Ўзбекистонда ишонч инқирози

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзбекистонлик мустақил социолог

Ватандошларимиз сийқаси чиққан жавобларни беришга ўрганиб қолганларини инобатга олиб, ўз саволларимизда сиёсий жиҳатлардан воз кечишга қарор олдик.

Нисбатан очиқ ва аниқ саволлар билан бугунги кунда биз умуман қанчалик бир- биримизга ишонишимизни, сўнгги йилларда ёлғон ва носамимийлик ичида бўлган жамиятда қайси қатламларга ишонч мустаҳкам ва ўзгармас даражада қолаётганини билишга ҳаракат қилдик.

Сўровга жалб этилганларни нисбий тоифаларга ажратдик:

1. Интеллектуал муҳит вакиллари – зиёлилар, талабалар, ўқитувчилар ва шифокорлар, хуллас, “оқ ёқа” эгалари 2. Ўзимизнинг “кўк ёқа” эгалари – ишчилар, кам маош оладиган ва малакасиз меҳнат вакиллари, жумладан муҳожирлар ва қишлоқ аҳолиси 3. Юқори мансаб доимий эгаларининг шаклланиб бўлган “каста”си –яъни ҳокимият ва куч тузилмаларининг вакиллари. Бир сўз билан айтганда, ўзбекларнинг онгида мустаҳкам ўрнашиб олган тушунча- “Давлат” .

Респондентларга берган ягона саволимиз қўйидагича бўлди:

“Мен бугун кимга кўпроқ ишонаман?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Сўров мақсади жамиятда қайси қатламларга ишонч мустаҳкам ва ўзгармас даражада қолаётганини билиш бўлган

“Ҳеч кимга ишонмайман!”

Социологик тадқиқотларда иштирок этиш тажрибаси кам бўлган мазкур ўзбекистонликларга танлаш учун оддий жавоблар руйхатини таклиф этдик. 1. Қариндош ва уруғ аймоқлари 2. Дўст-биродарлар 3. Чет элдаги ватандошлар, меҳнат муҳожирлари 4. Ҳокимиятни акс эттирувчи шахслар- маҳалла, ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳокимият вакиллари, Президент 5. Уламолар – масжид имомлари ва норасмий диний фаоллар 6. Бошқалар (респондентнинг ўзига ҳавола)

Олинган жавоблар умуман кутилмаган янгилик бўлди.

Сўралганланларнинг ярмидан кўпроғи – ҲЕЧ КИМГА ИШОНМАЙМАН деб жавоб қайтарган.

Демак, жамиятимиз нафақат иқтисодий, сиёсий инқирозларни бошидан кечиряпти, балки энг мураккаб ва оқибати оғир бўлиши мумкин бўлган бошқа бир инқирозга юз тутмоқда.

Бу воқеъликни “ишонч инқирози” деб аташ мумкин.

Яъни, йиллар давомида ёлғон ҳукм сурган жамиятимизда борган сари ҳаммага нисбатан мутлақ ишончсизлик ривожланиб бўлган.

Image caption Ўзбекларда қариндош-уруғчилик ҳамиша кучли бўлган

Ўз яқинларига ишонмаганлар...

Қариндош-уруғчилик кучли бўлган ўзбек жамиятида ўз оила аъзолари, уруғ-аймоқларига ҳамиша катта ишонч билан қарашган ва юқори қадрлашган.

Айнан ушбу хусусият оғир кунларда ҳаёт кичиришга кўмак берган.

Жавоб берганларнинг фақат 75 фоизи ўз яқинлари ва қариндошларига ишонишлари аниқ бўлди.

Уларнинг аксари биринчи тоифа (зиёлилар) ва учинчи тоифа (ҳокимият вакилларидир).

Ўз яқинлари ва қариндошларига ишонмаган одамларнинг аксарияти меҳнат муҳожирлари ва қишлоқ аҳолиси орасида.

Бугунги кунда Россияда иш илинжида меҳнат қилаётган муҳожирларнинг фақат 18 фоизи ўз яқинларига ишонганини айтган.

Чет элда ўзбек жамоалари вакиллари билан учрашганимда, ватандошларимиз қанчалик Ўзбекистонни қўмсаётганларига гувоҳ бўлганман.

Улар ўзбек маданиятини ва бизни миллат ўлароқ белгилайдиган анъаналардан қанчалар фахрланаётганларини таҳлил қилганман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Сўров: Меҳнат муҳожирлари ўз ватандошлари томонидан энг кўп алдаб кетилган одамлар

Бироқ, сўралганларнинг 60 фоизининг ортиқроғи чет элдаги ватандошларига ишонмасликлари мени афсуслантирди.

Уларнинг аксари ўша –ўша Россиядаги меҳнат муҳожирларидир. Айнан ушбу гуруҳ ўз ҳамқишлоқ ёки ҳамшаҳарлар томонидан энг кўп алдаб кетилган ёки ҳафсаласи пир бўлган одамлардир.

Респондент мигрантларнинг 80 фоизи қайта алданишни хоҳламайди ва ўз ватандошларига бошқа ишонмайди.

Ҳокимиятга ишонч қолганми?..

Сўралганларнинг, хусусан, шифокорлар, ўқитувчилар ва меҳнат муҳожирларининг ҳокимиятга нисбатан ишониш –ишонмаслик борасидаги жавоблари бир қадар юпун эканини кўриш мумкин.

Уларнинг фақат 18 фоизи “Президент Каримовга ишонаман” деб жавоб берган.

Президент атрофдагиларига умуман ишонч қолмаганини алоҳида айтиб ўтишган.

Жавобларни таҳлил қилганимизда, “кўк ёқа” вакиллари ва меҳнат муҳожирларида бир қолип қараш маҳкам ўрнашиб олганига аҳамият бердик. Яъни, “подшомиз яхши, аммо у сарой аъёнларининг кирдикорларидан бехабар…” деган тушунча кенг тарқалган.

Ҳокимият ва маҳалла органларига эса салкам 10 фоиз сўралганлар ишонишларини айтишган ва бундай одамлар асосан зиёлилар ва шаҳарликлардир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Сўров: Расмий уламоларга 35 фоиз ишонади

Ҳар ҳолда динга ишонсангиз керак?..

Давлат томонидан тайинланган расмий уламоларга сўровда иштирок этганларнинг 35 фоизи ишонади, холос.

Буларнинг аксари ёши қирқдан ошган шаҳарда истиқомат қилувчилар ва давлат одамларидир.

Энг кам ишонч талабалар ва меҳнат муҳожирлари томонидан билдирилган.

Шу билан бир вақтда, айнан ушбу тоифа вакиллари кўпроқ норасмий диний уламоларга ишонишларини айтганлар.

Норасмий диний фаолиятни таг-туги билан йўқотишга қаратилган куч тизимларининг мунтазам босимларига қарамасдан мазкур респондентларнинг 18 фоиздан ортиқроғи уларга кўпроқ ишонишини айтган.

Назаримизда, ёшлар ва муҳожирлар каби фаол гуруҳлар бошқа гуруҳлардан кўра норасмий уламоларнинг аудиториясига айланиб, имомлар тарғиботларини мустақил баҳолаш учун кўпроқ эркинликка эгадирлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru
Image caption Сўров: Ҳуқуқ-тартибот органларига фақат 7 фоиз ишонч билдирган

Сўровнинг кутилмаган натижалари

Дўст-биродарларига 28 фоиз ишонади ва бу, асосан, кутилганидек, талабалар, қисман қишлоқ аҳолиси ва 20-26 ёшдаги ҳокимият ходимларидир.

Кейин эса деярли барча респондентларда ишонч даражаси сўсайиб боради. Ўз дўстларига энг кўп ишонмасликни изҳор этганлар – санъаткорлар ва давлат мулозимларидир.

Ҳар кунги ҳаётда мулоқотда бўлган қассоб ёки сартарош каби касб эгаларига қай даражада ишонганларини билиш мақсадида, респондентлардан ўз жавобларида бу ҳақида алоҳида айтиб ўтишни сўрадик.

Британ жамиятидан фарқли ўлароқ, ўзбеклар қассоб ва сартарошга минимал даражада ишонч билдирганлар.

Бироқ энг салбий баҳо ва ишончсизликнинг энг юқори даражасини респондентлар ҳуқуқ-тартибот органларига билдиришган.

Уларга сўралганларнинг фақат 7 фоизи ишонишини айтган.

Булар билан бир қаторда такси хайдовчилари, газ ва свет каби коммунал хизматлари ходимлари ҳам бор. Уларга бор йўғи 3-5 фоиз ишонч билдирилган.

Image caption Сўров муалифлари учун натижалар кутилмаган бўлди

Эҳтимол, ҳақиқий демократик жамиятдан фарқ қилган авторитар ҳокимиятнинг муҳим кўрсаткичи шундан иборатдир?

Яъни, коррупция ва айғоқчиликга ботган жамиятда ҳеч кимга ишонмаслик кенг қулоч ёйишни бошлайди.

Ва кўп ҳолатларда бу жамиятдагилар ҳатто ўзига нисбатан ҳам ишончни йўқотади...

********************************************************************************************************************

Сўз Сизга: Сиз кўпроқ қай бир касб эгасига ишонасиз?

Ipsos MORI тадқиқот маркази томонидан ўтказилган янги сўров натижаларига таянилса, аксарият британияликлар энг кам сиёсатчилар ва энг кўп сартарошларга ишонишади.

Яъни, бор-йўғи 21 фоиз сўров иштирокчиси наздида сиёсатчилар ҳақ гапни айтишади.

Худди шу боис ҳам, сиёсатчилардан кўра, ҳатто, кўпроқ сартарош, қурувчи, кўчмас мулк савдогарлари ва банкирларга ишонишади.

Ушбу сўровга ўз диққатини қаратган маҳаллий журналистлардан бирининг ёзишича эса, “демократия – севимли давлат раҳбарингизга бўлган мутлақ ишончни англатмайди”.

Янги сўров, бошқа томондан, британияликларнинг журналистларга ҳам у қадар ишонмасликларига далолат қилган.

Яъни, улардан бор-йўғи чорак фоизи қалам аҳлига ишонса бўлади, деган фикрда экан.

Буюк Британияда жойлашган бу тадқиқот маркази ўз сўровини 1983 йилдан буён ўтказиб келади.

Аммо, таъкидланишича, орада кечган шунча вақт бадалида ҳам маҳаллий аҳолининг сиёсатчиларга ишончи энг пасти бўлиб келган.

Сўнгги икки ой ичида олиб борилган сўнгги сўров жараёнида эса, бутун Буюк Британия бўйлаб ёши 18 дан юқорида бўлган 1000 га яқин кишининг фикри ўрганилган.

Айни шу сўров манзарасида: Ўзбекистон мисолида олганда, сиз кўпроқ қай бир касб эгаларига ишонасиз ва нима учун? Бошқа томондан, сиёсатчиларга бўлган ишончингиз қандай? Айтган сўзлари ва берган ваъдалари билан улар сизни ўзларига қанчалик ишонтира олишган?

BBCUZBEK Facebook гуруҳидаги фикрлар:

Farkhod Abdurakhmonov: Агар сиёсат ва сиёсатчилар ҳақида ёзилган турли афоризм ва бошқа мақолаларни ўқисангиз, уларда асосан салбий қарашларни кўриш мумкин. Кўпинча сиёсатчиларни фоҳишага ўхшатишади. Сиёсатчи ёлғонни чин қилиб ёки аксинча чин, ҳақ сўзни ёлғон қилиб кўрсатиш "санъати"га эга бўлган шахсдир дейилгани ва сиёсатда "ҳақиқат" сўзини ҳар қандай сўз билан тасдиқлаш мумкин бўлиб, ушбу сўзнинг ёлғон эканлигини исботлашнинг иложи йўқ деган фикрлар ҳозирги сиёсат, сиёсатчиларга тегишлидир, хосдир. Менимча, сўровларда сиёсатчиларга доимий ишончнинг камлиги Ғарбда ҳам Шарқда ҳам ва халқаро ташкилотларда ҳам сиёсатда иккиюзламачиликка йўл қўйилаётганлиги, сиёсатчиларнинг аскарияти олигарх, бойлардан таркиб топаётганлиги, уларнинг фақат ўз бойликларини кўпайтириш ҳақида қайғуришлари билан изоҳланса керак. Касблар жуда кўп ва ҳар қайси касбнинг ўз йўналиши, мақсади, функцияси мавжуд. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар инсон ўзи эгаллаган касбни ҳалол, сифатли, виждонли бажарса у аввало ўз касбини тўғри бажарган бўлади ва бундай касб эгаси олқишга сазовордир. Ҳар қайси мамлакатда сиёсатчилар орасида ҳам ана шундай касбини рисоладагидек тайинланишига кўра бажарадиган шахслар бор албатта. Фикримча, бизнинг минтақадаги кўплаб сиёсатчиларда биринчидан, сўз ва иш бирлиги етишмайди, иккинчидан, улар шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўядилар, учинчидан, қилаётган ишларида популизм аломатлари кўринади, айтадиган сўзларида табиийлик сезилмайди, шуҳратпарастдирлар, тўртинчидан, келажак авлод ҳақида қайғурмайдилар, бешинчидан, мақтовларга учадилар, лаганбардорларни ёқтирадилар ҳамда атрофларига шундай кишиларни тўплайдилар, аксинча ҳолда самимий, тўғри, билимли инсонларнинг фикрларига шубҳа билан қарайдилар ва тегишлича бундай шахсларни сиёсатга кириб келишларига қаршилик кўрсатадилар. Шарқ алломалари сиёсатчиларнинг қандай бўлишлари ҳақида жуда кўп мантиқий фикрлар қолдирганлар. Сиёсатчиларимиз амалда шуларга амал қилсалар ҳам ўзлари ва ҳам халқ учун фойдали иш қилган бўладилар. Шунинг билан биргаликда сиёсатчиларни нима деб аташларидан қатъий назар, айни пайтда дунё мамлакатларидаги кўпгина ютуқларга айнан оқил сиёсатчилар ҳисса қўшганликларини инкор этиб бўлмайди. Доно сиёсатчи бўлиш ва оқилона сиёсат юргизиш ўта мураккаб иш, сиёсатчидан бутун бир турли миллат, элат, дин вакилларини, турли дунёқарашдаги инсонларнинг манфаатларини уйғунлаштириши талаб қилинади. Сиёсатчи айрим ҳолларда ўзи истамаган ҳолда ғайриоддий қарорлар қабул қилишга мажбур бўлади шунинг учун улар фаолиятига баҳо бериш ҳам мушкул иш. Асосийси сиёсатчи адолатли, узоқни кўра била оладиган, яъни стратегик фикрловчи, принципиал шахс бўлиши лозим.

Rahimjon Turdiyev эса “доктор билан мелисага ишонаман...иккаласига ҳам ишинг тушмасин”, деб кинояли жавоб қилган.

Mirzoozod Mirzane'matov эса, фақатгина Ўзбекистонда машинани исталга жойда қолдириб кетиш ва унда тунаш мумкин, дейди. “Фақатгина Ўзбекистонда бола ҳаётда ўз ўрнини топиш учун уни отаси ва онасидан, қариндошларидан кўра, давлат кўпроқ қайғуради. Фақатгина Ўзбекистонда “ мен ҳамиша она ҳалқимга таъзим қиламан, керак бўлса жонимни ҳам бераман”, дейдиган президенти бор”.

Rustam Karim эса, “агар Ўзбекистон мисолида олганда,хеч кайси касбга ишонч йўк!Конституция гаранти И.Каримовга ишонч бўлмагандан кейин кандай килиб бошка касб эгаларига ишонч бўлиши мумкин?!Ўзбекистонда кўшнисига ва хатто дўст бир-бирига ишончи йўк”, деб ёзади.

Ziyo Ziyoo фикрича, Ўзбекистонда энг ишониш мумкин бўлган инсонлар масжид муллалари эканини ёзади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon