"Армани фермерни озод этинг!"

2015 йил сентябридан Жиззахда буюртма сохта айбловлар билан ҳибсда ушлаб турилган ва ИШИДга аъзолигини бўйнига олиши учун қийноққа солиниб оёғи синдирилган балиқчи фермер Арамаис Авакянни озод қилиш чақириғи билан онлайн-петиция ташкил этилган.

Онлайн-петицияни жиззахлик амалдорлар тазйиқига учраб, сохта айбловлар билан қаматилган ва Ўзбекистонни тарк этиб Канадада сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Улуғбек Ҳайдаров бошлаган.

AVAAZ.ORG онлайн петиция тизимида Арамаис Авакян аҳволига дунё жамоатчилиги эътиборини жалб этиш мақсадини ҳам кўзлаган мурожаат Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга йўлланган.

27 январ кечгача жиззахлик фермерни озодликка чиқариш петициясига қарийб 150 киши имзо чеккан.

"Миллати арман Ўзбекистон фуқароси икки йил аввал балиқчилик фермер хўжалигини барпо этди. Балиқлар катта бўлиши билан Арамаиснинг олдига туман ҳокими маъмуриятидан одамлар кела бошладилар ва балиқчилик хўжалигининг бир қисмини талаб қилдилар. Арамаис маҳаллий ҳокимликдаги рейдерларга ўзининг балиқли ҳовузларини беришдан бош тортди. Ҳозир бу фермер ва унинг тўрт дўстини "диний экстремизм, бўлгинчилик, фундаментализмни тарқатадиган гуруҳни ташкил этиш, бошқариш"да, шунингдек, "конституциявий тузумни ағдариш" ва "талон-тарож"да айбламоқдалар", дейилади онлайн-петицияда.

Бироқ айбловнинг асосий сабаби Авакян билан Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими ўртасидаги келишмовчилик экани айтилган.

Петицияда Арамаис Авакян динга эътиқод қилувчи насроний экани, Армани Апостол черковига қатновчи экани айтилган.

"Унинг бўйнига эса оз эмас, кўп эмас, "исломий(!) экстремизм" ва ҳатто ИШИДга алоқадорлик айбловини "илмоқдалар", дейилади мурожаатда.

"Сўроқ пайтида Арамаиснинг оёғини синдирганлар. Маҳкама мажлиси пайти у қариндошларига кўкарган қўллари ва орқасини кўрсатган. Ҳозирча у бўйнига қўйилган айбларни тан олмаган. Ва терговчилар унга янада кўпроқ босим қилмоқдалар", деб ёзилган онлайн-петицияда.

33 ёшли Арамаис Авакян ва унинг тўрт ўртоғи 2015 йил сентябрида йўқолиб қолганлар.

40 кун мобайнида 5 кишининг қаердалиги ҳақида Жиззах ҳуқуқ-тартибот органлари қариндошларига ҳеч нарса маълум қилмаганлар.

Қариндошлари қидиришни бошлаган пайтларида ғойиб бўлган инсонларнинг мобил телефонларидан "Биз Қозоғистондамиз. Шу ердан жиҳодга кетамиз..." деб ёзилган СМС-хабар келган.

Журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг ишонишича, бу СМС-хабарларни Жиззах вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ертўласида ҳибсда сақланаётган инсонларнинг мобил телефонидан хавфсизлик хизмати ходимлари юборганлар.

Арамаис Авакян ишига Арманистон Омбудсмани бош қўшган.

Asiaterra.info веб-сайти ёзишича, "агар бир инсоннинг бўйнига ҳар хил айбларни - экстремизмдан ва жиҳодчиликдан тортиб қандайдир эски қувурларни ўғирлашгача бўлган айбловларни қўйишаётган бўлса, бундан шундай хулосага келиш мумкинки, бу буюртма айблов бўлиб, бундан фақат бир мақсад кўзланган - ўша одамни, балки, унинг ҳамкасблари ва ишбилармон шерикларини ҳам қўшиб қамашдир".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter - BBCUZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook- BBCUZBEKGoogle+ BBCUZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас