ЮНЕСКО Аҳмад Яссавийни хотирламоқчи

Бирлашган Миллатлар Маданият жамғармасининг расман билдиришича, келаси йил буюк турк сўфий алломаси ва улуғ мутасаввуф шоири ўлимининг 850 йиллик муносабатига бағишланган тадбирларга ҳам бағишланади.

Аҳмад Яссавий билан бир қаторда, уни “турк адабиёти контексти”га киритган туркиялик давлат арбоби, таниқли филолог олим, тарихчи, публицист ва ҳозирда марҳум Меҳмет Фуат Кёпрюлюзода ҳам хотирланади.

Хабарларга кўра, бундай таклиф билан ЮНЕСКОнинг Туркия Миллий Ҳайъати чиққан ва улар тақдим этган режа қабул қилинган.

Айрим турк нашрларининг ҳайъат раҳбари Ўжал Ўғуздан иқтибос келтиришларича, “Меҳмет Фуат Кёпрюлюзода ўзининг “Турк адабиётидаги биринчи сўфийлар” китоби билан Аҳмад Яссавийни “турк адабиёти контексти”га киритган инсондир.

Ҳайъатнинг таклифига мувофиқ, хотирлаш маросимлари бутун дунё бўйлаб ўтказилади.

Айрим тадбирлар ЮНЕКСОнинг Бош қароргоҳи жойлашган Франция пойтахти Париж, бошқалари эса, Аҳмад Яссавий таваллуд топган Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Россиянинг қатор республикаларида бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда.

Маълум бўлишича, ЮНЕСКО Аҳмад Яссавийнинг хотирасига бағишлаб, махсус логотип ҳам ишлаб чиқади.

Аҳмад Яссавий XII асрда Марказий Осиё ҳудудларида пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқат – “Яссавия”нинг асосчиси саналади.

Аҳмад Яссавий ўзининг тариқатини устози, буюк сўфий алломаси Юсуф Ҳамадоний таълимоти асосида шакллантиради.

Сўфий оламида эса, Аҳмад Яссавий авлиё даражасида ҳурмат топади.

Тарихий манбаларда айтилишича, Аҳмад Яссавий 1041 йилда Сайрамда Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган.

Ота-онасидан эрта ажралган алломани бобоси Арслонбоб тарбиялаб, вояга етказади.

Айрим ривоятларга кўра, Аҳмад Яссавий 63 ёшда экан, еростида махсус ҳужра ясатиб, “чилла”га киради.

Қолган умрини ўша ерда тоат-ибодат, ижодда банд ва риёзат чекиб ўтказади.

Буюк сўфий алломасининг “Яссавия” таълимоти асослари, тариқат йўлига кирган инсоннинг руҳий камолоти ва илоҳий ишқ кечинмалари ўз ифодасини топган ижод намуналари, кейинчалик, “Девони Ҳикмат” ёки “Ҳикмат”лар китобига жаъм бўлади.

Унинг туркийчада ёзилган шеърлари тилининг оддийлиги, аммо ифодасининг ёрқинлиги ва пўрмаънолиги билан ажралиб туради.

Аҳмад Яссавийнинг неча ёшда бу дунёдан рихлат қилганига оид аниқ маълумотлар йўқ.

Турли манбаларда буюк сўфий алломаси 125, бошқасида эса, 133 ёшида ҳаётдан кўз юмгани айтилади.

Айрим қадимий қўлёзмаларда “Яссавия” тариқати асосчисининг ҳижрий 562(1166-67) йилда қазо этгани ҳақида ёзилади.

Аҳмад Яссавий дунё маданияти тарихида илк туркийзабон мутасаввуф шоири сифатида маълум ва алломага Ҳазрати Ҳожа Аҳмад Яссавий, дея нисбат берилган.

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳам Аҳмад Яссавийга алоҳида эҳтиром бажо келтириб, уни “Туркистон мулкининг улуғ Шайх-ул-машойихи”, деб атаган.

Унинг ижодини яқиндан ўрганган ўзбекистонлик айрим адабиётшунос олимларга кўра, Аҳмад Яссавий туркий халқларни Исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан фойдаланган.

Аммо, минтақадаги олимлар ўзларининг афсус билан эътироф этишларича, Қозоғистон ҳудудида дунёга келиб, тупроққа қўйилганига қарамай, собиқ Шўролар Иттифоқи даврида буюк аллома ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш деярли имконсиз бўлган.

Марказий Осиё давлатлари ўз мустақилликларини эълон қилишлари ортидан, Аҳмад Яссавий шахси ва меросига бўлган муносабат ҳам жиддий ўзгаришларга юз тутган.

Маҳаллий нашрларда Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат”ларидан намуналар чоп этила бошлаган.

Ўзбекистонда “Ҳикматлар” алоҳида китоб ҳолида ҳам қайта-қайта нашр қилинган.

Минтақа давлатларида улуғ мутасаввуф шоирининг ҳаёти ва ижодини илмий асосда ўрганиш бошланган.

У асос солган “Яссавия” тариқатига бағишлаб турли мақолалар ҳам чоп этилган.

Орада кечган вақт давомида Аҳмад Яссавийга бағишлаб, турли миқёсда илмий анжуманлар ҳам ўтказилган.

Буюк сўфий алломаси таваллуд топган Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида эса, унинг номидаги университетга ҳам асос солинган.

Қуйида буюк сўфий алломаси ижодидан айрим намуналар билан танишинг:

ОШИҚ ҚИЛГИЛ

Ишқ дардини талаб қилдим дармони йўқ,

Ишқ йўлида жон берганни армони йўқ,

Бу йўлларда жон бермасанг имкони йўқ,

Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Қайдин топай ишқинг тушди қарорим йўқ,

Ишқ садосин туну куну қўёрим йўқ,

Даргоҳингдан ўзга ерга борорим йўқ,

Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Ишқ бозори улуғ бозор, савдо ҳаром,

Ошиқларга сендин ўзга ғавғо ҳаром,

Ишқ йўлиға кирганларга дунё ҳаром,

Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Ошиқликни даво қилиб юролмадим,

Нафсдин кечиб Ҳақ амрини билолмадим,

Нодонликда Ҳақ амрини билолмадим,

Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ