Ўзбекистонда коррупция: кўлам, сабаб, ечим

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си "Ижтимоий минбар"ида бу ҳафта кўтарган саволимиз Ўзбекистонда қайси соҳада қонун бузилмайди, деган савол эди.

Бунга илова "бугунги Ўзбекистонда қонунга тўла бўйсунган ҳолда ҳар томонлама ҳалол фаолият юритиш имкониятлари қоляптими, қонунни бузмасдан тижорат қила оласизми, қонунни бузмай бойиш мумкинми, қонун бузилишига қарши ҳукумат қандай чоралар кўриши керак", деган саволларни ҳам бергандик.

Бу саволларга қолдирилган шарҳлар, табиийки, турфа хил.

Шарҳимизни энг кўп "лайк" олганидан бошласак.

Farkhod Abdurakhmonov нинг омма эътиборига тушган, коррупция ҳақидаги фикри қуйидагича:

"Ҳақиқатда қонунбузарлик, порахўрлик ва коррупция бугун оммавий тусга кирган, жамиятимизнинг ҳамма соҳаларини қамраб олган ўта бир даҳшатли иллатлардир. Менимча айнан коррупция ва порахўрлик охир-оқибатда ҳар қайси жамиятни ҳалокатга учратиши мумкин. Афсуски бизда ва қўшни давлатларимизда бу одатий бир ҳолга айланиб қолмоқда. Айтиш зарурки, коррупция ва порахўрлик феномени жаҳон миқёсидаги муаммодир, бироқ унинг даражаси ва кўлами бизда юқори. Коррупция билан курашиш учун бизда махсус орган ҳам тузилган. Коррупция ва порахўрликни йўқотишда тизимли ёндашиш талаб қилинади. Бу жараёнда фақат таъқиқлар, озодликдан маҳрум этишлар ва турли жарималар қўллаш билан чекланмасдан, уни келтириб чиқарувчи сабабларни йўқотиш керак".

Шу ўринда у сабабларни ҳам келтириб ўтган: "Унинг бир қанча сабаблари мавжуд бўлиб, буларнинг сирасига сиз кўрсатган ойлик маошларнинг пастлиги ва, шунингдек, солиқ ставкаларининг юқорилигини кўрсатиш мумкин. Меҳнатга тўланадиган ҳақнинг миқдори минимал ёки нормал ҳаёт кечириш учун етмайдиган даражада бўлса, ўрнатилган солиқ ставкаси хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятларини фойда билан якунлашга имкон бермаса, бундай ҳолатларда қонунбузарлик содир этилиши муқаррардир. Шунинг учун, фикримча, ҳозирги мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятда қонунни бузмасдан бойишнинг иложи йўқ. Худди шундай тижоратда ҳам аксарият ҳолларда қонунлар четлаб ўтилади, шундай қилинмаса тадбиркорлик субъектлари банкротликка юз тутади".

Шундан сўнг Farkhod Abdurakhmonov муаммонинг ечимларига ҳам тўхтаб ўтган: "Ҳукумат қонунлар бузилишига йўл қўймаслик, порахўрлик ва коррупцияни йўқотиш учун: биринчидан, рағбатлантирувчи солиқ ва пул-кредит сиёсатини олиб бориши, иккинчидан, ҳалол рақобат муҳитини яратиши, учинчидан, нарх-наволарни ҳар қандай давлат назоратидан озод этиб, эркин қўйиши, тўртинчидан, барча иқтисодий субъектлар учун қонунларнинг тенглиги, яъни ҳаммага баробар ва адолатли қўллашни таъминлаши, монополияга йўл қўймаслик, бешинчидан, давлат структурасида фаолият юритувчи мутахассис ва раҳбарларга ҳамда бошқа бюджет ҳисобидан кун кўрувчи соҳаларда ишлайдиган ходимларга реал маош белгилаш, олтинчидан, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва давлат органлари ходимларининг жавобгарликларини ошириш, улар ўзлари қонунни бузмасликлари учун қонунбузарларга қаттиқ жазо чораларини тадбиқ этиш, еттинчидан, барча давлат структуралари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, давлат хизматчилари тўғрисида тегишли қонуний актлар қабул қилиш, давлат органларини ўз соҳасини яхши биладиган, ҳалол, билимли, иқтидорли ходимлар билан бутлаш, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, ошно-оғайнигарчиликка йўл қўймаслик, саккизинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига давлат аралашуви даражасини кескин қисқартириш, турли ноўрин текширувларга реал чек қўйиш, тўққизинчидан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, ўнинчидан, оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинликлар бериш, ўн биринчидан, таълим тизимида ўқитувчи-профессорлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаб, ушбу тизимдаги порахўрлик ҳолатлари билан аёвсиз кураш, етук мутахассислар етишиб чиқишини таъминлаш. Бир сўз билан айтганда, тизимли-ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий-тарбиявий йўналишларда чора-тадбирлар кўриш жуда ҳам зарур. Шундай бир адолатли муҳитни юзага келтириш зарурки, ҳеч қайси бир хўжалик юртитувчи субъект ёки ходим, мутахассис, раҳбар қонунларни бузишга ҳеч қандай эҳтиёж сезмасин. Бизда давлат бош ислоҳотчи экан, асосийси барча поғонадаги раҳбарларимиз бу жараёнда бош-қош бўлиб, ўзлари ўрнак кўрсатишлари керак деб ҳисоблайман", дея кўп қиррали фикр қолдирган Farkhod Abdurakhmonov.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Лекин унинг фикрини кўплар қувватлагани билан баъзиларга "ёқмаган".

Масалан Карен Анисимов "Бунақа ўз фикр-мулоҳазаси билан таклиф киритган мутахассис ўзига-ўзи "керакли жой" га кетишга ҳукм чиқаради", дея жавоб қолдиган.

Аммо, барибир, аксарият Ўзбекистонда коррупция кенг тарқалган, деган фикрда.

Улардан бири Rustam Karim "Ўзбекистонда ҳар бир соҳада коррупция авж олиб, илдизи чуқурлашиб, коррупция ботқоғига буткул кириб бўлган! Туғруқхонадан тортиб то мозоргача! Моддий ва осон бойишни, яхши ҳаётни севадиганлар кўп!", дея фикр қолдирган.

Мамиржон Акбар Ўғлининг фикри порахўрлик муаммоси "қарс икки қўлдан чиқади" мақолини эслатади: "Порани ким беряпдию, ким олаяпди? Берган иши битсин учун, олган нафси учун олади! Айбдор ким? Берган ўғлимни ўқишга жойлай, қизимни ишга жойлай, 3-4 сотих ер олай, фарзандларим кўчада қолмасин, касалимни яхшироқ тузатсин, ишдан ҳайдаб юбормасин ва ҳаказо..... Айбни ўзимиздан ахтарайлик биродарлар."

Тоҳир Абдуллаевнинг фикрича, порахўрликка раҳбарият йўл очиб беряпти.

Sherzod Sharipovга кўра, порахўрлик ҳар ерда бор.

Rashid Chigataev ҳам шундай фикрда. Лекин шунинг учун бу иллатга йўл қўйиб бериш керакми-йўқлиги ҳақида улар ҳеч нима айтишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio