, милицияни алмаштириш керак".

Чингиз Садыховнинг умид билдиришича, ўрнатилажак камералар йўллардаги ўнқир-чўнқирлар одамларга қандай ноқулайлик туғдираётганини ҳам намоён этиб қўйиши мумкин.

"Барча хизмат ҳақини аҳоли тўлаши керак экан, ана бўлмаса..." - деб камералар сарф-харажатини эслатади Абдумалик Рафикович Кадыров.

Валютафурушлар кўчасида-чи?

"Йирик бозорлардан бошлаш керакмиди" - фикр ташлайди Дилярочка Фазлитдинова - "Камерасиз ҳам валютафурушларни бемалол аниқлаш мумкин, милиция эса уларнинг қўриқлаяпти".

"Олдинига камерасиз ҳам шундоққина кўзга ташланаётган ишлардан бошлаш мақулмасмиди?" - яна савол қўяди бу ўзбекистонлик.

Айримлар эса Ўзбекистондаги бошқа йирик лойиҳалар (шаҳарларни таъмирлаш, арча экиш ва ҳоказо) каби бу сафар ҳам баъзилар бойиб қолиши мумкинлигини қистириб ўтадилар.

"Муҳими, кимдир яхшигина пул ишлаб олади" - дейди Икром Абдулла - "Халқ эса ҳар доимгидек пул тўлашга кўндирилади..."

Лекин ҳокимият ташаббусини қонуний нуқтаи назардан савол остига олганлар ҳам бор.

"Бир нарсаларни ўрнатиш учун ҳокимнинг одамларни пул тўлашга ундашга ҳаққи борми?" - савол қўяди Станислав Курчатов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ