Ўзбек армияси ҳали синалмаганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Ўзбекистон минтақада энг яхши жиҳозланган армияга эга. (Uza.uz сурати).

Аксар тингловчиларга кўра, Ўзбекистон армияси кучли ва ватанни ҳимоя қилишга қодир.

Алишер Абдужаббаров уни "минтақадаги энг соғлом ва энг кучли армия" сифатида таърифлайди.

"Кучларни кучайтирайлик"

Ўзбекларга кўра, Темурий ва Бобурий саркардалар чиққан бу юртнинг ҳозирги қуролли кучлари ҳам ҳеч кимдан кам бўлмайди.

Айримлар эса муболаға қилиб, ҳаттоки "Америкадан ҳам ўтади" ёки "жаҳонда биринчи" деб аташган.

Лекин армиянинг бугунги аҳволига назар солиш ва муқояса қилишга интилганлар ҳам бор.

"Қуролли кучларимиз жангларда синалмаган" - ёзади Шуҳрат Икром исмли ўқувчимиз - "Шунинг учун бундайин рейтинглар асоссиз".

Бу ўқувчи Амир Темур давридаги армия сони ўша пайтдаги аҳоли сонига нисбатан олганда жуда катта бўлганини, ҳозирги Ўзбекистон армияси у даражада эмаслигини айтади.

Ўзбекистон армияси бугун бутун Марказий Осиёда энг кучли ва яхши жиҳозланган армия саналади.

Қолаверса, ҳозир армияга бормоқчи бўлганларни обдон саралашмоқда ва жисмоний жиҳатдан талабга жавоб бермаганлар аскар бўла олишмайди.

Шуҳрат Икромнинг фикрича, ҳозирги даврда Россиянинг Украина ва Гуржистонга нисбатан тутаётган сиёсати СССРни қайта тиклашни эслатади ва шу боис Ўзбекистон ўз армияси сафини кенгайтириши керак.

Ўқувчимиз, ҳозирги нотинч замонда милиция сонини қисқартириб, тежалган маблағ ҳисобига армияни кенгайтиришни маслаҳат беради.

"Кучи аёлларга етади"

"Ўзбекистонда куч ишлатар тизимлар, хусусан, армия ҳам ҳукумат тарафидан алоҳида эътибор бериладиган соҳалардан ҳисобланади" - дейди Биродарингиз Мумин тахаллусли ўқувчимиз.

Унга кўра, ҳукумат ўз сиёсатини ҳимоя қилиш ё норозиликларни бостириш мақсадида армиядан фойдаланиши бунга сабабдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net
Image caption Бир неча йил олдин аскарлар пахта тергани ва мардикорлик қилгани ҳақида хабарлар чиққан. (Uznews.net сурати).

Макс Икс лақабли фойдаланувчи эса ҳозирги мавжуд сиёсат натижасида Ўзбекистон армияси ҳали янада кучайишини айтади.

Армия кучи ҳақида гап кетганда, айрим танқидий фикрлар ҳам билдирилган.

"Чегарачиларнинг кучи фақат чегарадан ўтаётган қуролсиз аёллару қарияларга етади" - ёзади Ўшдан ҳуқуқбон Иззатилла Раҳматиллаев.

"Қолганлари мужоҳидлар билан урушганда билинади".

"Гапингизда жон бор" - жавоб ёзади Санжар Кабулов - "Лекин Худо ўзи асрасин. Юртимиз тинч бўлсин".

Мақсад маошми?

"Ҳарбий қудрат нима билан белгиланади?" - деган саволни қўйган Мирза Анвар Хамидов исмли Фейсбук фойдаланувчиси бир нечта жиҳатларни эслатади.

"Қурол сони, унинг замонавийлиги биланми, хизматдаги ҳарбийларнинг жисмоний имконияти биланми, ватанпарвар, миллатпарвар ва инсонпарварлиги биланми ёхуд ҳукуматни бошқариб турган раҳбарларнинг ҳар қандай топшириғини сўзсиз бажариши биланми?!"

Бу мухлисимизга кўра, қандай сабаблар ёшларни армияда хизмат қилишга ундаётгани эътибор талаб қилади: Имтиёз билан ўқишга киришми, ҳарбийларнинг маоши яхшилигими ё эртароқ нафақага чиқишими?

Ўқувчимизнинг урғулашича, фақат фидокор тоифа ватанни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилиш учун армияга боради.

"Ана шуларни фоизда ҳисоблаш, ҳарбий қурол-аслаҳалар сони ва сифатини бошқа давлатлар билан таққослаш натижасидагина фикр билдириш мумкин" - дейди Мирза Анвар Хамидов.

Аброр Абдурахмоновнинг изоҳи айни ўқувчимиз фикрларига жавобдек янграйди.

"Тан олиш керак, ҳозирги ёшлар армияга қандайдир имтиёзларга эга бўлиш учун киряптилар. Сал тузук маош ўзи шу ҳарбий соҳада қолган" - фикрлайди мухлисимиз.

Айримлар армияда хизмат қилганларга бериладиган имтиёзларни бекор қилишга чақиришган.

Image caption Айримлар Ўзбекистон армияси Андижонда ўз халқига ўқ узганини эслатган.

"Олийгоҳга ўқишга кириш ҳеч қандай истисносиз, фақат абитуриентнинг билим даражасига қараб амалга оширилиши керак" - ёзади Фарҳод Абдураҳмонов.

"Тўғри, қизларга ким имтиёз беради?" - савол ташлайди Тохир Абдуллаев - "Шу учун билимли қизларимиз шартнома билан ўқишяпти".

Пахтакор аскар қолмадими?

Ўтган йилларда Ўзбекистон аскарлари пахта тергани ё мардикорликка чиққани ҳақидаги хабарларга ҳам жавоблар келган.

Азамат Шохўжаевнинг ёзишича, Ўзбекистон армияси керакли даражада жанговор ва армиянинг ноодатий ишларга жалб қилиниши, аксинча, армия салоҳиятига соя солмай, уни халққа яқинлаштиради.

"Чет эл армиялари аскарлари ҳам ҳарбийларга хос бўлмаган баъзи юмушларни бажариб юрганига гувоҳ бўламиз" - дейди Азамат Шохўжаев.

"Ким айтса, бекор гап ўзбек аскари пахта теради, деб" - ёзади Иброҳим Пўлатов - "Бу мавзулар бўлиб ўтган".

"Жиззахга боринг, кўрасиз пахтани ким тераётганини!" - унга жавоб берган Тохир Абдуллаев.

"Ўзбек армияси - универсал армия!" - ёзади Хон Келди Алим.

Армия ва Андижон

Эркин Саидовнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳарбий соҳада жуда тўғри сиёсат юритмоқда ва мамлакат ҳеч қачон бировнинг қўғирчоғи бўлмайди.

"Ўзбек йигити онаси бўлганимдан фахрланаман" - деган Сабинабону Нусратуллаева.

"(Армия) ҳукуматни ҳимоя қилади. Халқ ҳарбийларни ҳурмат қилади" - ёзади Алишер Абдужаббаров.

Али Хан эса ўзбек армияси халқни ҳимоя қилишига ишонмаслигини, балки ҳукуматни ҳимоя қилишини айтади.

"Бу армиянинг нималарга қодирлигига гувоҳ бўлдик" - дейди Аброр Абдурахмонов - "Андижон воқеалари чоғи ўз халқига қарата ўқ узган".

"Билмаганлар билиб олсин" - дейди Асадуллоҳ Сайфуллоҳ "Армия бу - халқ".

Айрим изоҳлар имловий жиҳатдан таҳрир қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ