Туркия виза киритишга шошилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Виза тартиби сайёҳлар оқимига салбий таъсир кўрсатади

Туркиянинг Ўзбекистон дохил 89 давлатга виза жорий қилиши ҳақидаги хабарлар ортидан турк расмийлари Анқара туризм соҳасига жиддий таъсир кўрсатадиган виза тартибини қайта тиклашга шошилмаслигини айтишган.

Бу ҳақда махсус баёнот билан чиққан Туркиянинг Бокудаги элчихонасига кўра, "матбуотда чиққан Туркиянинг Озарбайжон ватандошларига виза жорий қилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқий воқеъликни акс эттирмайди".

"Мамлакатимиз билан Озарбайжон орасида ҳозирда амал қилаётган виза билан боғлиқ тартибда бирон бир ўзгариш кутилаётгани йўқ. 2007 йилдан буён тадбиқ этилаётгани каби Озарбайжон ватандошлари мамлакатимизга 30 кунлик сайёҳлик ташрифлари чоғида визадан озод қилинишда давом этадилар" , дея элчихона баёнотидан иқтибос келтирган Туркиянинг "Cihan" агентлиги.

Туркиянинг Ўзбекистон ва бошқа туркий давлатлар дохил 89 ўлкага виза режимини тиклашга шошилмаслигини Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлаган.

Вазирлик матбуот котиби Танжу Билгичнинг сўзларига кўра, Анқаранинг виза сиёсати Туркия Оврўпо Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлмагунича ўзгармайди.

Туркия жорий йилнинг июнидан эътиборан 83 давлатга виза тартибини қайта тиклаши ҳақида аввалроқ Туркиянинг Сайёҳлик меҳмонхоналари ва сармоядорлар уюшмаси (TUROB) бир баёнот билан чиққан эди.

Уюшма бошлиғи Тимур Байиндир виза тартиби Туркиянинг туризм саноатига салбий таъсир кўрсатиши ва саёҳлар сони кескин тушиб кетиши ҳақида огоҳлантирган.

Бурса шаҳридаги анжуманда гапирган жаноб Байиндир Туркия ташқи ишлар вазирлигини виза тартибини "тўғри режалаш"га чақирган.

Унинг сўзларига кўра, виза сиёсатида кутилаётган ўзгариш Туркия ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги муҳожирлар инқирозини ечишга доир келишувнинг бир қисмидир.

Ўтган йил ноябрида эълон қилинган келишувга мувофиқ, Туркия ватандошлари 2017 йилдан бошлаб Шенген ҳудуди давлатларига визасиз сафар қила оладилар.

Туркия бунинг эвазига Оврўпо давлатларидан чиқариб юборилган асосан суриялик қочқинларни қабул қилишга рози бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio