"Ўзбекистон томони жуда ақлли амалга қўл урди"

Швейцарияда нашр этиладиган L'Hebdo нашри “Дада Каримов ўз маликасининг ўлжасини қайтариб олмоқчи” деб сарлавҳа қўйилган мақола эълон қилган.

Мақолада ёзилишича, Ўзбек расмийлари Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилаётган ва хорижда музлатилган йирик миқдордаги маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида жадал кампания бошлаганлар.

Ўзбек расмийларига кўра, Ўзбекистон йирик коррупцион схеманинг қурбони бўлган ва ҳозирга келиб молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилган. Шунинг учун ҳам АҚШ расмийларидан музлатилган мол-мулкни Ўзбекистон давлати ихтиёрига бериш сўралган.

L'Hebdo нашри журналисти François Pilet ўзининг сўнгги журналистик тадқиқоти натижалари ҳақида Би-би-сига қуйидагиларни айтиб берди:

François Pilet: Гап 1 миллиардан ортиқ АҚШ доллари ҳақида кетмоқда. Ҳатто Швейцария андозаларига мувофиқ коррупцион схемалар орасида Ўзбекистон иши жуда йирик саналади. Бунинг миқёсини Филлипиннинг Маркоси ва Нигериянинг Абачаси билан боғлиқ коррупцион жанжалларга таққослаш мумкин. Икки ярим йил мобайнида бирор жиддий воқеа бўлгани йўқ, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўзбек ҳукумати мазкур муддат ичида ўз ҳаракатларини ошкор қилмади. Бизга пулни қайтариб беринглар, дея ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Ягона нарса - бу Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга боргач, ғойиб бўлгани, холос. Таҳминан икки йилдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати бир неча ҳафта олдин музлатилган пулни мамлакатга қайтариш ташаббуси билан чиқди. Декабр ўрталарида Ўзбек томони АҚШда жойлашган Нью-Йорк Дистрикт ҳакамига Ўзбекистон Адлия вазири номидан мактуб юборган. Мактубда чет эл банкларида АҚШ ҳукумати томонидан музлатиб қўйилган қарийб 500 миллион доллар Ўзбекистонга тегишли экани айтилади. Мактубдан Ўзбек фуқаролари жиноий ишга қўл урганлар ва Ўзбекистон мазкур жиноятчиликнинг бевосита қурбонига айланган, деган маъно келиб чиқади. Ўзбек расмийлари Нью-Йорк маҳкамасидан пулларни ўзларига қайтаришни сўрадилар. Швейцарияда сақланаётган бошқа 500 миллион долларлик маблағ масаласига келсак, Ўзбек томони шу вақтга қадар ўхшаш мактуб билан мурожаат қилгани йўқ. Мен ўтказган тадқиқот натижасида Швейцария мулозимларидан буни тасдиқлашга муваффақ бўлдим. Ўйлайманки, яқин ўтмишдаги мантиққа биноан Ўзбек томони Швейцарияга ҳам худди шундай мурожаат билан чиқади.

Би-би-си: Америка томонига қилган мурожаатида, Ўзбек расмийлари мақсадга эришиш учун қандай даллиларни келтиришмоқда?

François Pilet: Ўзбек мулозимларининг айтишича, пулларни қайтариш жараёнида улар АҚШ ҳукуматидан кўра кўпроқ манфаатдор. Америка ҳукумати АҚШ ҳудудида фаолият юритаётган молия биржаларида савдо қилган телекоммуникация ширкатлари коррупцион пул ўтказмаларига аралашган деб билади. Айнан шу ҳолат Америка расмийларига пулларни эркин муомаладан чиқариб, музлатиб қўйишга ҳуқуқ берди. Бироқ бу пулларни улар шу пайтгача аниқ жиноятга боғлай олганлари йўқ. Ўзбек расмийларининг айтишларича, бир неча Ўзбекистон фуқаросининг жиноий ҳаракатларга қўл ургани оқибатида бутун мамлакат зарар кўрган. Ўзбек томони мазкур жиноятчилик юзидан тергов олиб боргани, жиноий гуруҳ аъзоларини маҳкамага тортиб, Ўзбекистон заминида уларни ҳукм этиб, жазога тортганини айтмоқда. Яъни, буларнинг бари Ўзбекистонга тегишли ва бу “ўзбек иши”дир, дейишмоқчи. Ва бундан: “Пуллар бизники, демак бизга қайтариб берилиши шарт” деган маъно келиб чиқади.

Би-би-си: Сиз олиб борган журналистик тадқиқот чоғида Ўзбек расмийлари ёллаган америкалик бир юридик ширкатнинг Нью-Йорк маҳкамасига ёзган хатига ҳам асосланиб мақола ёзгансиз. Хатда америкалик адвокатлар ўзбек томонининг манфаатларини вакил сифатида намоён этаётганларини ёзишган. Бу хат бирор бир натижа бердими?

François Pilet: Энг қизиқ томони шуки, АҚШ адлия тизими вакиллари Швейцария терговчиларидан кўра жадалроқ иш тутмоқдалар. Икки ярим йил ичида швейцарияликлар ҳеч нарса қилгани йўқ. Шунинг учун Нью-Йорк ҳаками 7 январ кунини мўлжаллаб, Ўзбек томонидан бирор жавоб келмаса, “дефолт қарор” қабул қилиб, пулларни Америкада қолдиришни кўзлаган ҳукм чиқармоқчи бўлган. Ўзбекистон бунинг олдини олиш учун 4 январ куни Holwell Shuster&Goldberg номли америкалик ширкат орқали арз қилган. Яъни, Ўзбек томони қўшимча вақт сўраган. 7 январ кунидаги маҳкама қарорига биноан, Ўзбек томонига бир неча ҳафта вақт берилган. Бу дегани, ўз даллиларини ва фактларини тайёрлаш учун Ўзбек расмийлари маълум муддатни қўлга киритганлар. Ўзбек расмийлари, АҚШда нуфузли деб саналган тажрибали юридик ширкатни ишга солишган. Улар қонуний йўллар орқали ва Америка қонунларини ишга солиб, ўз манфаатларига эришишга ҳаракат қилмоқдалар. Бошқа дипломатик йўлларни ишга солган ёки солмаганлари ҳақида менда маълумот йўқ.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати бу ишни ютиб чиқа оладими? Яъни, пулларни охир-оқибат қайтариб ололадими?

François Pilet: Буни айтиш қийин, Ўзбекистон томони жуда ақлли амалга қўл урди, “биз жиноятчиликни фош этдик, ўзбек халқидан пулларни ўғирлаган жиноятчиларни қамадик ва ҳоказо... Шунинг учун пуллар мамлакатга қайтарилиши лозим”. Яъни, катта маҳорат билан олиб борган мантиқий далилларни келтиряпти, деб айтган бўлардим. Бироқ АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари жуда ноқулай аҳволга тушиб қолганлар. Чунки агар қарор Ўзбекистон фойдасига чиқарилса, улар пулларни коррупцияга ботган деб саналган мамлакатга қайтариб беришлари лозим бўлади. Бу эса улар учун қабул қилиб бўлмайдиган амал деб кўрилмоқда.

Би-би-си: Ўзбек томони хатида Гулнора Каримова умуман тилга олинмаган, Америка маҳкамасининг сўнгги ҳужжатларида эса, унинг исми бир неча марта очиқ қайд этилган. Бу нима билан боғлиқ?

François Pilet: Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати мазкур фирибгарлик ёки ўғрилик жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилганини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Уларни қароқчилар, бандитлар деб атаб, улар улкан маблағни давлат захираларидан ўғирлаганларини кўрсатмоқчи. Бундай иддаоларга жавобан АҚШ ҳукумати Швейцария ҳукумати билан бирга айтишларича, йирик миқдордаги коррупция айрим жиноятчилар ёки бир-иккита тадбиркор томонидан уюштирилган эмас, буларнинг бари амалга оширилганига ягона сабаб - президент қизининг аралашгани бўлган. Шунинг учун Ғарб терговчилари Гулнора Каримованинг аралашганини исботлашга уринмоқдалар, улар музлатилган маблағларни жиноий схемани ташкиллаштирган деб гумон қилинаётган шахсга қайтариб беролмаймиз деб айтишмоқда. Айнан шуни назарда тутган Ўзбекистон ҳукумати ўзбошимча иш тутган бир нечта шахсдан иборат гуруҳ деган назарияни олдинга сурмоқда. Гулнора Каримова мазкур жиноий ҳаракатларга қўл урганини исботлаш қийин, чунки у бирор-бир из ёки банк ҳужжатларида имзо қолдирмаган. Лекин, бир неча шахснинг ҳеч қандай дастаксиз хорижий ширкатлардан бир миллиардан ошиқ пулларни мусодара қилишга қодир бўлганлари ҳақидаги иддаоларга катта шубҳа билан қараш керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ