'Элчихона биометрик паспорт беради, фақат...'

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари элчихона орқали эски паспортларини биометрик паспортга алмаштиришлари мумкин.

Фақат, бунинг учун Россияда доимий рўйхатга турганлари ҳақидаги ҳужжатни кўрсатишлари керак бўлади.

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, Москвада Ўзбекистон элчихонаси фуқароларга биометрик паспорт бериш ишларини бошлаган.

Image caption Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдида паспорт юзасидан узун навбатлар пайдо бўлган.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукуматининг нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддатини тугатиш ҳақидаги қарори Россиядаги ўн минглаб ўзбек муҳожирларини оғир аҳволда қолдиргани ҳақида айтилган. Элчихона олдида узун навбатлар суратлари ҳам эълон қилинганди.

sputniknews-uz веб сайтидаги хабарга биноан, айни пайтда паспорт алмаштириш учун ҳеч қандай узун навбатлар йўқ, ҳужжатлар алмаштириш одатий тартибда амалга оширилмоқда.

Image caption Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси.

Москвадаги ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига кўра, доимий рўйхатда турадиганлар билан навбат бўлмаслиги табиий. Чунки паспорт алмаштириш биринчи навбатда пропискаси Ўзбекистонда бўлган фуқаролар учун муҳим.

Улар билан муаммолар ҳали ҳам ўша аҳволда, дейди фаол. Россияда доимий рўйхатда бўлмаган фуқаролар, уларнинг асосий қисмини меҳнат муҳожирлари ташкил қилар экан, янги тартибга биноан биометрик паспортни ватанларига бориб олишлари керак дегани.

Бу эса паспортларини алмаштиришга улгурмаган Ўзбекистон фуқаролари ишларини йўқотиш, патентдан маҳрум бўлиш ва 3 йилгача Россияга киритилмаслик тақиқига юз тутишларини юзага келтиради.

Шундоқ ҳам аҳволи оғир бўлган муҳожирларнинг муаммосини элчихона енгиллаштирмаяпти, бу паспорт масаласи билан яна кўпайтиряпти, холос. Қўшимча юз доллар топиб яқинларимга юборай деб, уйига боролмай юрган муҳожирлар қийин аҳволда қолдилар, дейди фаол.

Ўзбекистонда 2011 йилдан бошланган биометрик паспортларга ўтиш жараёни 2015 йил декабрида ниҳоясига етиши айтилганди.

Бироқ бу муддатда паспортларини алмаштиришга улгурмаганлар сони кўплиги боис, эски ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилди.

Айни пайтда, бу имконият фақат Ўзбекистон ҳудудида яшовчи фуқароларга талуқли бўлиб, четга чиқиш учун мажбурий тарзда биометрик паспорт олиш талаб қилинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio