Британияда ўзбекнинг ўлими тергов қилинмоқда

Британиянинг Рединг шаҳрида ўзбекистонлик шахснинг ўлиги топилиши ортидан полиция қотиллик терговини очган.

Навоий вилоятидан бўлган 36 ёшли Бобур Эсонов 27 декабрь тонгида Редингда яшаётган уйида ўлик ҳолда топилган.

Унинг ўлими аввалига сабабсиз дея кўрилганди, аммо суд тиббий экспертизаси хулосаси ортидан қотиллик тергови очилди.

Полициянинг айтишича, ўлим сабабларини аниқлаш учун яна текширувлар ўтказилиши мўлжалланган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Бобур Эсонов билан бир уйда яшаган 24 ёшли ўзбекистонлик киши ҳозирда полиция томонидан қидирилмоқда.

Бобур Эсонов Рединг шаҳридаги кафелардан бирида ишлаб келган.

Баъзи маълумотларга кўра, у Ўзбекистон ҳукуматининг "Умид" жамғармаси орқали Британиянинг Рединг Университетида молия ва банк мутахассислиги бўйича таълим олган.

Ўзбекистонда унинг рафиқаси ва бир қизчаси қолган. Ота-онаси бир неча йил аввал вафот этганлар.

Манбанинг маълум қилишича, Эсоновнинг ўлими ортидан полиция Редингда яшаб келаётган ўнлаб ўзбекистонликларни қўлга олган.

Уларнинг бир гуруҳи визалари муддати ўтиб кетгани туфайли Ўзбекистонга чоршанба куни депортация қилинишлари кутилаяпти.

Полиция маҳаллий аҳоли орасида Боб дея танилган Бобур Эсоновнинг Ўзбекистондаги оиласи унга нима бўлганини билишни жуда истаётгани айтди, ҳамда ҳар қандай маълумотга эга бўлган кишиларнинг полицияга мурожаат қилишларини сўради.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ўлим "якка ҳодиса" эканини айтиб, маҳаллий аҳолини безовта бўлмасликка чақирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio