АҚШ ва ОИ Эронга қарши санкцияларни тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро атом энергияси агентлиги расмий Теҳрон ўз ядровий дастурини тўхтатишга боғлиқ барча шартларни бажарганини айтиши ортидан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни бекор қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг айтишича, Эроннинг ядровий қурол яратиш таҳдиди анча камайди.

"Эрон кўрган чораларга жавобан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ядровий дастурга боғлиқ барча санкцияларни зудлик билан тўхтатади", - деди Венада чиқиш қилган Керри.

Унга кўра, мазкур жазо чораларининг бекор қилиниши эронликлар учун янги имкониятларни очиб беради.

БМТ, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг санкциялари бир неча йилдан бери Эроннинг иқтисодига қаттиқ таъсир қилиб келади.

2006 йилда киритилган ядровий санкциялар бир неча ўн йиллардан бери амалда бўлган жазо чораларининг устига қўшилганди.

Ҳозирда Оврўпо Иттифоқи савдо, денгиз юк қатнови ва суғуртага қўйилган санкцияларни бекор қилаяпти.

АҚШ эса ядровий дастурга боғлиқ чораларини бекор қилмай, вақтинча тўхтатмоқда. Лекин, бу ҳам Эронга глобал банк тизимига қайта қўшилишга йўл очиб беради.

БМТ мудофаа ва ядровий технологиялар савдосига қўйилган санкцияларини бекор қилмоқда, ҳамда Эрондаги нуфузли шахслар ва компанияларнинг музлатилган мол-мулкига нисбатан чораларни тўхтатмоқда.

Ядровий дастурга боғлиқ бўлмаган чоралар сақланиб қолади. Улар сирасига АҚШ фуқаролари ва компанияларининг Эрон билан савдо қилиш, ҳамда АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг террорчиликда айбланган эронликларга қарши чекловлари кучда қолмоқда.

Оврўпо Иттифоқи жазо чораларининг бекор қилиниши борасидаги қарор Иттифоқнинг расмий журналида чоп қилинганидан кейин кучга киради.

Оврўпо Иттифоқининг юқори даражали вакили Федерика Могерини Эронга қарши нафақат Иттифоқ, балки Иттифоқнинг баъзи вакиллари бир томонлама киритган санкциялар ҳам бекор қилинишини айтди.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ўз ватандошларини жазо чораларининг тўхтатилиши билан табриклади.

"Оллоҳнинг бу марҳамати учун унга раҳмат айтаман, ҳамда сабрли Эрон халқининг улуғворлиги олдида бошимни эгаман. Бу шарафли ғалаба билан сизларни табриклайман!", - деди у Твиттердаги саҳифасида.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ўз ҳукумати олти ой аввал келишилган барча шартларни қондиришга уринганини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio