Ислом Каримов гейларни руҳан носоғломга чиқарди

Image caption Каримов сессияда нега айнан гейлар ҳақида гапиргани сабаблари номаълум қолмоқда

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов гейларни кескин танқид қилиб, улар руҳан соғлом бўлмаган одамлар эканини айтган.

"Биласизларми, биз ҳатто аёллар олдида гапиролмаймиз, бизга кириб келган Ғарб маданиятининг қандай жирканчлиги ҳақида гапиролмаймиз".

"Агар эркак бошқа эркак билан яшаса, ёки аёл бошқа аёл билан яшаса, мен ўйлайманки, сизларга кўрсатаётганим мана бу ерида нимадир нотўғри ёки ўзгарган бўлиши керак", деган Президент Каримов бошига ишора қилиб.

"Шундай гап бор, агар Худо кимнингдир ахлоқсизлигини кўрсатмоқчи бўлса, унинг ақлини олиб қўяди", деб қўшимча қилган президент.

Ислом Каримов ўзининг бу гапларини Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг 4 февралда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясидаги чиқишида қилган.

Ўзбекистон президенти нима учун айнан Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашида гейлар масаласига тўхталгани маълум эмас.

Ўзбекистонда эркак билан эркак ўртасидаги жинсий алоқа учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Учрашув давомида президент минтақанинг муҳимлигини ва алоҳида устунликларини урғулаган. Жаноб Каримов 2015 йилда вилоятда эришилган натижалар ҳақида гапирган ва жорий йилда ижтимоий-иқтисодий шароитларни яхшилашга қаратилган янги вазифалар нималардан иборат эканлигини уқтирган. Депутатлар билан учрашув сўнггида президент вилоят ҳокимини хизмат вазифасини бажаришда йўл қўйган кўплаб камчиликлари учун лавозимидан бўшатган.

Президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилган.

"Бир қанча ҳал этилмаган муаммолар мавжуд. Жумладан, ишсизлик даражасининг қониқарсизлиги, янги иш ўринлари яратиш ва кўпгина туманларда иссиқхоналар қуриш ва ҳоказо", деган Ислом Каримов давлат телевидениеси орқали намойиш этилган нутқида.

У собиқ ҳоким "ҳамкасблари ва одамларнинг ишончини йўқотгани"ни айтган.

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", -деган президент.

Каримовнинг тавсияси билан Зангиота туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Содиқ Абдуллаев вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.

5 феврал куни давлатга қарашли Ўзбекистон телеканали учрашув тафсилотларига бағишланган махсус кўрсатувни эфирга узатган.

Бироқ Каримов сессияда нега айнан бачабозлар ва бачабозликнинг кириб келиши ҳақида гапиргани сабаблари номаълум қолган.

Cобиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилгани айтилмоқда. Куч тизимларига яқин деб кўриладиган Узметроном нашри Усмоновга нисбатан жиноят иши очилиши мумкинлигини тахмин қилган.

Усмонов кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйгани ва унинг "яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар" порахўрликда айбланиб, жазога тортилгани айтилган.

Генерал

Асли самарқандлик 57 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Бунгача Жиззахда туман милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган Усмоновнинг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқинлиги айтилади.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Андижонда йирик қурилиш ишлари амалга оширилган, Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани айтилади.

Аҳмад Усмонов охирги 3 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

Ўтган йил ноябрида Президент Каримов Наманган вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповни "фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари" учун ишдан четлатганди.

У собиқ ҳокимни "ўзибўларчилик, бепарволик, лоқайдлик ва сусткашлик" да айблаган.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Каримов сўнгги ойларда тилга олаётган муаммолар фақат биргина вилоят эмас, балки бутун республикада кузатилаётган тизимга оид муаммолардир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon