"Ўзбек модели" - ҳақиқатми ё афсона?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net
Image caption "Ўзбек модели" ишламоқдами?

Бу ҳафта BBCUZBEKнинг ижтимоий тармоқларда кўтарган мавзуси “Ўзбек модели” ҳақида эди.

Facebook ва Одноклассникидаги саҳифаларимизла қолдирилган юзлаб фикрларни ўрганиб, аксарият учун президент Каримов дохил ҳукуматнинг севимли ибораси “Ўзбек модели” мавҳум қолаётганини тушунса бўлади.

Ўтган ҳафта Президент Ислом Каримов ҳукумат олдига 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириш вазифасини қўйди.

Жаҳон Банкига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 62 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Киши бошига ЯИМ ҳажми эса қарийб 1900 долларга тенг бўлган.

Бу Қозоғистондагидан (11850 доллар) 6 баробар кам демакдир.

Қозоғистоннинг 2014 йилдаги ЯИМ ҳажми 217 миллиард долларни ташкил этган.

Агар ҳукумат Президент қўйган вазифани адо этса, 2030 йилда Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳажми Қозоғистоннинг ҳозирги даромадининг ярмича бўлади.

Ёки яна давлат раҳбари берган рақамларга таянилса, Ўзбекистон Қозоғистоннинг бугунги даражасига етиб олиши учун камида 25 йил керак бўлади.

Президентнинг айтишича, ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилларга эга ва ҳар 47 та оила шахсий компьютерлар билан таъминланган.

Унинг сўзларига кўра, "бошқалар ҳавас қиладиган бундай натижаларга эришиш осон эмас".

Президентнинг фикрича, буларнинг ҳаммаси дунёда "Ўзбек модели" дея тан олинган ривожланиш йўлининг самарали эканини яна бир бор тасдиқлайди.

"Ўзбек модели"нинг асосий тамойилларидан бири давлатнинг бош ислоҳотчилик ролидир.

Таҳлилчилар бунинг амалда совет давридаги режа иқтисодиётидан фарқ қилмаслигини айтишади.

Ҳар йили миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб Россия ва Қозоғистон каби давлатларга кўл оладилар.

Ўзбекистон собиқ совет ҳудудида валютанинг қора бозори амал қилаётган ягона давлатдир.

Ўтган йили Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистонни валюта чекловларини бекор қилишга чақирган.

“Ўзбекистон Қозоғистон эмас!”

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Қозоғистонда ҳам молиявий инқироз бўй кўрсатмоқда

Биз мухлислардан сўраган саволларимиз: Сиз ривожланишнинг "Ўзбек модели"ни қандай тушунасиз?

Бу моделнинг самарасини ўз турмушингизда кўраяпсизми?

"Ўзбек модели" жаҳонда тан олинганига ишонасизми?

(Изоҳлар аксарият ҳолатларда таҳрирсиз берилмоқда - таҳ.)

Farkhod Abdurakhmonov “Ўзбек модели”ҳақида ёзар экан, дунё тарихи ва бошқа давлатлар тажрибасидан бир неча мисоллар келтиради. Унинг назарида, барча моделларнинг асл мақсади аҳоли турмуш даражасини ва сифатини оширишдан иборат ва “Ўзбек модели” бундан мустасно эмас. Аммо Каримов айтмиш, “Ўзбек модели”нинг дунёга танилишига келсак, Фарҳодга кўра, “ ...Ўзбек моделининг тамойилларини назария сифатида, ғоя, мақсад сифатида тўғри деб ҳисоблайман. Аммо асосий масала шундан иборатки, ўзбек модели ўз ичига олган бешта тамойил қанчалик амалга ошяпти? Улкан режа, тамойилларни, мақсадларни эълон қилиш, баралла айтиш билан агарки улар амалда тўлиқ ҳаётга тадбиқ этилмас экан, бундай ҳолатда ҳар қандай модел ўз қадрини йўқотади, пучга айланади. Ривожланиш нисбатан бўляпти, айни чоғда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлигини ҳам тан олиб, уларни тузатишимиз керак. Жумладан, қонун устуворлиги тамойили нега ишламайди? Нега айнан қонун посбонлари қонунларни оёқости қилишларига йўл қўйилмоқда? Иқтисодиётнинг сиёсатдан устун бўлишини қачон ўз амалий фаолиятимизда кўрамиз? Статистик рақамлар зўр бўлиши билан улар реал ҳаётни ифода этмаса унда ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз...”

Muhammad Ali: Farhod Abdurahmanov гапингизга қўшиламан. Ҳақиқатдан ҳам бизнинг модел назарий жиҳатдан яхши ишланган. Аммо амалий жиҳатдан пассив ишламоқда.

Shuhrat Musidov эса Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодларига тўхталар экан, қўшни мамлакатдаги девальвацияни тилга олади.

Image caption Ўзбек сўми ҳам қадрсизланишда давом этмоқда

“Иқтисод ҳақида 2015 йилнинг 2-ярмида бошланган ва хозир хам давом этаетган девальвация натижасида Қозоғистон миллий валютаси тенге долларга нисбатан 188 дан 380 га чиқди.. Бу дегани 2014 йилда 217 млрд долларлик ввп'ни деярли ярмидан купи йуққа чиқди.. Бу нафақат Қозоғистонда, балки деярли барча нефтга жудаям боғлиқ булган давлатларда бўляпти.. Нефть иқтисодиётни оёққа турғизиб олиш учун жуда яхши хом-ашё, лекин нефтдан келадиган даромадни давлат эркалаб кетган банкларга эмас, балки саноатни ривожлантиришга ва инфраструктура қуришга (йуллар, темир йуллар, ижтимоий проектлар ва хоказо) йўналтириши керак. Ўшандагина иқтисодиётни анча барқарор ушлаб, ривожлантиришни иложи бўлади.. Ўзбекистонимизни нефти булмаганлиги билан қишлоқ хужалиги махсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт бозорларига олиб чиқишга жуда улкан потенциали бор. Бунга хамма шарт шароит бор - мехнаткаш халқ (энг мухими.. Қўлига кетмон берсанг ерни юрагини ковлаб олиб берадиган), жудаям қулай иқлим шароити. Пахта майдонларини кескин камайтириб уни урнига урта осиё, россия, ва бошқа МДҲ давлатларида жуда юқори талабга эга булган озиқ-овқат махсулотларини етиштириш, иқтисодиётимизни анча кучайтиради.. Бунинг учун давлат миқёсида қишлоқ хужалигини ривожлантириш буйича катта ислохот утқазиш керак вақт йуқотмасдан.. 1-чи уринда голландия, исроилга ухшаган давлатлардан қ/х буйича жуда тажрибали мутахассисларни Узбекистонга 3-5 йилга ишга таклиф қилиш керак.. (хатто вақтинча қ/х министри вазири қилиб тайинлаш мумкин).. (информация учун..Голландияда ахолини бор-йуғи 2%и қ/х'да машғул. Улар ички бозорни қ/х махсулотлари бн тулиғича таминлаб яна ташқарига хам экспорт қилишади).. 2чи..қишлоқ хужаликни ривожлантиришнинг биринчи 5-7 йил давомида давлат томонидан кучли дотациялар ажратиш (арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим қилиш, уруғчилик, асбоб-ускунага кетадиган харажатларни 20% дан 50% гача харажатларини давлат (!! бош ислохотчи !!) томонидан молиялаштириш.. 3чи.. Қ/х махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга ташқарига туғридан туғри экспорт қилишга шароит яратиб бериш ва қуллаб қувватлаш, ишлаб чиқарилган махсулотни кафолатли (2 тарафгаям фойдали шартларда) равишда сотиб олишни йулга қуйиш.. 4чи.. Хар бир вилоятда (керак булса хар бир туманда) бу ислохотни тадбиқ қилиш буйича консультация марказларини ташкил қилиш.. Ва хар ой/кварталда утказилаетган/амалга оширилган ишлар буйича вилоят марказларида ёки пойтахтда катта семинарлар утқазиш.. Яна бир мухим масала... Қ/х субъектларини жазо йули билан эмас, балки хар хил мукофот йуллари билан мотивация қилиш керак, қизиқтириш керак... 10 йилда бу ишлар узини ижобий натижасини албатта беради ва халкимиз фаровонлиги даражасини анча йуқорига олиб чиқади...Биламан бу осон иш эмас, лекин бу узбек халқини қулидан келади.. Зотан "Good things take time" (Яхши ишларни амалга ошириш вақт талаб қилади) дейилади хитой халқ мақолида...”

“Ҳайбаракаллачилик” ва танқид

Rustam Bek: Ўзбек модели 100% ўзини оқлавотти бу нарсани шу юрт учун ёрқин келажаги учун интилвотган барча билади...

Abdufattoh Kamalov: Айниқса четда ишлавотган 6 миллион ўзбек билади, миллионлаб одам четда бировларга қул бўлиб ишлаши ҳам Ўзбек моделида ёзилганми?

Dilmurod Khodjabaev: Ўзбек модели, бу гибрид модел дегани. Яъни, демократик жараёнларни режа асосида амалга ошириш, жиловни қўлдан бермаслик, энергетика тизимларни, ерга эгаликни давлат тасарруфида сақлаш.

Хамидулла Умаров: Яна билмадимку лекин Узбекистанда тинчлик. Худога Шукур уруш булмади. Чегара мустахкам. Шунисига ҳам шукр.

Nodira Usmoniy:Ха, 2030 йилгачан яна халкимиз канчага камайиб кетаркин? Бу кетишда халқ ёки касалликдан ёки кийинчиликдан қирилиб кетмаса бўлдийди...

Hurriyat Almardanova: Давлатимиз гуллаб яшнасин! Президентмиз умрлари узоқ бўлсин! Тинчлигимиз абадий бўлсин!

Elbek Shapsantov: Халқга нима буляпти?? Қайси мамлакатда биздагидек тинчлик тукин сочинлик қарши фикрли шахслар доирада ташкаридашилар ишонманглар уларга

Doniyor Pulatov: Қонун устуворлиги таъминланмас экан, коррупцияга барҳам берилмас экан, ҳар қандай “модел” сафсаталигича қолаверади...

Abdufattoh Kamalov: мустақилликнинг 25 йилида шу пайтгача етиб келдикки, тинчлик деган аргументдан бошқаси қолмади. Нима бўлса ҳам, зато тинчмиз деган аргумент...

Одноклассникидан:

Rustаm Аbsаmаtov: Модел нима у, уни ўзи нонга қўшиб ейдими?

КАБУЛОВ МАГРУР БАРЕЦ: Ўзбек модели, бу лақмаларни лақиллатиш, алдов, қоғозбозлик, тунаш, бизнеси гуллаганни бизнесини тортиб олиш, ўлпон солиш ва кўзбўямачиликдан бошқа ҳеч нарса эмас!

SHOXRUX SHOXRUX: Ўзбекистонда биринчи навбатда коррупцияни камайтириш керак, қанча миллион пулларни еб ташлаяпти...

Ахмат шах: Йилига чиқиб айтиладиган сафсатани яна биттаси, ундан кўра 2030 йили теридан кийим киямиз ғорларда яшаймиз деса купрок ишонадигон буляпти хозирги холатда олдигамас оркага кетяпти шекилли...

Ва танқидлардан ташқари қолган яна ўнлаб изоҳларни Улуғбек Сулаймонов айтган бир жумлага жамласак: Ислом Каримовга гап йўқ!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ