Oxus Goldнинг Ўзбекистонга қарши даъволари қондирилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Британиянинг Oxus Gold маъдан ширкат молия бозорларидаги ўз ҳиссалари савдоcини тўхтатишга мажбур бўлган.

Бунга Ўзбекистон ҳукуматга қарши маҳкама ишида ширкатнинг ютқизгани сабаб бўлган.

Бугунда ширкат келажаги савол остида қолган ва ҳиссалари нархи кескин тушиб кетиши мумкин.

Oxus Gold 2013 йилнинг августида Париждаги халқаро арбитражга мурожаат қилганди.

"Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонаси номи остида иш юритган ширкат Ўзбекистон ҳукуматини ўз сармояларини ноқонуний равишда олиб қўйганликда айблаганди.

Бундан ташқари Oxus Gold Ўзбек ҳукумати ширкат ва унинг ҳомийлиги остида фаолият юритган корхоналарга адолатсиз муносабат қилгани ва уларни ҳимоя қилмаганини ҳам даъво қилган. Яъни, бу билан ҳукумат хорижий сармоядорлар олдидаги мажбуриятларини бажармагани айтилган.

Oxus Gold ўзига етказилган зарарлари учун 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тавон пулига кўз тикканди.

Сўнгги баёнотида билдирилишича, Париждаги халқаро арбитраж ширкатнинг аксар даъволарни қондирмаган.

Маҳкама фақат сармоя ётқизишга оид иккитомонлама шартноманинг "холис ва адолатли муносабат"га оид қоидаси бузилган, деб топган ва Ўзбекистон ширкатга 10 миллион доллар тўлаши борасида қарор чиқарган.

Ширкат айнан шу ўзи ҳисобига чиқарилган ижобий қарор эканини айтади.

Умумий олганда, Oxus Gold маҳкама чиқарган ҳукмдан хафсаласи пир бўлганини билдиради ва ширкат ҳимоячилари ҳиссадорлар манфаатлари муҳофазаси йўлидаги фаолиятини давом этишини ҳам таъкидлайди.

Ҳозирги босқичда Oxus Gold ўз бизнесини давом эттирадими йўқлиги қоронғу қолмоқда.

Баёнотда, шунингдек, собиқ ходимларидан бири Ўзбекистондаги қамоқда экани ҳам тилга олинган.

"Амантайтау Голдфилдс"нинг собиқ бош геологи жаноб Саид Ашуров қамоқда қолмоқда", дейилади баёнотда.

Саид Ашуров Ўзбекистонда жосусликда айбланиб, 2011 йил августида 12 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ширкат буни "адолатсиз ва номақбул" чиқарилган ҳукм сифатида таърифлайди.

Ашуровнинг иши Париждаги халқаро арбитражга қўйилмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ