Тўйлар ҳақида ўйлар...

Эътибор билан кузатаётганган бўлсангиз, тўйлар, маъракалар, турли қадимий маросимларга йилма-йил, даврма-давр турфа “янгиликлар” қўшилаяпти. Гўё бу билан анъаналарни бойитаётгандекмиз. Аслида эса, ўзимизга ўзимиз муаммоларни янада кўпайтирмаяпмизмикин?...

Тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш, кимўзарчиликка барҳам бериш, тўю тантаналарни ортиқча сарф – харажатларсиз, ихчам, чиройли ўтказиш масаласи ҳатто давлат сиёсати даражасига кўтарилганига неча йиллар бўлди. Бу ҳақда Қарорлару қанча-қанча ҳужжатлар бор, лекин сезиларли бир натижа кўринмаяпти. Нега? Чунки, аввало давлат идораларида ишлаётган баъзи мансабдор шахсларнинг ўзлари халқнинг кўз ўнгида дабдабали тўй қилишаётир. Авом уларга эргашиб, дўпписи бошига тор келишига қарамасдан тиришиб-тирмашиб, дабдабали тўй қилиш орзусига тушиб қолмоқда.

Дейлик, бирор вазирнинг тўйига қатнашган лавозимдор ҳам шундай катта зиёфат беришни режалаб қўяди. Ёки прокурорнинг боласи оддийгина туғилган кунини қандай дабдаба билан нишонлаётганини кўрган тенгдошлари-да ортда қолгиси келмайди. Қовун қовундан ранг олаверади: бойлардан ўртаҳоллар, ўртаҳоллардан эса кам таъминотлилар...

Қани энди одамларнинг қон-қонига сингиб бораётган бу кимўзарчиликка нуқта қўйиб кўринг-чи?!

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Бойларнинг-ку, бир умр эсда қоладиган тўй ўтказиши, эҳтимол, ўзларига татиётгандир. Чунки, уларнинг тўйига ҳеч ким қуруқ келмайди... Лекин давлатнинг ойлигига кўз тикиб, бирнави ҳаёт кечираётган ўртаҳол одамлар ёки бирор ишга жойлашишнинг ҳам йўлини топа олмай зўрға кун ўтказаётган оилалар тўй қилса-чи?...

Аксарият одамлар оғзига кучи етмаганларнинг изза қилишларидан чўчиганлиги учунгина кимлардандир қарз олиб бўлса-да элга дурустроқ дастурхон ёзишга ҳаракат қилади. Қарз эвазига дабдабали тўй қилган кишилар бир умр эсда қоларли изтиробларни ҳам бошдан кечираётир.

...Қишлоғига борб келган танишим надомат билан дейди:

-Ўртаҳол киши тўйига номдор эстрада хонандаларидан бирини таклиф қилди. “Хонанданинг ҳурмати” учун бор будини сарфлабди, етмаганига қарз олибди. Тўйдан сўнг эса... қозон қайнатиши машаққат бўлиб қолган оиласини шу ҳолича ташлаб, қарзларини тўлаш учун ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетди...

Еб-ичишдан тортилиб, қийналиб қолган, ҳам ота соғинчидан ичикиб кўзлари киртайиб қолган болаларнинг аҳволини кўрсангиз, ичингиз ачийди. Биров-бировга ёрдам берадиган ҳолда эмас, ҳеч ким ўзидан ортмай қолган. Қишлоқлардаги аксарият хонадонлар худди уруш йилларидаги каби эркакларсиз, ҳувиллаб қолган – ўша йилларда ёппасига фронтга кетишган бўлса, энди мардикорликка... Уй-жой, рўзғор, томорқа ташвишлари – ерга уруғ қадаш, ўроқ ўриш, кетмон чопишдан тортиб, бозор-ўчар қилиш, даладан ем-хашагу ўтин териб, йиғиштириб келиш, ҳатто ўтин ёришдек оғир меҳнатлар ҳам ожиза аёллар ва болалар зиммасида... Заифгина иссиқ жонларнинг иссиғи, иситмаси билан ҳам, совуқдан зир титраши билан ҳам бировнинг иши йўқ. Тўрт-беш сўм орттиролганлари амал-тақал, чала-ярим “даволанишаяпти”, йўқса - йўқ... Дўхтирлар ҳам қўлга қараб қолган... Маҳалла қўмитаси-ю, маҳаллий ҳокимиятдагилар орқасида “Ҳа!” дейдиган одами борларгагина қайишади, қарашади. Оддий одамлар – “изи” йўқлар изсиз кетсаям парво қилишмайди. Шундай оғир шароитда “сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” деганларидек, “қўшиқлари “хит” бўлаётган хонандани тўйга олиб келаман” деб, ўз аҳволини ўзи оғирлаштираётган одамларнинг тутумига тушунолмайман...

Қишлоқда яшовчи фуқаро биргина номдор хонандани тўйга чақириб, шу даражага тушган бўлса, энди катта шаҳарларда “урфга кўра” хилма-хил “машҳур”ларни “бирров хизмат”га чақирадиган, тўйлару маросимларда қиммат автомобилларни ижарага оладиган, тойчоқ безатадиган, ҳатто бугунга келиб, қудаларнинг уйига қўйларни-да “ясантириб” жўнатаётган ҳою-ҳавасли хонадонларнинг дабдабадан сўнгги ҳоли руҳиясини тасаввур қилаверинг...

Бундан роппа-роса бир аср муқаддам улуғ маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний қалбини ларзага солган иллатлар-муаммолар ҳануз долзарблигича қолаётгани ғоят афсусланарлидир: ”...Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға "Ўғлум, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!".— деб "ташишка" — ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар...”

Уйда қолган рафиқаси, ёш болалари, кекса ота-онасининг кўзда ёшини сиздириб, ойлаб, йиллаб соғинтириб яшаш эвазига ўзлари-да ёт элларда елкалари эзилиб ҳалол меҳнат билан топган маблағларини бир кунлик тўй учун, ҳою-ҳавас учун ҳавога сочаётган одамларга боқиб ўйлаб қоласан киши: Бу соддаликми, онгсизликми ё мантиқсиз “ғурур”ми?...

Дабдабали тўй ўтказишни катта обрў деб тушунаётган одамлар бир умрлик ҳаётининг, насли, миллатининг давомчиси бўлмиш дилбандларининг дунёга донг таратадиган етук олим ёхуд адиб бўлиб танилишини, юртга, инсониятга шараф ва наф келтиришини орзу қилганмикин ва бу орзу йўлида ҳам худди тўй тараддудига урингандек тиришқоқлиги, жидду жаҳдини намоён этганмикин ҳеч?!

...Юзлари заҳил тортиб қолган она ўз саломатлигини тиклашни ортга суриб қўйиб, “қудалар олдида изза бўлмаслик учун” қизининг тўйига қимматбаҳо мебель олиш илинжида мисқоллаб пул йиғаётганини эшитиб, беихтиёр руҳга оғриқ, маҳзунлик чўкади... Ҳайрат ва алам бармоғини қаттиқ тишлайсан: ”Наҳотки, бир силкитсанг тўкилиб кетадиган анжомлар ИНСОН қадри, УМР мазмуни, БАХТ мезонига айланиб улгурган бўлса?...”

Шу матоҳлар эвазига мурод ҳосил бўлса-ку, хўпи хўп, аммо...

Кўпинча моддий манфаатларни кўзлаб оила қураётган ёшлар ҳеч қанча вақт ўтмасдан “характерлари мос келмай қолиши”ни рўкач қилиб ажралиб кетаётганлиги, гўдаклар тирик етим бўлиб қолаётганлиги бот-бот учраб турган аччиқ ҳақиқат. Шунга қарамай, “Ҳаётда бир мартагина бўладиган тўй-маросимларни тўкис ўтказиш керак” деган фикрга маҳкам ёпишиб оламиз-у, маънавий ўпирилишлар ҳақида кўпам қайғуравермаймиз. Моддиятни бирламчи санаб, оила, никоҳ, фарзанд тарбиясидек муқаддас бурч олдида масъулият ҳиссини йўқотган ёшларнинг (катталарнинг ҳам) маънавий сўқирлиги сабаб ё ота ё она меҳридан мосуво бўлиб ўсишга маҳкум этилаётган гўдакларнинг ўксик тақдири наҳотки ҳеч кимни қизиқтирмаса?...

Бу оғриқли чипқоннинг ўзаги жамиятнинг жон томирига қараб чуқур ўсиб бораётир. Юрт, миллат тақдирига масъул этиб тайинланган “ватанпарвар” аъёнлар эса, ўз савлат-у сарватларини сақлаб қолиш қайғусидалар, холос...

“Юртимизнинг фаровонлиги-ю, халқимизнинг бахтиёрлигини билмоқчи бўлсангиз, данғиллатиб ўтказаётган тўйларимизга қаранг!” – деб етти иқлимга жар солишдан, ҳавойи мақтанчоқликдан кимга нима наф?...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKT
  • witter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ