Мамадали Маҳмудов номи халқаро мукофотга илгари сурилди

Эътиқод эркинлиги учун кураш олиб борадиган "Цензура индекси"(Index on censorship) халқаро ташкилоти ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов номзодини 2016 йилги мукофотга илгари сурган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган "Цензура индекси"дан хабар қилишларича, Эврил Турон тахаллуси билан асарлари эълон қилинган Мамадали Маҳмудовнинг номзоди бу йилги Жаҳон Эътиқод эркинлиги мукофотига қўйилган.

Жаҳон Эътиқод эркинлиги мукофоти бутун дунёдаги сўз эркинлиги бўғилган журналистлар, ёзувчи-шоирлар, рассомлар ва бошқа фаолларни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлаган.

"Цензура индекси" халқаро ташкилоти номзодлар орасидан танланган 16 мукофот соҳиблари номларини феврал ойида эълон этишини хабар қилган.

Ўтган йили "Цензура индекси" Мамадали Маҳмудовнинг "Қора рўйхатдаги ҳаёт" номли мақоласини чоп этган эди.

Миллий озодликни орзу қилган адиб

Мамадали Маҳмудов 1940 йил 12 декабрида Жиззахнинг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган.

Отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган.

Ёзувчининг ҳикоя қилишича, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган бобоси Аҳмад Бек 1936 йилда осиб ўлдирилган.

Мамадали Маҳмудовнинг ўз ҳаёти ва ижоди ҳам мураккаб кечган ва кечаётган адиблардан бири.

Асарларида ўзбек халқининг миллий озодлик курашларини қаламга олган адибнинг ўзи бу озодлик юзага чиққан пайти озодликдан маҳрум қолган эди.

Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, КГБ томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудовни, ўзининг айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган.

У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри-"Эрк" газетасини сақлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва кейинроқ давлат мулкини ўғирлашда айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда юз берган қатор портлашлар ортидан қайта ҳибсга олинган ёзувчи бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланади.

Маҳкама жараёнида у ўзининг портлашларга алоқаси йўқлиги ва қийноққа солинганини айтган.

14 йилдан кўпроқ давом этган қамоқ муддати сўнггида шу йил апрелида озодликка чиқарилган Мамадали Маҳмудов номи ва асарларига Ўзбекистонда қўйилган норасмий тақиқ ҳануз амал қилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ