Азамат Абдураимов: жамоада етакчилар етишмайди

Image caption Азамат Абдураимов.

Ўзбек футбол мухлисларини ҳафсаласини пир қилган, ижтимоий тармоқларда яна баҳсларга мавзу бўлган Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизлиги сабаблари ҳақида собиқ футболчи, ҳозирда мураббий бўлган Азамат Абдураимов изоҳ берган.

"Менимча, терма жамоалар маркази жамоанинг ўйинини чуқур таҳлил қилиб, кейин ўз баҳосини бериши керак. Бунда айбдор қидириш эмас, балки келгусида бу каби хатоларга йўл қўймаслик, жамоанинг ўсишига хизмат қиладиган йўлни ўйлаш керак", деб айтган у Sport.uz сайтига берган интервьюсида.

"Жамоамиз бу хатони бошқа қайтармаса, ажойиб иш бўларди. Лекин мағлубият футболнинг бир қисми. Дунёнинг энг кучли клублари ҳам мағлубиятни четлаб ўта олмайди. Олдинда жуда кўплаб саралаш мусобақалари, турли ёш гуруҳларининг якуний ўйинлари турибди".

Муваффақиятсизликка ҳозир айнан битта сабабни ажратиб кўрсатиш қийин. Бир қанча ҳолатлар бу натижани олиб келди.

"Жамоада бир йилда бир йўла тўрт марта мураббий тайинланди: Мақсудов, Ашурматов, Жалилов ва Бабаян. Бундай тез алмашинувлар билан натижага эришиш жуда мураккаб. Ҳар бир мураббийнинг ўз қарашлари, фалсафаси ва талаблари бўлади. Футболчиларга эса уларга мослашиш осон бўлавермайди" дейди Абдураимов суҳбатда.

Абдураимовнинг фикрича, Ўзбек жамоасида етакчилар, ўйин масъулиятини ўз зиммасига олувчилар етишмайди. Бу эса ўйинчиларнинг руҳий аҳволига таъсир қилмай қўймайди.

Шу боис, "жамоада энг юқори даражадаги ўйинчилар саралаб олингани билан, улардан яхши команда чиқмагани"ни айтади Абдураимов мухбирнинг "Олимпия ўйинларига чиқиш вазифасини ечиш мумкин эдими?"- деган саволига.

"Баъзи ўйинларга бош тренерсиз борган жамоани икки-уч ойда қониқарли тайёргарликдан ўтди, деб айтиб бўлмайди. Йирик мусобақаларда ғалаба қозониш учун йиллар давомида тайёрланиш керак", деб қайд этган у.

"Думбул футболчилар"

Ўзбекистон Oлимпия терма жамоасининг Осиё чемпионати гуруҳ босқичида мағлубиятга учраб, 2016 йил ёз ойида Рио де Жанейрога бориш ҳуқуқидан маҳрум бўлгани бундан олдинроқ ижтимоий тармоқларда роса танқидларга учраганди.

Ҳатто Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ўз китоб тақдимоти маросимида "думбул футболчиларимиз" ҳақида фикр билдириб ўтганди.

Ёзувчининг "Уларнинг барчасининг бўйнига омоч боғлаб, далада қўш ҳайдатиш керак. Сизлар шулар каби танбал бўлиб қолманглар!" дея "танбеҳ" бергани хабар қилинган.

Ўзбекистон U-23 ҳимоячиси Максимилян Фомин Ироққа қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин Фейсбукдаги ўз саҳифасида мухлисларга нисбатан ҳақорат сўзлар ишлатилган мурожаатни қолдирди, деб хабар берган uff.uz.

Сайтга кўра, Фомин шундай деб ёзган: "Биз қанчалик ёмон футболчилар эканлигимиз ҳақида комментларда ёзаётганлар ва постлар қолдираётганлар, чакагингни ўчиринг! Сиз ўзи кимсизлар? Ҳаётда ҳеч нарсага эришолмаган, ҳеч нарсани кўрмаганларсиз. Қиладиган ишингиз мониторнинг у тарафида ўтириб, бировларнинг устидан мағзава ағдаришдан иборат". Ўз хатоси ва қўполлигини тушуниб етган Фомин бир кун ўтар-ўтмас мухлислардан узр сўради ва ҳақоратомуз изоҳини ўчириб ташлади.

"Ижтимоий тармоқ кучи"га қойил қолган Хайрулла Ҳамидов эса Максимилян Фоминнинг Facebook ижтимоий тармоқда мухлисларни ёппасига ҳақорат қилганига ўз фикрини билдирган.

"Мен Фоминнинг ишини оқламайман, сўкиш ва ҳақоратларни оқлаб бўлмайди. Лекин йигитларнинг куйиб-пишиб, ижтимоий тармоқда ёзишаётганига хурсандман. Нега, дейсизми? Бир пайтлари терма жамоамиз билан бирга кўпгина мамлакатларга борганман ва мағлубиялардан сўнг футболчиларнинг ҳолатини кўрганман. Енгилган ўйинларидан сўнг ўзларини қўярга жой топа олмасалар керак, деб ўйлаганимда, улар хотиржам, гўё ҳеч нарса бўлмагандек автобусга чиқиб келишганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетганди," деб ёзади Ҳамидов ўзининг Gol.uz вебсайтидаги мақоласида.

Ўзбекистон олимпиячилари мағлубияти ҳақида футбол мухлислари ижтимоий тармоқларда минглаб танқидий изоҳлар қолдирганлар.

"Шавкат Мирзиёевни шахсан ўзлари шуғулланишлари керак федерация фаолияти билан. Фақат Мирзиёев айбдорларни жазолаши мумкин. Кадрларни янгилаб, ПФЛни фаолиятини назоратга олишлари керак. Ҳамма кирдикорлар аслида ПФЛда", деб ёзган "CHEF-D'OEUVRE".

"NEFTCHIREALMADRID": "Эҳҳҳ эссииззз! Ҳар сафар шундай, бундай футболда виждони бор одам қолдими ози, деярли бутун ўзбек ҳалқининг пешона териси эвазига бунёд этилаётган пахта, буғдой умуман, барча соҳалардаги тинимсиз меҳнат эвазига шакллантирилган даромадлар ҳисобидан шунча шарт шароитлар яратилса...буларга Худонинг ўзи бас келмаса, биз мухлисларнинг гапи заррача ҳам аҳамияти йўқ улар учун!..., дейди яна бошқа бир мухлис.

Кўп мухлислар фикрича, "Бизга ҳақиқий мутахассис - профессионал бош мураббий керак!

"Жонга тегди бунақа мағлубиятлар. Қачонгача чидаш керак буларга. Сабрни ҳам охири бор-ку ахир. Бабаян мураббий эмас, четдан қачон кучли мураббий келади. Миллий терма жамоа хам Бабаян билан кейинги босқичдан ўта олмаслигига 99 фоиз ишонаман. Чунки унда аниқ ишланган рақибни чалғитадиган тактика йўқ. Менимча,Мироброр Усмонов кетмагунча бу ишлар тугамаса керак", дея фикр билдирган "FENIX-8990".

Футбол мухлислари "Хайр,Олимпиада, хайр ЖЧ-2018!", деб афсусланар эканлар, футбол федерациясида ниманидир ўзгартириш вақти келганини, "ҳалоллик бор жойда барака бўлади. Бу омадсизликлар чемпионатимиздаги ва футболимиздаги қинғирликлар учун муносиб жавобдир", деган фикрларни ёзишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio