Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов билан суҳбатни тингланг

Ўзбекистонда кучга кирган янги қарорга мувофиқ, бундан буён фуқаролар давлат идораларининг очиқ мажлисларида шахсан иштирок этишлари ва амалдорларга савол беришлари мумкин бўлади.

Ўтган йилнинг 22 декабрида тасдиқланган низомга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқ ҳайъат мажлислари ва уларнинг кун тартиби ҳақида жамоатчиликка уч кун олдин хабар бериши шарт.

Давлат идорасига олдиндан мурожаат қилган ва шахси ҳақидаги маълумотларни тақдим этган фуқаро мажлисда савол беришга ҳақли, аммо расм ва видеога олиши ҳамда мажлис пайтида овозни ёзиб олиши тақиқланади.

Расмийларга кўра, бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмидир.

Ўзбекистонда фуқаролар ўз аризаларининг қонунга мувофиқ тартибда кўриб чиқилмаслиги ва амалдорлардан ҳисоб сўралмаслигидан шикоят қилиб келишади.

2014 йилда юзлаб фуқароларнинг аризаларини Бош вазир Шавкат Мирзиёевга шахсан етказишга ҳаракат қилган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг Би-би-сига айтишича, янги қарор амалдаги вазиятни ўзгартиради, деб ишонишга асос йўқ.

"Буларнинг ҳаммаси қоғозда ва халқаро институтларга кўз-кўз қилиш учун қилинмоқда", - дейди ҳуқуқ фаоли.

Унинг айтишича, шикоятлар қонунга биноан кўрилмайди ва мансабдор шахслар жазосиз қолаверади.

"Оддий қабулга киролмаган одам ҳайъат мажлисига киради, деб ўйлаяпсизми?. Бу хомҳаёл, бу туш" - дея савол қўяди Шуҳрат Рустамов.

2014 йилда ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов ва Жаҳонгир Шосалимовлар Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг қабулига ёзилишган, аммо кира олишмаганди.

Улар Бош вазирга шахсан тақдим этмоқчи бўлган 800 дан ортиқ фуқароларнинг шикоят ва аризалари кўриб чиқиш учун жойларга юборилган, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган.

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов билан суҳбатни тингланг.