Нега Ўзбекистон абгор давлатларга қиёсланади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги иқтисодий ва ёки сиёсий вазият сал танқид қилинадиган бўлса, аксарият Сурия, Афғонистон ва Ироқ давлатларидаги урушни рўкач қилади.

Ҳукумат назорати остида бўлган Ўзбекистон матбуотида эса "тинчлигу шукроналик" деярли ҳар бир мақола ва ҳар бир лавҳада зикр этилади.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан дунёнинг энг абгор мамлакатлари саналган Ироқ, Сурия ва Афғонистон эслатилар экан, ҳеч қачон қўшни Қозоғистондаги фаровонлик, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг секинликда бўлса ҳам ўтказилаётгани, матбуоти ҳам Ўзбекистонга нисбатан бир неча марта озодроқ экани айтилмайди.

Ўзбекистон уруш ичидаги мамлакатлар билан қиёсланар экан, тинч ва фаровон Ғарб ёки ҳатто Болтиқбўйи давлатлари эслатилмайди.

Кузатувчиларга кўра, ҳукуматнинг ўзи айнан шундай уруш ичидаги давлатлар билан Ўзбекистонни қиёслаш ва шукр қилиш ғоясини дастаклайди.

Сизнингча, нима учун айнан Сурия, Ироқ ва Афғонистон билан қиёсланиши керак Ўзбекистон? Бу каби абгор давлатларга қиёсланишдан ким кўпроқ манфаатдор?

Қозоғистон ва ёки дунёнинг бошқа илғор мамлакатларига қиёслаш мумкин эмасми?

Каримов айтмиш, "биз ҳеч кимдан кам эмас" деган шиорга нима учун айнан шу нуқтада амал қилинмайди?

BBCUZBEK ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали қўйган ушбу саволлар турли қарама-қарши фикрларни уйғотган.

(Фикрлар айримлари қисқартириб, имло хатолари таҳрир қилинган ҳолда берилмоқда. Ҳақоратли изоҳлар олиб ташланган. Баъзи фикр-мулоҳазалар таҳрирсиз берилмоқда.)

Facebook

Facebook фойдаланувчиларидан бири Макс Икс: "Хуллас бу ҳаммаси бир нохолислик. Шахспарастлик қонимизда бор экан юраверамиз шундай! Ҳали ҳаммаси олдинда!"

FK Uz: "... Юртимиз обод. Ана қўшни давлатларга қаранглар, ҳақиқий абгорлик кўринади. Ким Ўзбекистонни абгор деса, Тошкентга келсин. Тошкентни пойтахт-да, деса, Самарқандга борсин, Андижонга борсин, Фарғона, Бухоро ҳаммаси бир-биридан чиройли. Ҳее, Ўзбекистонни абгор деганлар ҳаммаси ватангадолар. СССР давридан бери мустақил Ўзбекистонни кўрмаганлар ҳам абгор деб ўйлашади.

Абгор давлатда машина чиқарилмайди. Абгор давлатда 20 километр тоғни тешиб, поезд йўли қурилмайди... Абгор давлатда чет эл олий ўқув юртлари кўпаймайди... Санасак, минглаб фахрланса арзигулик тарафимиз бор. Нега шунча ютуқларни, катта-катта ўзгаришларни кўришмайди, а?"

Umid Jalilov эса: "BBCUzbek Сиз Ўзбекистонни қайси давлатга ўхшатишни хоҳлайсиз? Ҳамманинг севимли АҚШигами? О! Ахир бу ерда энди давлат пайдо бўла бошлаганда, Ўзбекистонда 6000 йил аввал давлат пайдо бўлган эди. АҚШда сўз эркинлиги, демократия бор, дейсиз, бизда ҳам бор. Лекин, ўзимиздан юқори турган одамларга нисбатан ҳурмат билан муомила қиламиз. Кўзига тик қараб гапириш у ёқда турсин, ҳатто товушимизни баландлатиб гапирмаймиз, чунки бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. АҚШда ҳар 3 оиладан бирида ажралиш юз бермоқда... Россияга келадиган бўлсак, аҳолининг деярли 70% ичкиликбозлик билан муаммоси бор... Англияда ҳамма "аристократ"... буйруқбозлик ва буюрократия... Франция... Неча йиллардан бери иккиюзламачилик билан сиёсатини олиб боради, буни тарих унутган эмас. Яна қайси давлатга тенглаштиримни хоҳлайсиз? Ўзбекистонда коррупция? Бу касофат ҳар бир давлатда бор!.."

Одноклассники

Одноклассникида - I - деган ном билан маълум фойдаланувчилардан бири: "Албатта биз ўзбеклар мусулмонмиз.... Ислом дини вакилларимиз... Шукроналик эса, Исломда улуғланади, ҳадеб нолиб йиғлаш эса, охиратда хор бўлишга олиб келади... Ўзбекистондек гўзал, обод, ҳур диёр ер шарининг яна қаерида бор?"

С Т Р Е Л E Ц эса: "Бу ечими йўқ муаммо, ҳақиқатдан ҳам, нима сабабдан хҳкуматга қарши танкидий сўзлар айтилса, дарров танқидчини ватанфуруш, халқ душманига чиқаришади, камига Сурия, Ироқ, Афғонни кўряпсанми, нима бўляпти, деб оғзига урушади. Бунақаларга ҳукумат ва ватан тушунчаси бутунлай бошқа-бошқа тушунчалар. Тинчлик борасида эса, дунёнинг 200 дан ортиқ давлатлари қарийб 180 тасидан кўпроғида тинчлик фаровонлик, деб тушунтиришга уриниш умуман бефойда ёки тушунишни хоҳламайди. Бу нарса ҳукуматнинг махсус дастур ва воситалари орқали "онги бир томонлама шаклланган" сиёсий чаласавод авлодни яратиш тизими яхши ишлаётганидан далолат беради".

Tursinboy Qodirohunov: "Борига шукур қилайлик, қолганини яратгандан дуо қилайлик".

АШОТИК ТРУБАШАТАЛИН: "Ҳукуматни танқид қилсанг, газ,свет йўқлигини айтсанг, ватан хоинига чиқариб қўйишади. Ироққа қара, Сурияга қара деб қўйишади. Қозоғистонга қара, Туркманистонга қара, деб айтишмайди".

Doston: "Нима қилиш керак, кимларнингдир гапига кириб бош кўтариб, озод ватанимизни сенлар айтган Сурия, Ливия, Ироқ ёки Афғонистон қилиш керакми? Ҳамма нарса ўз вақти соати билан бўлади, ким туғилиб, бирдан юрган? Ҳеч ким".

Mister Nemo: "Ҳа деса, газ, светга осиласиз. Бизни маҳаллада раиснинг ҳатти-ҳаракати билан газ, светни пулини нол-нол қилиб тўлаб юрилади. Шунинг учун, газ хам, свет хам бор. Тўғри свет соатли учиб туради. Лекин, бу аварияни олдини олиш максадида килинади. Сизлар Россия, Қозоғистон ва Европа давлатларидан намуна олиш керак, деб тўполон қиласизлар. Хўп намуна келтираман: 13 ноябрь - Франциядаги терактлар. Октябрь бошида - Анкарадаги 100 дан ортиқ одамни хаётдан олиб кетган портлаш... Шуми дунёнинг бошқа давлатларидаги тинчлик. Булар мен билганларим холос. Тағин хам Афғонистон, Ироқ каби давлатлардаги терактларни атайин келтирмадим. Хўш, тинчлик масаласида қайси биридан ўрнак олишимиз керак?!"

С Т Р Е Л E Ц:"Энг катта муаммо ҳозирги вақтда ҳукумат раҳбарлигига Каримовдан бошқа муносиб номзод йўқлиги, бошқа бирор ёшроқ тажрибали раҳбар ҳукуматга келолмаслигига сунъий вазият яратилганлигида. Ҳеч кандай мухолиф партияларга йўл берилмаслиги, ҳукумат ишларини таҳлил қила олишга қодир кучли сиёсатчилар фаолиятига қатъий тақиқ қўйилиши шундай вазиятни яратди, яъни гўё халқни ўзи шуни танлади. Ўйлаб кўрсак, Ўзбекистонда бирор дастур билан ўзини кўрсата оладиган лидерлар йўқ бўлганидан кейин, аниқроғи йўл берилмаганидан кейин халқ бошқа яна кимни танласин, ҳеч ким билмайдиган Кетмоновними...?

...ҳукумат мухолиф ёки ўнгчи партияларга ҳам йўл бериши керак, аста-секин уларни орасидан муносибларини халқ ўзи танлаб олади.

Россиянинг яхши ва ёмон томонлари ҳам бор, лекин менга ёққан жиҳати тв.да сатирик гуруҳ ҳатто Путинни ҳам ҳажв қила олади, бизда эса, "Миллион" гуруҳи бир марта свет йўқлигини ҳажвия қилгани учун лицензиясидан маҳрум қилинди, яъни бор гапни ошкора айтгани учун жазоланди. Бундай ҳолатларга ўша "парвар"лар, халқни феодалистик муҳитдан чиқиб кетишини истамайдиганлар сабаб бўляпти. Топиб олган баҳонаси, ҳукуматда рақобатчилар пайдо бўлса ё ошкора танқид қилувчилар пайдо бўлса, мамлакат Сурия, Афғонистонга айланиб кетади, деган беъмани сафсата".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/1ZK9gpK ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1mZGnYE)

Skype - bbcuzbekradio