Дин эркинлиги: 'Салла деса калла...'

Тожикистон минтақада мусулмонларнинг соқоли ва муслималарнинг рўмолларига қарши кампания бошлаган навбатдаги давлат бўлган.

Хатлон вилоятида қарийб 13 минг нафар эркакнинг соқоллари мажбурий қиртишлангани ўтган ҳафта жаҳон матбуотининг сарлавҳаларига чиққан.

Яқин-яқингача Исломга нисбатан кенг йўл берган давлат сифатида кўрилган Тожикистон сўнгги пайтларда мустақил қарашдаги мусулмонларга қарши таъқиб ва тазйиқларни авж олдирган.

Ҳукумат назарида буларнинг ҳаммаси диний радикаллашув ва терроризмга қарши курашнинг бир қисмидир.

Соқол ва рўмолга қарши кураш Ўзбекистонда анча аввал, 1990-йилларнинг охирларида бошланган.

Ўзбек ҳукуматининг мустақил диндорларга қарши кампанияси шундан буён тўхтамаган, аммо ИШИД таҳдиди боис сўнгги пайтларда яна қафтадан авж олгани айтилади

Ижтимоий минбар рукнимизда давлат соқол ва рўмога аралашиши керакми, деган савол юзасидан ўз фикрларини билдирган Би-би-си муштарийларининг бу борадаги қарашлари турлича.

'Заифлик белгиси'

Фэйсбук фойдаланувчиси Абдулқодир Полвоновнинг фикрича, cоқол ва ҳижобни тақиқлаш терроризмга қарши курашнинг "энг заиф усули"дир.

"Биринчидан, ғаразли мақсадни ният қилган оқимлар соқол, салласиз қилади ўз ишларини. Иккинчидан, мени отамдан бошлаб юқоридаги ҳамма боболаримни соқоли бўлган. Улар террорист эмас эди. Учинчидан, биз фахрланаётган аждодларимиз ва ўтган азизларимиз ҳаммаси соқолли бўлишган. Улар террорист бўлишмаган. Улар бизнинг аждодларимиз. Тўртинчидан, бизнинг момоларимизнинг бошидан биринчи бўлиб руслар ва руспарастлар рўмолни ечиб олишган. Улар террорист эмас эди. Улар биз фахрланаётган аждодларни дунёга келтириб тарбиялаган оналардир. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг Ўзбекистонда бу каби жаҳолатга ҳали борилмади, умид қиламизки борилмайди ҳам. Чунки бизда ўз маданиятини ёт маданият дейдиганлар ҳали юзага чиқмади. Боболаримизнинг ва момоларимизнинг суратлари сандиғимизда турибди соқол ва рўмоллари билан",- деб ёзади Абдулқодир Полвонов.

Naser Muhammad давлатниннг соқол ва рўмолга аралашиш ҳуқуқини эътироф этади. Унга кўра, агар мамлакат ички ва ташқи хавфсизлигига рахна солса, бу масалада аралашиши керак. Аммо у соқол ва рўмол қандай кўринишда давлат хавфсизлигига рахна солиши мумкинлигига ойдинлик киритмаган.

Farkhod Abdurakhmonovга кўра, соқол экстремизм аломати эмас. "Соқол қўйган кишини биз демократик ва дунёвий қадриятларни поймол этганликда айблай олмаймиз,"-дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Британияда ўқувчи қизларнинг рўмол ўрашларига чеклов йўқ

Аммо айни пайтда унинг фикрича, "ҳозирги шароитда миллий зеҳниятимизни, фуқароларимизнинг маърифатлилик даражасини ҳисобга олганда, унга йўл қўйиб берилиши эртага экстремизмга асос яратиши эҳтимоли юқори".

Farkhod Abdurakhmonov диннинг шакли эмас, балки мазмунига кўпроқ эътибор бериш керак, деган фикрда.

"Шу юз минглаб соқол қўйганларни бир яхшилаб ўрганиб чиқайлик-чи, уларнинг маънавий дунёқарашлари қанақа экан?", -дея савол қўяди у.

Бу борада у жадидчиларни ўрнак қилиб келтирган Farkhod Abdurakhmonovга кўра, ҳукумат ҳам соқол ва ҳижобдан аввал ижтимоий адолатга кўпроқ эътибор қаратиши ва коррупцияни йўқ қилиши керак.

"Ҳукумат динни назорат этиш ва чекловлар ўрнатишдан аввал ана шу юқоридаги омилларни ечимига куч-қудратини сафарбар этиши лозим", - деб ёзади Фэйсбук фойдаланувчиси.

Унинг фикрича, агар ҳукуматлар ҳижобни арабларнинг маданияти деб ўрашни ман этаётган бўлсалар, унда мини-юбка билан ҳам худди шундай, бу Европани маданияти деб кенг кўламда курашишлари зарур ва шунда адолатли иш бўлади".

'Салла деса калла...'

"Ўзбекистондан бошқа ҳеч ерда тақиқланмаган, нима учун айнан бизда шундай, билмайман",- дейди русча изоҳ қолдирган Бек Назаров. "Дейлик, менга қоқол қўйиш ёқади, Қозоғистон ва Россияда бемалол соқол қўйишим мумкин", деб ёзган у.

"Фуқаролар чегара деган нарсани билиши керак. Соқол бўлсин, аммо меъёрда, рўмол бўлсин, аммо паранжи эмас!" дейди Ulugbek Aybek Mahmudov.

Image caption Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликлар чекланаётганини рад этади

"Унутмаслик керак, иймон гўзаллиги кийим ёки шаклда эмас, балки тарбия ва аҳлоқда!", деб ёзган у.

Макс Икс исмли Фэйсбук фойдаланувчиси ҳокимият вакилларининг босимларига қарамасдан, ҳижобдан воз кечмаган бир аёл ҳақида ёзган.

"Бир дўстимнинг аёлини бундан 6 йил олдин ҳижобдан чиқишини сўрамаган маҳалла бошлиқлари-ю женсоветлар қолмаганди. У ечмади ҳижобини. Ҳеч нарса қилолгани йўқ ҳукумат... "Оллоҳ менга шуни буюрибди... мен сенларнинг айтганингни қилайми ё Худоними?" деди у!. Муҳими эътиқод мустаҳкамлиги. Маҳалладаги шотирлар шунчаки салла деса каллани элтишга ўрганган".

Marifjon Nadirovнинг фикрича, "давлат диний эркинликка ҳаддан ортиқ чегаралар ва тўсиқлар қўйиб ташлаяпти".

Унга кўра, соқол ва ҳижобдан давлатга ҳеч қандай хавф йўқ.

"Бу кетишда яқинда аёлларнинг иштонига осилади", деган Marifjon Nadirov

Айни мавзудаги шарҳлар билан тўлалигича Facebook ва Одноклассники даги BBC O'zbek саҳифаларида танишишингиз ва ўз фикрларингизни қолдиришингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio