Чингиз Аҳмаровни "реставрация" қилмоқчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asiaterra.info

Тошкент метроси раҳбариятининг Навоий метросидаги Чингиз Аҳмаров асарлари рангини янгилаш қарори Интернет оламида кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.

Тошкентлик таниқли журналист Алексей Волосевичнинг Asiaterra.info веб-сайти хабар қилишича, Ўзбекистон Халқ рассоми Чингиз Аҳмаров ижодига мансуб 8 паннодан учтаси аллақачон "ваҳшийларча" реставрацияга учраган, тўрттасининг ярмига бўёқ суртилган, биттасига эса ҳали навбат келмаган.

Ҳазрат Навоийнинг "Хамса"си достонлари асосида ишланган паннолар мовий сополдан ишланган.

Афтидан, Навоий метро бекатининг мармар деворлари ва панноларнинг ранги унниқиб қолди, деган фикрга келган Тошкент метрополитени амалдорлари улкан панноларни оддий қурилиш мойбўёғи билан "янгилаш мумкин" деган қарорга келганлар ва бу амалнинг жиноятга тенг эканини тушунмайдилар ҳам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asiaterra.info

Ўтган йили distractify.com Интернет нашри Тошкентдаги Алишер Навоий метро бекатини дунёнинг энг чиройли метро бекатларидан бири деб эълон қилган эди.

Навоий бекати Тошкент метросининг иккинчи йўналишида жойлашган бўлиб, "Пахтакор" бекатига уланган.

"Навоий" бекати 1984 йили фойдаланишга топширилган.

Бу бекатда Чингиз Аҳмаровнинг "Ҳамса" мавзусидаги панноларидан ташқари қадимий ўзбек меъморчилигининг гириҳ ва ислимий нақшларидан фойдаланилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи travelagewest.com
Image caption Навоий бекати дунёдаги энг чиройли метро бекатларидан бири деб тан олинган.

Бетакрор ганчкорлик намуналарини ўзида мужассам этган.

Бекат шипи гумбаз шаклида ишланган бўлиб, гўзал қандиллар осилган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги амалдорларнинг тарихий биноларга, меъморчилик обидаларига ва санъат асарларига беписанд, "ёввойиларча" муносабати биринчи марта учрамаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Бундан олдин жоҳилларча бузиб ташланган ҳайкалтарошлик ёки рассомлик асарларини Шўро мафкурасига хизмат қилгани учун Ўзбек тўралари вайрон этишга қарор қилганлар, дея тушуниш мумкин.

Аммо Ўзбек рассомчилиги мумтоз вакилининг мумтоз адабий асар мавзусида яратган асарларини оддий қурилиш мойбўёғи билан рангини янгилаш ҳаракатини қандай таърифлаш мумкин?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio