Инглиз меҳмоннинг "Ўзбекистон" кундалиги. 1- кун

Фото муаллифлик ҳуқуқи joeltennant
Би-би-си англиялик сайёҳ, Ҳаффингтон Пост блоггери Жоул Теннантнинг Ўзбекистон бўйлаб сафари чоғида ёзган кундалигидан парчаларни сизга тақдим этмоқда.

Ўтган ноябрь ойида менга иш сафари билан Ўзбекистонга бориш насиб этди. Сафарим ҳақида бировларга гапирсам, муносабат икки хил бўлди: 1) "Ундай мамлакат ҳақида ҳеч эшитмаган эканман", 2) "У террорчилар бор жой эмасми?" Айтиш жоиз, иккала муносабатнинг ҳам менга нафи тегмади. Мен ўзи ҳар доим учишга қўрққанман, бўлар-бўлмас нарсага хавотирланаман. Пешонамга нима ёзилган бўлмасин, билардимки, бу менинг ҳаётимни ўзгартирадиган сафар бўлади. Яхши томонга ўзгарсин, деб ният қилдим.

Ўзбекистон пойтахти бўлмиш Тошкент, машиналарнинг қулоқни кар қиладиган шовқинига қарамай, арвоҳ шаҳарга ўхшарди. Йўл четларида ва йўлакларда одамлар юришибди, лекин дўконларга ҳеч ким кирмайди. Идоралар ҳам кўринмайди. Совуқ уруш давридан қолган Россия машиналари шаҳарни бир неча жойидан кесадиган саккиз йўлакли катта йўлларда ҳар томонга шошиладилар, лекин мутлақ зарурат туғилмагунча, ҳеч ким тормоз босмас экан. Совет тарихи бу шаҳарга қуюқ соя солиб турибди. Мактабда ўқиган тарих китобларим ва кўрган фильмларимдан Совет шаҳрини мана шундай тасаввур қилардим. Тошкентга қўнаётганимда, шўроларнинг баланд, ўткир чизиқли, ғайритабиий ва ҳиссиётларсиз бинолари осмонга ўқталиб турарди. Агар Ўзбекистон ҳали бу меъморчиликдан қутулолмаган бўлса, унда ўз совет ўтмишидан қандай қутулган экан, деб ўйлаб қолдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи joeltennant

Кўчалар осойишта, турли миллат вакиллари бир-бири билан гаплашган ва жилмайган, бошқалар эса телпаклар ва шарфларга ўраниб олган, жиддий, унсиз. Ҳамма жойда ранг-баранг форма кийиб олган гала-гала одамлар кўчада қора иш билан машғул. Афтидан етмиш ё саксонларида бўлган боғбонлар чўпдан ясалган супургилар билан баргларни тўплайди.

Қизил майдонга бордик. У ерда Лениннинг ҳайкалини олиб ташлаб, она ва бола ҳайкалини тиклашган. У ерда бошқача рангли формадаги ҳорғин икки киши фаввора атрофидаги бетон плиталарни бирма-бир кўтариб, тагини тешача билан тозалашар, кейин плитани қайтариб қўйишарди. Кейин, ёнидагисини кўтариб, худди шу ишни такрорлашарди. Атрофимга қараб, бу майдонда нечта плита борлигини хаёлимга ҳам сиғдиролмадим. Ҳаммасини кўтариб чиқишмас, деб умид қилдим.

Ўзбекистонда, гувоҳ бўлганим, ҳамма жамоатчилик ишларини қаҳри қаттиқ хавфсизлик зобитлари назорат қилиб туради. Милиционерларни мен қўриқчилардан ажрата олмадим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи joeltennant

Ҳамма нарса янги кўринса-да, мисли кўрилмаган даражада ҳорғин. Суягинггача етиб борадиган совуқ ҳаво гўёки атрофга мўъжизавий ноқулай кайфият бағишлайди. Парламент олдидаги майдон ҳувиллаб қолган, Миллий хавфсизлик хизмати биноси эса бўм-бўшга ўхшайди. Бу ерда машиналар ва йўловчилардан ташқари бирон жон борми?

Осойишта кўчадаги бир ресторан ташқарисида қаҳва ичиб суҳбат қурдик. Бизнинг гидимиз ажойиб йигит, жўшқин, турли ғояларга тўла. У мен гуруҳимиздаги ягона тамаки чекмайдиган шахс эканимни аниқлагач, қўлимни қисади. У ҳам чекмас экан. Яна бир қаҳвадан кейин гурунг қизир экан, ундан ишқий ҳаёти ҳақида сўраймиз. У чуқур уҳ тортиб, бошини силкитади. "Тўрт йилдан бери бир қизни телбадек севаман", дейди у. Энди уйланишидан аввал уй сотиб олиш учун пул йиғиши керак экан. У жуда романтик бола. Буни унинг чеҳрасидан уқиб олиш мумкин. Ўз севгилиси висолига етишиш учун у тинмай меҳнат қилишга тайёр.

Сўнг Тошкент чеккасидаги эски мадрасага ташриф буюрдик. У ерда пойафзалимизни ечиб, сокин ва илиқ хонадаги қадимий Қуръонни кўришга кирдик. Уни ўқиётганида ўлдирилган одамнинг қон томчилари баҳайбат чарм варақли китобнинг бетларига сингиб кетганди. У ердаги қўриқчи бизни хуш кўрмаганини сеза бошладик. Хонадан чиқиб, ёғочдан ясалган жиҳозларни томоша қилдик. Ҳунармандлар инглиз тилида тортиниб-тортиниб бизга ўз маҳсулотларини сотиб олишни таклиф қилишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи joeltennant

Кечқурун эса "Караван" номли ресторанга овқатланишга бордик. Гидимиз тақводор мусулмон, лекин татиб кўришимиз учун бизга маҳаллий қизил шаробни таклиф қилди. Дастурхон эса ҳеч биримиз еб тугата олмайдиган озиқ-овқатга тўлди. Шу стол атрофида у билан ҳақиқий тил топишдим - иккимиз ҳам кино жинниси эканмиз! У ҳам, менга ўхшаб "Интерстеллар" фильмини жуда яхши кўришини билганимдан кейин, тарихдаги барча фантастик фильмларни қизғин муҳокама қилишга тушиб кетдик. Худди кўп йиллар аввал йўқотиб қўйган дўстимни қайта топгандек бўлдим. Бу йироқ юртда мен учун ҳамма нарса "бошқача" эди, лекин ўша пайтда мен ўзимни уйдагидек ҳис қилдим.

Шаҳар бўйлаб машинада кетар эканмиз, суҳбатни кимдир Исломий Давлатга буради, лекин айни дамда, ҳеч ким бу сўзларни ишлатгиси келмаётгандек. Гидимизнинг юзидан табассум ариди. Унда уят, кейин эса ғазабни кўрдим. "Қуръонда уларнинг қилмишларини оқлайдиган ҳеч нарса йўқ. Улар диндорлар эмас, бандитлар тўдаси", дейди у. Бу даҳшатли жиноятлар унинг эътиқоди номидан қилинаётганидан унинг жуда дили оғриган.

Камтаргина меҳмонхонамга қайтиб келганимда, ўзимни яна хорижликдек ҳис этаман. Деворлар ва пардалардан сигарет иси келади, каравотим ёнида эса кулдон. Ичишдан олдин сувни қайнатиб олдим. Кейин узоқ вақт иссиқ душ олиб, ухлашга ётдим. Танам чарчаса-да, миям уйғоқ эди. Чунки атиги бир неча соатдан кейин, тонгги тўртда қадимий Хивага учамиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02. ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon