Обидхон қорига суиқасд маҳкамаси ҳукми қайта кўрилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Обидхон қори уйи йўлагида отиб кетилган.

9 феврал куни Швецияда таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасдда уринишда айбланган Юрий Жуковскийга чиқарилган ҳукмга нисбатан аппеляция маҳкамаси бошланган.

Маҳкама икки шикоят аризасини кўриб чиқиб, хулоса бериши кутилмоқда.

Остершунд шаҳри маҳкамаси ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров жонига қасд қилишда айбланган, Ўзбекистон фуқароси бўлгани айтилган Юрий Жуковскийга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлаганди.

Ушбу ҳукмга қарши Жуковскийнинг ҳимоячиси шикоят аризаси топширган. Шу билан бирга Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси сўраган прокурор ва яқинларининг ҳам аризаси кўриб чиқилади.

Обидхон қорининг ўғли Довудхон Назаровнинг Би-би-сига айтишича, бугун маҳкама прокурорнинг чиқиши билан бошланган. Танаффусдан кейин ҳам унинг сўзлари эшитилади.

Довудхон Назаровга кўра, айни пайтда Жуковскийга қарши яна қўшимча далиллар тўпланган ва улар асосида прокурор Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси берилиши лозимлигини асослаши кутилмоқда. Шунингдек халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотларининг ҳисоботлари ҳам тақдим этилган.

Маҳкама бир ҳафта давом этади.

Ўтган сафарги маҳкама давомида Би-би-си Ўзбек хизмати билан тергов тафсилотларини ўртоқлашган Прокурор Кристер Петерсон Жуковский жиноятини исботлайдиган қатъий далиллари бор эканини айтган эди.

Маҳкамада Кристер Петерссон қотиллик уриниши ортида ўзбек махсус хизматлари турганини билдирган.

Прокурорнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати қотиллик уриниши билан боғлиқ сўровларни жавобсиз қолдирган.

37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский Обидхон қори Назаровни бошига ўқ отиш билан ўлдиришга уринишда айбланган.

У айбларни рад этган.

Ҳодисада Обидхон қори Назаров миясидан оғир жароҳатланган ва ҳанузгача унинг нутқи тикланмагани айтилади.

Тошкентдаги "Тўхтабой" масжидининг имоми ва Президент Каримовнинг ашаддий танқидчиси бўлган Обидхон қори Назаров 2012 йил февралида Стромсунддаги уйи зинасида номаълум шахс томонидан отиб кетилганди.

Юрий Жуковский ўтган йилнинг 25 августида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган.

Жуковскийга ёрдам берганликда айбланган ўзбекистонлик эр-хотинни далиллар етарли эмаслиги важидан маҳкама оқлаган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ