Божхона: 50 минг диний адабиёт ушлаб қолинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи customs.uz

Ўзбекистон расмийларига кўра, мамлакатга хориждан эстремистик мазмундаги адабиётларни олиб киришга уриниш ҳоллари кўпайган.

Давлат Божхона қўмитасининг маълум қилишича, 2015 йилда 50 мингга яқин медиа ва матбаа маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда тақиқланган адабиётларни олиб киришга уриниш билан боғлиқ бир неча ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Божхона қўмитасининг қайд этишича, авваллари тақиқланган адабиётлар асосан матбаа маҳсулотлари кўринишида бўлган бўлса, сўнгги пайтларда фото ва видеоматериалларни мобил телефонлари, ноутбук ва турли хотира қурилмалари орқали олиб киришга уриниш ҳолатлар кўпайган.

Сўнгги пайтларда Россия ёки Қозоғистондан қайтаётган меҳнат муҳожирларини мобил телефонларидан экстремистик мазмундаги аудио ва видео файллар топилгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар олинган.

Аксарият ҳолларда мобил телефон эгалари бу материалларнинг Ўзбекистонда тақиқланганидан бехабар бўладилар.

Фозил қори тақиқланганми?

Ўзбекистонда диний адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади.

2014 йилда “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус қарор қабул қилинган.

Сўнгги пайтларда ҳатто мамлакатда тақиқланмаган диний уламоларнинг маърузаларини эшитгани учун ҳам фуқароларни чегарада ушлаб қолиш ҳоллари борасида хабарлар олинган.

Жумладан, маҳаллий матбуот 2014 йил мартида Сурхондарёнинг “Айритом” (Ҳайратон) чегара божхона масканида Афғонистондан қайтаётган ўзбекистонлик фуқаронинг қўл телефонидан Фозил қорининг маърузалари ёзилган аудиофайллар топилгани ҳақида ёзган.

Термиз шаҳрида чоп этилувчи “Халқ йўли” газетасининг хабарида айтилишича, Афғонистондан қайтаётган шахс қўл телефонидаги аудиофайлларнинг Ўзбекистон ҳудудида тақиқланганидан хабари йўқлигини айтган.

Аммо шунга қарамасдан маҳкама уни энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жаримага тортган.

Фозил қори номи билан танилган Фозил қори Собировнинг маърузалари халқ орасида қўлма-қўл бўлиб келган.

Диний идора мулозимлари 2009 йилда вафот этган уламонинг маърузалари Ўзбекистонда тақиқланмаганини айтишган.

Фозил қори Собировнинг ўзи бир муддат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага раҳбарлик қилган.

Давлат Божхона қўмитасига кўра, диний адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсати билан амалга оширилади.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари ўтмишда диний қўмита экспертларининг хулосалари асосида чиқарилган кўпгина маҳкама ҳукмларини қоралашган.

Сўнгги пайтларда ИШИД таҳдиди боис Ўзбекистонда ҳибсга олишлар ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ўтган йили пойтахт Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги амалиётлар чоғида 100 дан ортиқ кишининг ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олингани хабар қилинган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Президент Каримов ҳукуматини диний экстремизм таҳдидидан сиёсий репрессияларни оқлаш йўлида фойдаланишда айблаб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio