Тошкент вилоят ҳокими ишдан олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Каримов собиқ ҳокимни "одамларнинг ишончини йўқотгани" учун танқид қилган

Президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилган.

4 феврал куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессияси чоғида ишдан олинган собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилгани айтилмоқда.

Куч тизимларига яқин деб кўриладиган Узметроном нашри Усмоновга нисбатан жиноят иши очилиши мумкинлигини тахмин қилган.

Усмонов кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйгани ва унинг "яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар" порахўрликда айбланиб, жазога тортилгани айтилган.

Президент Каримов ўз чиқишида минтақанинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор қаратган.

"Бир қанча ҳал этилмаган муаммолар мавжуд. Жумладан, ишсизлик даражасининг қониқарсизлиги, янги иш ўринлари яратиш ва кўпгина туманларда иссиқхоналар қуриш ва ҳоказо", деган Ислом Каримов давлат телевидениеси орқали намойиш этилган нутқида.

У собиқ ҳоким "ҳамкасблари ва одамларнинг ишончини йўқотгани"ни айтган.

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", -деган президент.

Унинг тавсияси билан Зангиота туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Содиқ Абдуллаев вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Генерал

Асли самарқандлик 57 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Бунгача Жиззахда туман милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган Усмоновнинг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқинлиги айтилади.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Андижонда йирик қурилиш ишлари амалга оширилган, Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани айтилади.

Ҳокимларни алмаштириш мавсуми

Одатда пахта мавсуми ниҳоясига етадиган кеч куз ва ерга чигит қадаш бошланадиган эрта баҳоргача бўлган давр Ўзбекистонда ҳокимларни алмаштириш мавсуми сифатида кўрилади.

Кадрлар билан боғлиқ муҳим ўзгаришлар кўпинча пахта билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.

Аҳмад Усмонов охирги 3 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

Ўтган йил ноябрида Президент Каримов Наманган вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповни "фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари" учун ишдан четлатганди.

У собиқ ҳокимни "ўзибўларчилик, бепарволик, лоқайдлик ва сусткашлик" да айблаган.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Каримов сўнгги ойларда тилга олаётган муаммолар фақат биргина вилоят эмас, балки бутун республикада кузатилаётган тизимга оид муаммолардир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги, аҳоли даромадларининг кескин тушиб кетиши ва ишсизлик даражасининг ортиши кузатилмоқда.

Мутахассисларга кўра, бунга ҳукуматнинг айниқса, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширмай келаётгани сабаб.

Россиядаги иқтисодий инқироз боис юз минглаб ўзбекистонликларнинг уйларига қайтишлари мамлакатдаги ижтимоий вазиятни янада оғирлаштириши айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon