‘Туркия Ўзбекистон билан яна виза режимини тиклайди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳақда Туркия оммавий-ахборот воситалари хабар беришмоқда.

Жумладан, www.haberizmir.com интернет нашрининг хабарига кўра, виза тартиби шу йил июн ойидан кучга киради.

Аммо, айни ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Туркия виза режимини жорий этмоқчи бўлаётган 89 давлатдан биттаси бўлади.

Яъни жорий йилнинг ўртасидан бошлаб, Туркия билан қолган барча Марказий Осиё давлатлари, Россия, Гуржистон, Озарбайжон, Эрон,..ўртасида ҳам виза тартиби амал қилади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Россия аллақачон Туркия билан визасиз тартибни бекор қилиб бўлган.

Россия ҳукуматининг бу хусусдаги қарори жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган.

Бунга эса, Туркиянинг ўтган йил ноябр ойида Сурия билан ўзаро чегарасида Россия қирувчи учоғини уриб тушириб, бир учувчисини ҳалок этгани сабаб бўлганди.

Аммо Туркия томони шу пайтга қадар ўзларининг бундай йўл тутиш ниятида эмасликларини баён этиб келаётганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Туркиядан олинган сўнгги янгилик расмий Кремль ва Анқара ўртасидаги муносабатларга жиддий зиён етган бир манзарада ҳам кузатилмоқда.

Агар, турк оммавий-ахборот воситаларидаги чиқишларга таянилса, Туркия Оврўпо Иттифоқининг талаби остида бу каби қадамга борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яъни, жорий йилнинг кузига бориб, Туркия Оврўпо Иттифоқи давлатлари билан икки ўртада визасиз режимни қарор топтиришга эришмоқчи.

Аммо бунинг учун Туркия Оврўпо Иттифоқининг талабига ён босиши, иттифоқ билан бу каби битимга эга бўлмаган давлатларга нисбатан виза режими жорий этиши лозим бўлади.

Туркия раҳбарияти бунга анчайин ижобий муносабат билдирган, Оврўпо Иттифоқи билан муносабатларида янги давр бошланишига умид қилаётганликларини ошкора баён қилганди.

Ўтган йил октябр ойи ўрталарида Оврўпо Иттифоқи қочқинлар билан боғлиқ глобал бўҳронни бироз енгиллаштириш учун Туркия билан бу жараённи тезлаштириш борасида келишиб олгани хабар берилганди.

Ўшанда Оврўпо Ҳайъати раиси Жан-Клод Юнкер 2016 йилнинг куз ойларига бориб, Туркия билан визасиз тартибга ўтишлари мумкинлиги ҳақида сўз юритганди.

Туркия ҳукумати эса, бундан аввал катта сондаги сайёҳларни ўз мамлакатларига жалб этиш учун дунёнинг аксарият давлатлари билан виза тизимини бекор қилганди.

Уларнинг бу қарори аллақачон Туркия ичкариси ва ташқарисида ҳам акс-садо бериб улгурган.

Бундан, айниқса, Туркиядаги сайёҳлик тармоғи вакиллари ниҳоятда ташвишда.

Уларнинг айтишларича, бу қарор ортидан Оврўпо Иттифоқи давлатларига борувчи фуқароларининг сони ортса-да, ўз мамлакатларига келаётган хорижий сайёҳларнинг сони кескин камайиб кетади.

Туркия оммавий-ахборот воситаларидаги бу каби хабарларга минтақа давлатларидан олинаётган муносабатлар эса, турлича.

Агар, хабарларга таянилса, Туркиянинг ўзлари билан виза тизими 2007 йилда бекор қилинган Душанбедаги элчихонаси, ҳозирча, бу хабарларни шарҳлай олмаслигини билдирган.

Қирғизистондаги турк элчилиги эса, жорий пайтда қўлларида бунга оид бирор бир расмий баёнот ҳам, қарор ҳам йўқлигини билдирган.

Туркиянинг Озарбайжондаги элчихонаси вакиллари, Тошкентдаги консули ҳам худди шунга ўхшаш муносабат билдиришган.

Аммо бу борада ҳукумат даражасидаги расмий баёнотлар, ҳалича, на-да Туркия ва на-да виза режими жорий этилиши кутилаётган давлатлардан янграган.

Сўнгги бор Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги виза тизими 2006 йилда бекор қилинган.

Бу икки давлат ўртасида амалда бўлган визасиз режим шартларига мувофиқ, ўзбекистонликлар визасиз боришдан ташқари, Туркия ҳудудида бир ойгача қолишлари ҳам мумкин бўлади.

Туркия, йилларки, аксарият минтақа аҳолиси учун тижорат ва сайёҳлик маркази бўлиб келган.

Улардан кўпчилигининг тирикчилиги Туркиядан келтирилаётган турли хил товарлар савдоси орқасидан ўтади.

Устига устак, Туркия улар учун тил ва маданияти ўзларига жуда яқин бўлган дунёдаги саноқли давлатлардан бири саналади.

Худди шу манзарада Туркия оммавий-ахборот воситаларидаги бу каби хабарлар эса, аллақачон минтақа аҳолисининг хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Уларнинг айтишларича, агар, виза тартиби қайта кучга киргудек бўлса, бу – энг аввало минтақа тижоратига зарба беради, кейин сайёҳлик соҳаси ҳам яхшигина зиён кўради.

Туркия билан визасиз тизимнинг амал қилиши эса, уларни турк элчилигидан виза олиш учун ҳужжат тўлдириш ва кутиш каби ортиқча саргардонликдан қутқарган.

Агар, Туркия билан виза режими қайта кучга киргудек бўлса, бу жараённинг қандай шаклда кечиши, ҳозирча, маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ