Александр Литвиненко: Ўзбек файли

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Британиялик ҳакам Сэр Роберт Оуэннинг 2006 йилда собиқ жосус Александр Литвиненконинг ўлдирилиши юзасидан бу йилнинг январ ойида эълон қилган расмий тергови ҳамон турли баҳсларга туртки бермоқда.

Расмий тергов Литвиненконинг ўлими "афтидан" Президент Владимир Путин томонидан маъқулланган деган хулосага келган.

Жаноб Литвиненко 2006 йилда заҳарли радиоактив полониум-210 моддаси билан заҳарланишидан бир неча кун ўтиб, вафот этган эди.

Президент Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган 43 ёшли Литвиненко заҳарли моддани чой билан бирга ичган, деб ишонилади.

Сэр Роберт Оуэннинг тергов ҳужжатлари ва натижалари расмий тарзда тўлиқ босилган ва улар орасида илова сифатида Александр Литвиненконинг "Ўзбек файли" номли ҳужжат ҳам эълон қилинган.

Биз бу ҳужжатнинг таржимасини баъзи жузъий қисқартмалар билан ўқувчи эътиборига ҳавола этамиз.

Литвиненко ўлими бўйича тергов натижаси

Александр Литвиненко: Ўзбек файли

1996 йил ёзида Чеченистондан Москвага қайтганимда мени АТМ ОБ (Аксилтеррор марказининг Оператив бошқармаси) бошлиғи генерал Волох ёнига чақиртирди ва сўради: “Хабаринг борми, Хохолковни УРПО (Жиноий ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси)нинг бошлиғи этиб тайинлашаяпти. У одам қўрқинчли одам. Бу лавозимда унинг қўлига қандай имкониятлар берилишини сен тасаввур ҳам этолмайсан. Уни ҳеч ким назорат қилолмайди. Бу лавозимда Хохолков қандай ишларга қодир бўлишини тасаввур қилаяпсанми? Уни бу лавозимга тайинламасликлари учун ҳамма ишни қилиш керак”.

УРПО ФСБ ичида ташкил этилаётган ўта махфий бўлимнинг қисқартирилган номи эди ва Евгений Хохолков Волохнинг рақибига айланаётган, бундан олдин эса аксилтеррор марказида Волохга бўйсунган полковник эди.

Ўша йил бошларида Хохолков Чеченистон Президенти Жоҳар Дудаевни йўқ қилиш гуруҳига бошчилик қилган эди. Дудаев “воздух-земля» ракетаси билан отиб ўлдирилган, унинг турган жойи эса сунъий йўлдош телефонидан чиқаётган сигнал билан аниқланган эди. Дудаевни ўлдириш бир неча жабҳалардан иборат мураккаб амалиёт бўлган. Бу амалиёт ичига Дудаевни ёнига жосус киритишдан тортиб, ракетани отган ҳарбий жосуслик учоғигача бошқариш кирган. Бу лойиҳага улкан маблағ ажратилган ва амалиёт тугатилганидан кейин қарийб бир миллион доллар талон-тарож қилингани аниқ бўлган. Волох Хохолковдан пуллар қаерга сарфлангани ҳақида тўлиқ ҳисобот беришни талаб қилган, Хохолков ҳисобот тақдим қилолмаган. Волох эса бу пуллар чиндан ҳам ўз мақсадига сарфланган, деган ҳужжатларни имзолашдан бош тортган. Лекин Хохолковнинг энг юқорида қудратли ҳимоячилари бор эди. Ниҳоят Волохни уятга қолдириб, бу ишни силлиққина “ёпди-ёпди” қилиб юборишган. Ҳозирга келиб эса Хохолковга ўз бошқармаси – УРПО бошқариш учун берилаётган, афтидан, энди генерал унвони ҳам бериладиган эди.

Аслида УРПОни - қонунларни четлаб ўтиш ҳуқуқига эга бошқармани - ташкил этиш ғояси Чеченистон тажрибаси ортидан туғилган эди. Ўша эълон қилинмаган урушда махфий хизматларга роса кўп эркинликлар бериб қўйилган, улар бирор бир қонуний чекловсиз бировни ҳибс қилиши, сўроқларга тутиши ва ҳатто ўлдириб юбориши ҳам мумкин эди. Ҳеч ким Россия фуқароси бўлган Дудаевни ракета отиб ўлдиришдан олдин бу ишнинг икир-чикири маслаҳатлашилиб, раҳбарларнинг розилиги олиниши лозимлигини инкор этолмасди. Москвада Дудаевни йўқ қилиш амалиётининг ҳар бир босқичида қатор ҳуқуқий чиғириқлардан ўтишга тўғри келган эди. Мана ҳозирга келиб эса ташкилот раҳбарлари бирор-бир ҳуқуқий чеклов билан “қўли боғланмаган”, “махсус амалиётлар”ни бажаришга қодир, тўла мустақил, ўта махфий бўлинмага эга бўлсак ёмон бўлмайди, деган қарорга келган эдилар. Хохолков бу иш учун энг муносиб номзод деб кўрилганди. Волох эса ўзиникидан ҳам қудратлироқ, рақибона оператив бўлинма ташкил этилаётганидан норози эди. Шу сабабдан ҳам у менга махфий топшириқ – Хохолковнинг кирдикорларини қидириб топиш топшириғини берди.

Хохолков илк бор менинг эътиборимга 1993 йили тушган эди. Ўшанда мен, ёш оператив ходим коррупцияда айбланган зобитларнинг гуруҳини фош этишда қатнашган эдим. Бу ишга менинг ўзим хизмат қилаётган бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Костюков ва менинг бевосита раҳбарим подполковник Вагановлар ҳам аралашган бўлиб чиққанди.

Бир куни мени қабулхонага чақиртиришди ва шикоятчи арзини тинглашни буюришди. Шу тариқа мен Георгий Окроашвили билан танишиб қолдим. У нефт билан шуғулланар, шу сабаб оч қолмаган одам эди. Георгий менга қандай қилиб бир неча кун олдин қуролли одамлар ўзини ўғирлашга ҳаракат қилганлари ҳақида айтиб берди. У ўзининг БМВ-850 машинасини гаражига киритаётган пайтда қуролли одамлар пайдо бўлган. У газни босиб, гараж эшигини бузишга ва қочиб қутулишга муваффақ бўлган. Ваганов менга Окроашвилини қўриқлашни буюрди.

Мен Георгий билан кўп вақт бирга бўлдим. Икковимиз дўстлашиб ҳам қолдик. У менга ишона бошлади, баъзан бизнес масалаларида мен билан маслаҳатлаша ҳам бошлади. Бир куни оғзидан ФСБ ишида объект бўлгани ҳақидаги гап чиқиб кетди. Бу «Тоғлик одам» деган амалиёт бўлган.

«Бу нима деганинг – объект?», ҳайрон бўлиб сўрадим мен.

«Ҳали КГБ бор бўлган замонларда менга нисбатан иш очишган». Ва менга аниқ фактлари билан ҳамма нарсани айтиб берди, уни кузатган агентлар кимлар эди, у ҳақда маълумот бераётган айғоқчилар кимлар бўлган, кузатув жиҳозлари қаерга ўрнатилган ва ҳоказо. Унинг ўзи ҳеч нарсадан хавотирланмас эди. Чунки, ўзининг айтишича, ўмарган пулларининг яхшигина улушини ФСБ тепасидагилар билан бўлишиб келган. Айтиши бўйича пулларни менинг бошлиқларим Костюков ва Вагановлар олар эканлар.

Мен бу хабардан шокка тушдим. Ишхонага келиб Георгийга алоқадор ишни ўрганиб чиқдим. Чиндан ҳам у «Тоғлик одам» ишидаги объект ҳисобланар эди. Энг ҳайратланарлиси, объект ўзининг объект эканидан тўла хабардор эди. Бу нарса умуман кечириб бўлмайдиган қоида бузилиши эди.

Мен бундан буёғига қандай иш тутишни билмасдим. Ўз топилдиғимдан генерал Анатолий Трофимовни бохабар этишга қарор қилдим. Трофимов бутун ФСБдаги ўша пул оладиганлардан бири бўлмаган раҳбар деб олдига қўрқмасдан кириш мумкин бўлган балки ягона раҳбар бўлгандир. Чунки Окроашвили сўзларига кўра, у берган пуллар қаергадир “юқорига” узатиларди.

Трофимов тирик афсона эди. У ҳали КГБ замонида энг шов-шувли иқтисодий жиноятларни фош этгани билан ном чиқарганди. У ҳалол, пулга сотилмайдиган инсон ва ўта профессионал ходим сифатида танилган эди. Оддий оператив ходимлар Трофимовни ҳаддан зиёд ҳурмат қилишарди.

Хуллас, мен Трофимовнинг олдига кириб дедим: Анатолий Васильевич, афтидан бизнинг бошқармамизда “криша”(муҳофаза халқаси) бор ва мен ҳам ўзим истамаган ҳолда унинг аъзосига айланиб қолганман”.

Мени тинглаб бўлиб у айтди: “Сен айтаётган гаплар исботсиз айблов. Сен бу гапларингни исботлайдиган ишончли далил қўлга кирита оласанми?”

Бироз вақт ўтганидан кейин Георгий айтиб қолди: «Сен мени қўриқлаётганингдан буён мен ўзимни хавфсиз ҳис қилаяпман. Шунинг учун сен мукофотга лойиқсан”. Мен эса Георгийдан пул олишга кўнмадим. “Тўғри, - деди Окроашвили. – Бошлиқларинг ҳам айтишган эди менга “унга пул берма”, деб. Уларнинг ўзи сенга беришади. Бугун кечқурун мен Костюковга пул бераман ва уларга айтаман, сенинг улушингни ҳам кўпайтирсинлар.”

Мен бу ҳақда Трофимовга ахборот бердим. “Мана бу бошқа гап. Ташқи кузатув жамоасини олгин-да, ҳамма нарсани тасвирга тушир!”

Биз Костюков билан Георгийнинг Арбатдаги “Глобус” олдидаги келишилганидек соат роппа-роса 3 даги учрашувини суратга туширдик. Пул бир қўлдан иккинчисига ўтди. Ишимизнинг ҳам омади келди.

Трофимов кузатув бригадасига шундай топшириқ берди: “Рапортлар ёзув машинкасида ёзилмасин! Фақат қўлда ёзинг ва ҳаммасини шахсан менга топширинг!” Биз гумондорларнинг орқасидан кузатувни йўлга қўйдик. Ана ўшанда мен биринчи маротаба Хохолков фамилиясини эшитгандим. Бутун халқа: Костюков, Ваганов, Анисимов деган бошқа бир полковник маслаҳат олиш учун Хохолковнинг олдига югуришар, ваҳоланки, лавозими бўйича Хохолков улардан пастроқда эди. Улар ҳаммасининг келиб чиқиши Ўзбекистон КГБсидан эди. Шўролар Иттифоқи тарқалган пайтда улар Москвага ишга ўтказилган зобитлар орасида бўлганлар.

Ўша текширув натижасида Костюковни ишдан ҳайдашди, Вагановни эса бошқа жойга ишга ўтказишди. Хохолков хизмат қилишда давом этаверди. Унга қарши исбот-далил йўқ эди.

Ўша даврларни эсга олган пайтда бошқа бир ғалати ҳодиса ёдимга тушади. Бизнинг бўлимимизга Ўзбекистондаги жиноий гуруҳ бошлиқларидан бири, жиноят оламидаги лақаби “Салим” деганини қўлга олиш буюрилди. Кунлардан бир кун унинг Тошкентдан учиб келаётгани ҳақида оператив маълумот олдик. Бўлимимиз қўлга олиш учун аэропортга отланаркан, мен Вагановнинг олдига кирдим. “Қаёққа бораяпсизлар?”- сўради у.

«Салимни қўлга олиш учун”, - дедим мен.

“Кимни, кимни?” – деди-да Ваганов бурилиб хонасига чопди.

Самолёт қўнди, бироқ ичида Салим йўқ эди. Кейин маълум бўлишича, самолётни ҳавода ортга қайтаришибди. Салим тушиб қолипти. Аниқки, Москвадан кимдир огоҳлантиришга улгурган. Мен Вагановдан шубҳаландим, аммо қўлимда исботим йўқ эди. Ўшанда ўйладим: демак ФСБдаги Ўзбек халқасининг жиноят олами билан алоқалари менинг дўстим Георгийдан олиб турадиган жўн нефт улушларидан кўра чуқурроқ экан.

Орадан кўп ўтмай мен Хохолковнинг ўтмишини чуқурроқ «кавлаштириш»ни бошладим. Ички Ишлар вазирлиги (МВД)даги манба менга Москва шаҳар РУОПи қўлида Хохолковга қарши "бомба материал" борлигини айтиб қолди. РУОП МВДнинг Жиноий ташкилотларга қарши кураш минтақавий бўлимининг қисқартирилган номи эди. Ўша пайтда Москва милиционерлари билан ФСБ оперативниклари виртуал уруш ҳолатида эди: мисол учун бизнинг бўлимимиз РУОПдагилар рэкетчиларни муҳофаза қилиб юргани далилини қўлга киритган эди. Ўша кунлардаги муҳитни инобатга оладиган бўлсак, милициядагилар ФСБдаги одамларга қарши компромат (фош қиладиган) материал тўплаб юрганлари ҳайратланарли эмас эди. Лекин бу ҳолатда материал оддий эмас эди: манбанинг хабар қилишича, Хохолков Марказий осиёлик жиноий авторитетлар билан Россия наркотик бозорини бўлиб олиш муҳокама қилинган тўпланишда ўтиргани видеотасвирга олинган эди.

Афғон наркотикларининг Россияга, ундан кейин эса Шимолий ва Ғарбий Европа бозорларига оқимини Марказий Осиёдаги собиқ Совет республикаларидаги бир неча бир-бирига рақиб жиноий гуруҳлар назорат қилади. 90-йиллар ўрталарида Ғафур исмли жиноий авторитет бошчилигидаги Ўзбек гуруҳи етакчи мавқеъни қўлга киритди.

Ғафур Шимолий Афғонистондаги бангивор ҳосилининг 80 фоизини назорат қиладиган миллати Ўзбек Афғон дала қўмондони билан алоқалари туфайли баланд мавқеъга эришган эди. (...)

Москва РУОПи тасвирга олган видеокассетада Ўзбеклар Тожик бандитларидан Россиядаги наркотик савдоси ва Россия ҳудудидаги транзит учун ўзларига ўлпон тўлашни талаб қилган. “Биз Россия ФСБсидаги ҳимоячиларимизга ҳамма гуруҳлар учун пул тўлаяпмиз. Агар сиз тўлашдан бош тортсангиз, сизда муаммо пайдо бўлади”. Хохолков ФСБдаги ҳимоячи сифатида тақдим қилинган. Мендаги манбанинг айтишича, Москва РУОПи бу видеокассетани сейфда жуда қаттиқ қўриқлар экан.

Бу нарса Хохолковнинг Кутузов проспектидаги дабдабали ресторани, шаҳар четидаги бир неча юз минг долларга тенг дала ҳовлиси қаердан келганини тушунтириб берар эди. Ана шу пайтда казино можароси юз берди.

Айтишадики, каптарни тутмоқчи бўлсанг, ерга дон тўкиб қўй, агар ўғрини ушламоқчи бўлсанг, ерга пул ташлаб қўй. ФСБ жиноятчиларни қўлга тушириш мақсадида узоқ вақтдан буён “пул қопқон”ларини қўйиб қўйган эди. Шулардан бири “Ленинград” меҳмонхонасидаги казино эди. Бу ерда оператив ходимлар, кимлар келаяпти, ким ким билан гаплашаяпти, кимнинг қанча пули бор, кузатиб ўтиришар эди. Ҳамма нарса видеога туширилар эди. Шундай тунларнинг бирида казинога келган Хохолков маст бўлиб қолган ва бир туннинг ўзида 120000 долларни қиморга ютқазган.

Мен топган нарсалар орасида Волохнинг энг қизиққани – РУОПдаги видеокассета эди. Бироқ биз бу видеокассетанинг бор-йўқлигини аниқ билмас эдик. Унинг бор-йўқлигига аниқлик киритиш учун энг “юқори”га чиқиш лозим эди. Волох менга айтиб қолди: “Сен генерал Трофимов билан яхшисан. Ахир сенинг ёрдаминг билан у 93 йили Ўзбек бандасини қўлга туширмаганмиди? Бориб у билан гаплашсанг бўлмайдими?”

Ўша вақтга келиб Трофимов генерал-полковник, ФСБнинг Москва шаҳри ва вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ва ФСБ директорининг ўринбосари эди. Ва ФСБнинг янги директори Николай Ковалёв билан ҳам шахсий муносабати яхши эди.

Мен Хохолковнинг ишини Трофимовга кўрсатганимда, у айтди: “Юр директорнинг олдига!”

Ковалёв бизни ўша заҳотиёқ қабул қилди.

“Коля, сен кимга лавозим бераяпсан? Кимга бошқарма бераяпсан?” сўради Трофимов.

Ковалёв ўзини оқлашга тушди: “Биласанми, Толя, Хохолков қимматли кадр. Чеченистондан кейин “тепа”да уни қўллаб-қувватлаётганлар кўп. Бу ерда ёлғиз мен эмас, олдинги директор шундай қарор қабул қилган. Ельцин аллақачон қарорни имзолаган, энди менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди».

Кабинетдан чиққанимиздан кейин Анатолий Васильевич менга мазмунли қараб қўйди. Бошини сарак-сарак қилди-да, бир хўрсиниб ўз йўлига кетди.

Орадан кўп ойлар ўтиб, ушбу учрашув ҳақида мен Ички Хавфсизликдаги дўстимга айтиб бердим, унинг фаолияти ҳам менга ўхшаб Хизмат билан келишмовчилик туфайли якун топган эди. У бармоғини бошининг чеккасида ўйнатиб деди: “Ковалёв олдига бориш буткул хато фикр бўлган. У Хохолковни ҳимоя қилиб келади. Биз Хохолковнинг устидан бир неча йил давомида оператив иш юритиб келар эдик. Ковалёв бошлиқ бўлиши билан бу ишни танишиб чиқиш учун сўраттирди ва ишни ёпишга буйруқ берди”.

Директор хонасидаги учрашув Хохолков лавозимига таъсир кўрсатолмаган бўлса-да, менинг тақдиримга таъсир қилди. Директор мени эслаб қолган ва кўп ўтмай мендан Хохолковнинг янги бошқармаси – УРПОдаги шахсий агенти бўлишни сўради.

Ўша куни мен ўзимнинг бошлиғим генерал Волох билан жанжаллашиб қолган эдим. Бўлимимиз наркотик ташувчиларга алоқаси бор бир бандит, қотил ва буюртма киллерни ҳибс қилган эди. Биз уни уйида кутиб ётдик. У пайдо бўлган пайти зобитларимиздан бири унинг қўлига кишан солишга ҳаракат қилди. У эса қаршилик кўрсатди, зобитни уриб йиқитиб қочишга тушди. Зобит эса аввал ҳавога, сўнг унинг ўзига қарата ўқ узиб уни яралади. Гумондорни “тез ёрдам” машинасида олиб кетишди, мени эса Волох кабинетига чақиртирди.

“Нега шаҳарда ўт очиб юрибсизлар? – норози оҳангда сўради у. – Эртага ҳамма газеталар бу ҳақда ёзади. Ўргилдим, сизлардақа ковбойлардан”.

Менинг эса жаҳлим чиқди, чунки биз бу гумондорни изига тушиб икки кечадан буён ухламаган эдик. Одамларим ҳолдан тойган эдилар. Волох ҳеч ким уйига кетмасин, ҳар бир ходим Ички Хавфсизлик томонидан алоҳида-алоҳида сўроқ қилинсин, деб буйруқ берди. Мен ҳам Волохга қараб бақирдим, эшигини қарсиллатиб ёпиб чиқиб, тўғри директор қабулхонасига йўл олдим.

Қачон оператив ходим директор билан шахсан учрашмоқчи бўлса, ақлли директор уни дарҳол қабул қилади, чунки масала ортга қолдириб бўлмайдиган масала бўлади. Ва Ковалёв ана шундай директор эди. Бундан ташқари, Ковалёв мени Трофимов билан бирга унинг кабинетига киришимиздан олдин ҳам яхши билар, ва мен, у мени ёқтиради, деб ўйлар эдим.

Мен бўлган воқеани тушунтириб бердим: одамларим бандитни қўлга туширди, у бўлса қаршилик кўрсатди. Бизнинг нотўғри йўл тутганимизни прокурор ҳам исботлай олмайди, Волох бўлса яхши хизматимиз учун раҳмат айтишнинг ўрнига бизнинг устимиздан ички тергов бошламоқчи. Мен ўз одамларимни ташлаб қўймайман. Агар Волох ўз қароридан қайтмаса, мен истеъоф бераман.

“Ким ўқ узди?” – деб сўради Ковалёв.

“Подполковник Горшков. Энг тажрибали оперативник. 20 йиллик милиция ветерани, кейин бизга ишга ўтган. Икки марта яраланган. Саккиз марта ўт очган. Ҳеч қачон ўқи хато кетмаган. Бир неча жиноятчини ўлдирган”.

Бу гапдан Ковалёв таъсирланган эди: “Саккиз марта? Бу ҳазилакам гап эмас. Бу одам сенинг жамоангдами?”

“Худди шундай”.

“Бизга бундай одамлар керак, - деди Ковалёв. – Сени УРПОга ўтқазамиз. Ўзинг билан бутун командангни олиб ўт!”

Мен тилдан қолган эдим. Мен Хохолков ҳақидаги фош этувчи барча материалларни Ковалёвнинг ўзига олиб келиб берган бўлсам, қандай қилиб унинг бошқармасига ишга ўтаман?

У менинг хаёлимдан ўтаётганларини ўқиб тургандек эди: “Хохолков ишини унут! Биз ҳаммасини текшириб кўрдик. Ҳеч нарса исботланмади. Лекин УРПОда менинг ўзим одамим бўлса зарар қилмайди. Нима дейсан? Розимисан? Хоҳлаган пайтингда менга қўнғироқ қил!”

Мен нима ҳам қила олардим. Бу буйруқ эди. Мен айтолмас эдим: “Йўқ, ўртоқ директор, мен Хохолков билан бирга ишлолмайман”. У менинг Хохолков ҳақида қандай фикрда эканимни жуда яхши билар ва ўйлайманки атайин мени унинг бошқармасига ўтказган эди.

Лекин Хохолков ҳеч нарсадан шубҳаланмас эди: унинг менинг директор билан суҳбатимдан ҳам, Волохнинг рапортидан ҳам, 1993 йилдаги текширувдаги менинг иштирокимдан ҳам хабари йўқ эди. Хабари бўлганида УРПОдаги менинг биринчи ва нозик топшириғимни менга бермаган бўлар эди.

Хохолков менга “Ленинград” меҳмонхонасидаги казинода кўзга ташланган Нанай лақабли жиноий фигура ҳақида маълумот тўплашга буйруқ берди. Мен Нанайнинг яшаш манзили, телефон рақамлари, контактлари, ҳаракатланиши, одатлари ва ҳоказоларни ўрганишим лозим эди. Мен унча кўп изланмасдан Синица деганини топдим, Синица орқали Нанайнинг қаерда яширинаётганини билиб олиш мумкин, деб айтишди. Синицани ҳамма модельер деб танир, аслида эса у армия истиҳбороти – ГРУнинг махфий агенти эди.

Маълум бир вақт Синица билан мен бир-биримизни текшириб юрдик. Ниҳоят ўртамизда бир-биримизга нисбатан ишонч ҳосил бўлди. Афтидан Синица Нанайнинг маълумотчиси эди ва у менга Нанайни топишда ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Лекин бошида мен нега Нанайни қидираётганим сабабини унга айтишим ва менга қандай ваколат берилганини очиқ айтишимни талаб қилди.

Бунинг учун мендан ўз терговимни расман рўйхатдан ўтказишим ва жиноят ишининг рақамларини қайд этишим талаб қилинар эди.

Мен шундай қилмоқчи бўлдим. Бироқ Хохолков кўнмади: “Йўқ, йўқ. Фақат Нанайнинг қаерда эканини аниқла ва менга хабар қил! Ҳеч нарсани ёзма, бирор ҳужжатни расмийлаштирма, Бошқа бирорта ҳам одам билмасин. Фақат менинг ўзимга оғзаки рапорт бер!”

Мен Синицанинг олдига қайтдим.

“Менга бу ҳид ёқмаяпти, - деди у. – Нанай қочиб юрипти, ҳар доим турган жойини ўзгартираяпти. ФСБда бир одам уни қидириб юрибди. Балки уни сен танирсан?”

“У одам ҳақида айтиб бер-чи”, дедим мен.

“Генерал Женя дегани. Бақувват одам.”

Мен ўйладим: Хохолковнинг исми Женя - Евгенийнинг қисқартирилгани ва у чиндан ҳам бақувват одам.

“Женя нега Нанайни қидириб юрган экан?”, сўрадим мен.

“Чунки Женя ўзининг Ўзбекистондаги одамлари орқали сотиб пулини йиғиб берсин деб Нанайга наркотикларнинг катта партиясини берган. Лекин Нанайни алдаб кетишган. Женя бўлса Нанай ўзининг Ўзбек дўстларига 200000 долларни тўласин, деб талаб қилаяпти. Нанай бўлса, зарарни Женя билан 50 ка 50 бўлайлик, чунки икковларини ҳам алдаб кетишди ва энди рискни икковлари тенг бўлишлари керак, деган фикрда.”

Албаттаки, наркотиклар ва Ўзбекларнинг алоқаси ҳақида мен Хохолковга айтиб ўтирмадим. Мен фақат “Нанайни топиб бўлмаяпти. У доим қочиб юрибди. Лекин у билан учрашиб, унинг орқасидан “дум” қўйиш мумкин”, дедим.

“Бу яхши, - деди Хохолков. – Унга сен қандай қилиб чиқдинг?»

«Ўзимнинг манбам орқали».

«У қанақа манба?»

«Мен у билан «Ленинград» казиносида танишганман”.

Хохолков бу жойни яхши билишидан мен хабардор эдим.

«Биласанми, нима? – деди Хохолков. – Бу топшириқни унут! Ортиқ терговни давом этдириш шарт эмас. Бу билан менинг ўзим шуғулланаман. Агар яна ўша манбангни кўриб қолсанг, айт, Нанайга етказиб қўйишсин, Ўзбекистондан одамлар келишади, Нанай бир масалани ёпиши керак. Бор гап шу”.

Ҳаммаси ўз исботини топганди: Ўзбеклар ҳам, наркотиклар ҳам, пуллар ҳам.

Орадан олти ой ўтиб, Бош прокурор "УРПО иши" билан шуғулланаётган пайти мен Нанай билан боғлиқ эпизодни терговчига айтиб бердим.

Прокуратурадан чиқаётган вақтда эса мени кўчада Синица кутиб турганини кўрдим.

“Сен нега мени бу ишларга аралаштираяпсан? – деди у менга. – Агар сен ақлдан озган бўлсанг, менинг каллам жойида. Сен ўйлайсанки, мен Женянинг кимлигини билмайманми? Мен унинг Ўзбек дўстлари билан учрашдим. Улар қотиллар. Уларнинг кўзлари шиша. Мен ўлигимни Москва-рекадан топишларини истамайман. Сен аҳмоқсан. Сизларнинг ҳамма генералларинг бандит. Сен нима, буни билмайсанми?”

Хохолков Ўзбеклар билан бирга кадрга тушиб қолган видео ФСБ билан РУОП ўртасидаги душманлик чўққисига чиққан пайтда юзага қалқиди. Бунга Алёхин деганининг дўконига бўлаётган рэкет сабаб бўлди. Алёхиннинг уч вокзалга яқин жойда йирик дўкони бор эди.

У бу дўконида бизнесини бошлаганидан кейин кўп ўтмай олдига бир одам келади ва бу квартални назорат қилишини, ким бу ерда бизнес билан шуғулланса, ўзига ўлпон тўлаши лозимлигини айтади. Алёхин бу одамга пул тўлашдан бош тортади.

Эртаси куни бир неча киши келиб Алёхинни машинага ўтирғизиб Обручев кўчасига олиб боришади. Стол ортида бир киши ўтирарди. У гувоҳномасини кўрсатиб, шундай дейди: “Мен Москва РУОПи полковниги Юршевичман, Махсус Тезкор Гуруҳ бошлиғиман. Сен бизга пул тўлаб турасан, акс ҳолда муаммоларга дуч келасан”. Алёхин рози бўлади: “Агар сиз милиция бўлсангиз, унда розиман”. Ва уларга ойига 5000 доллардан пул беришни бошлайди.

Бироз вақт ўтгандан кейин улар яна келиб айтишади: “Сенинг тўловинг 7000 га кўпайди”. Алёхин уларга етти минг доллардан беришни бошлайди. Кейин улар “нарх”ни 9000 га чиқаришади. У тўлайди. Кейин баҳони 15000 га чиқаришади. Шунда Алёхин норози бўлади: “У ҳолда бизнесим куяди-ку”. Уларнинг бўлса янада жаҳли чиқади: “Ҳали шундайми? Бизда худди сеникидақа яна бир бошқа дўкон бор. У 15 тўлайди. Демак сен биздан даромадингни яшириб келаяпсан. Сен ёлғончи, ўғрисан. Шу қилганинг учун 15 мингнинг устига 45000 жарима ҳам тўлайсан!”

Алёхин: “Иложим йўқ”.

Улар: "Сеними ҳали, шошмай тур!"

Кечқурун уйига бостириб келишади. Ўзини калтаклашади, хотинининг тилла тақинчоқларини, дала ҳовлисининг ҳужжатларини олиб кетишади. Шундан кейин Алёхин улуш бериб келган бошқа танишининг олдига ёрдам сўраб боради. Бу таниши ФСБда ишлашини у билар эди. Шу тариқа у бизга йўлиқади.

Биз бу бандитлар ким эканлигини "аниқлашга киришдик". Уларнинг таниқли жиноий гуруҳ - Рязань бандасининг одамлари эканини аниқлаш қийин бўлгани йўқ. Кўп ўтмай улардан бирини қўлга олдик. Бу одам чиндан ҳам Юршевичнинг қўриқчилари рўйхатида турган одам бўлиб чиқди. Бу одам милиция зобитининг гувоҳномаси билан Москвада эмин-эркин юрар, Мазкур Тезкор гуруҳ зобити сифатида рэкет муҳофазаси билан шуғулланар эди.

Ундан кейин биз Алёхиннинг олдига миниб келишган машинани аниқладик. Маълум бўлишича, машина РУОП ҳимоя қилиб келадиган бир тижорат компаниясининг рўйхатида турар экан. Бу фирма гўё РУОПнинг махфий амалиётлар билан шуғулланадиган бўлимидек кўринар эди. Машинага милициянинг фавқулодда вазиятда ҳаракатланишда қўлланадиган чироғи - мигалка ва сирена ўрнатилган, махсус қайд талонига эга, яъни Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг текшириши тақиқланган эди. Биз фирма рўйхатдан ўтказилган манзилга келдик. Эшикни тақиллатдик. Бақувват бир одам эшикни очди. Ўзи Грузиядан, Москвада пропискадан ўтмаган. Қўшни хонага ўтдик. У ерда фирма раҳбари ўтирипти, ёнида икки қиз ҳам бор. Қизлардан бири вояга етмаган. Иккиси ҳам қаттиқ калтакланган ва фирма бошлиғи икки кундан буён жинсий зўрлаётган экан.

Биз маҳаллий милицияни чақиртирдик, тинтув бошладик. Бу одамни милиция бўлимига олиб бордик. Устидан жиноят иши қўзғатилди. Қизлар ўзларининг зўрлангани ҳақида шикоят аризаси ёзиб беришди. Тергов бошланди.

Энг қизиқ ҳодиса кейин юз берди. Милиция бўлимига Москвада номи таниқли бўлган адвокат кириб келди. Мижози бўлган фирма бошлиғини ҳимоя қилишнинг ўрнига Юршевич уни бепул ишлашга мажбур қилаётганидан нолиб қолди. Айтишича, уч йилдан бери Юршевич ўзининг муҳофазасида бўлган ширкатларга юридик хизмат кўрсатишни талаб қилар, аммо ҳақини тўламас экан. Бунинг устига жиноий фаолиятга қўшилишга ҳам мажбурлар экан. Адвокат ўзининг номини оқлаб олишни хоҳлашини айтди.

У бу банда РУОПчилардан таркиб топганини, Рязань уюшган жиноий гуруҳи билан қўшилиб кетганини, бу одамлар содир этган жиноятларнинг конкрет эпизодларини ҳам ҳикоя қилиб берди. Сўнг Москва шаҳри РУОПИ бошлиғи генерал Климкинга қарши, Ички ишлар вазирлиги раҳбарларига қарши кўрсатмалар берди. Бу кўрсатмаларни эшитган адвокатни сўроқ қилаётган терговчи оқариб кетганди. Мендан илтимос қилди: "Илтимос, уни бу ердан ўзингга, Лубянкага олиб кет! Мен сенга олиб кетиш қоғозини имзолаб бераман. Уни ўша ерда сўроқ қил! Мен қўрқаяпман".

Мен адвокатни Лубянкага олиб кетдим ва у билан савол-жавобни кинокамерага ёзиб олдим.

Унинг кўрсатмалари орасида Москвадан 160 километрча узоқликдаги вилоят шаҳарларидан бирида икки банда ўртасида юз берган отишма ҳам бор эди. Бу разборкага маҳаллий чинни заводига эгалик қилиш мақсади сабаб бўлган. Отишмада яраланган Юшкевич бандасининг аъзоларини Москвага олиб келишган ва бир жойда даволашган. Адвокат ўша жойнинг манзилини ҳам айтиб берди. Мен дарҳол бу манзилга махсус бўлинмани жўнатдим. Бу яширин фоҳишахона бўлиб чиқди. Ичида бари, кичик рақс зали, саунаси, бир неча хусусий хонаси, гинекологик текширув учун барча жиҳозлари бор тиббиёт хонаси ҳам бор экан. Биз кузатув ўрнатдик ва бу жой РУОП, Москва милицияси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарларининг ҳордиқ чиқариш жойи эканини аниқладик.

Иш ниҳоясига етди. Ҳамма ҳужжатлар прокуратурага оширишга тайёр эди, аммо мен бу ҳужжатларни Хохолковнинг қабулига имзолашга олиб киришга иккиланардим. Тўсатдан Хохолковнинг тоби қочиб қолиб ишга чиқмади. Мен ҳужжатларни унинг ўринбосарига олиб киришга шошилдим, у қўл қўйиб берди. Қоғозлар прокурорларнинг қўлига етиб бориши билан биз РУОП телефон сўзлашувларини яширин эшитишни бошладик. Янада кўпроқ нарсаларни билишга муваффақ бўлдик…

Милиция бўлимига қўнғироқ: "Осипов (Москва РУОПи бошлиғи ўринбосари) тезда вазир ўринбосарининг туғилган кунига пул йиғишга буйруқ берди. Ҳар бир бўлимдан 1000 дан". Агар Москвада юзтача милиция бўлинмаси бўлса, жами 100 000 доллар бўлади, деб хомчўт қилдик биз. Бир бўлимнинг бошлиғи қайта қўнғироқ қилди. У айтилган муддатгача пулни йиғишга улгурмаганди. Уни роса "олиб бориб олиб келишди". "Нима, ҳудудингдаги дўконлардан атиги минг йиғолмайсанми, - жаҳли чиқарди РУОПдагиларнинг. – Шунчалик ҳам лапашанг бўласанларми? Коммерсантларини сиқинглар!"

Ўша сўзлашувларни тинглаш натижасида биз Осипов доғистонликларнинг жиноий гуруҳини ҳимоя қилиб келишини аниқладик. Бу дегани Москвадаги барча сабзавот бозорлари, шу жумладан, наркотикларнинг чакана савдоси дегани эди. Гиёҳванд моддалар Марказий Америкадан банан яшикларида келарди. Банан таъминотига эса Москва шаҳри ҳокимияти кредит ажратган эди.

Қисқа вақт ичида ушбу текширув Москва РУОПи аралашган кенг миқёсдаги жиноят тармоғини аниқлади. Моҳиятан РУОП минтақавий жиноий гуруҳлар билан биргалашиб кетган эди.

Жинсий зўрлашдан бошланган бизнинг терговимиз Москва РУОПи бошқарган рэкетга паноҳ бериб келаётган Рязан бандитларига, ундан тепага, Ички Ишлар вазирлиги биносига етаклади.

Ана ўша пайтда Ўзбек видеоси юзага қалқиб чиқди. РУОПдан икки зобит бизнинг қабулхонамизда пайдо бўлишади ва Хохолков билан гаплашмоқчи эканларини айтишади. Бироқ ўша кунлари Хохолков шифохонада эди, шу боис улар Хохолковнинг ўринбосари генерал Макаричев билан кўришишади. Улар етказмоқчи бўлган мужда оддий эди: "Тўхтанглар! Тинчланинглар! Бизнинг қўлимизда ҳам сиз ҳақингизда материал бор. Кимга керак ўртада уруш?" Сўнг видеокассетани қўйиб беришган. Ва яна Ғафур Хохолковга пул бераётган кассетани ҳам кўрсатишган.

Эртаси куни Хохолков шифохонадаги даволанишини тўхтатиб ишга чиқишга мажбур бўлди. Менга бақириб кетди: "Сен нима қилиб қўйдинг? Ким сенга ваколат берди? Нега прокуратурага чиқдинг? Бор жиноят ишини қайтариб олиб кел!"

Ва улар жиноят ишини прокуратурадан чақиртириб олишди ва икки идора ўртасидаги ғалати келишувга биноан ишни кўриб чиқишни айни РУОПнинг ўзига топширишди. Мен ўша материалларни қайтиб кўрмадим. Жиноятчиларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам эркинликда юришипти. Фақат рязанлик бир бандитни қотиллик учун қамадилар. Юршевичга бор пулларини олиб секингина Туркияга қочиб кетишига изн бердилар. Мен ҳеч қачон ўзимни бунчалик сотилган ҳис қилмагандим. Оперативник учун энди қўлга тушираман деган ўлжангни тумшуғинг ортидан қочиб қутулишидан кўра аламлироқ зарба бўлмайди. Афсуски, бу пайтда менда 1993 йилдагидек кўмагига таянишим мумкин бўлган одам йўқ эди. Ковалёв "Хохолковни унут!" деб айтди. Трофимовнинг иккинчи марта яна ўша масала билан бошлиғи олдига кирмаслиги аниқ эди. Шунга қарамасдан, мен Москвадаги "Ўзбек контакт"ларни жимгина кузатишда давом этар, ҳатто ҳужжат тўплаб борар, бироқ ҳеч кимга кўрсатмас эдим.

Орадан кўп ўтмай, менинг ўзим можаро марказида қолиб кетдим. УРПОга Борис Березовскийга суиқасдни режалаштириш буйруғи берилди, у Президент Ельцинга яқин сиёсатчига айланган ишбилармон эди. Мен, бўлимимиздаги беш зобит бу буйруқни бажаришдан бош тортдик. Унинг ўрнига биз Березовскийнинг олдига бориб, ушбу фитнадан огоҳлантирдик. Ўша пайт мен Ковалёвнинг олдига бориб, ундан бизни қўллаб-қувватлашини истадим. Мени дастаклашнинг ўрнига Ковалёв шикоят аризаларимизни қайтариб олишимиз учун бизга босим кўрсатди ва бутун гуруҳни ишдан бўшатди. Лекин аллақачон кеч бўлган эди. Березовский Кремлдаги барча симларини ишга солишни бошлаган эди. Прокуратурадагилар тергов бошлашди. Бир неча ҳафтанинг ичида УРПО тарқатиб юборилди ва Хохолков бошқа ишга ўтказилди. Ва Ельцин Ковалёвни лавозимидан бўшатиб ўрнига Путинни ФСБ Директори этиб тайинлади.

Путиннинг тайинланиши ҳаммани шокка солди. Унвонма-унвон кўтарилиб, уч юлдузли генерал даражасигача чиққан Ковалёвдан фарқли ўлароқ, Путин Кремл Маъмуриятида ишлашга улгурган кўпчилик танимайдиган полковник эди. Ҳамма уни Березовскийнинг қўғирчоғи деб ўйлар эди. Оперативник ходимларнинг кўпчилиги янги директор лавозимида узоқ қолмайди деган фикрда эди. У тизим томонидан рад этилади.

Бир куни мени Березовский чақиртирди.

“Александр, Путиннинг олдига кириб, ўзинг менга айтган нарсаларни айтиб берасанми? Ва ҳали менга айтмаган нарсаларингни ҳам. У янги одам, биласанми, ичкаридаги одамнинг нуқтаи-назари унинг учун фойдали бўлади.”

Мен ҳайрон бўлдим. Агар чиндан ҳам кўришни истаганида ФСБ директори учун мени қидириб топиш ҳеч қийин иш эмас эди. Шундай бўлса-да мен унинг қабулхонасига кирдим.

“Литвиненко? – сўради котиби – Биз сизни қидириб юрибмиз. Бизга бундай ходим хизмат қилмайди, деб айтишди”.

Тизим янги раҳбарни инкор этаяпти, деб ўйладим мен.

"Мени бўшатишган", - дедим мен.

"Эртага эрталаб келинг. Директор сизни қабул қилади".

Ўша тунни мен Путин учун схема чизиш билан ўтказдим. Унинг ичида мен уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида нимаики билсам, ҳаммаси бор эди. Асосий бандит гуруҳлари, улар шуғулланадиган фаолият турлари. Ҳар бир стрелка ҳукуматдаги, ФСБ, ИИВ ва Солиқ хизматидаги алоқаларга етаклар эди. Пастга кетган стрелкалар эса пул ювишда фойдаланиладиган тижорат фирмаларини кўрсатиб турарди. Мен, шунингдек, Ўзбеклар иши билан боғлиқ ҳужжатларни ҳам ўзим билан олиб олдим. Бу ерда у гуруҳнинг бўлимлари, Россия, Афғонистон, Марказий Осиё, АҚШ ва Европадаги контактлари, (...) Афғонистондаги майдонларидан тўпланган наркотикларни олиб ўтишнинг батафсил йўли чизиб берилган эди.

Наркотрафикка қўшимча Ўзбек гуруҳининг иккинчи ихтисос соҳаси ҳам бор эди. Бу спорт ва кўнгилхушлик эди. Кўпгина Россия ва халқаро юлдузларнинг муваффақияти ортида Ғафурнинг пуллари ётипти. Ғафурнинг икки ишончли одами – Москвада А… ва Ғарбий Европада Т… санъат ва спортнинг кўзга кўринган ҳомийларига айланган. (Орадан уч йил ўтиб Олимпиада мусобақаларида музда фигурали учиш медалларини сотиб олишда айбланган Т… ҳибсга олинди, бу нарса жаҳон матбуотининг бош сарлавҳаларига айланди.) Бу боғлиқлик икки собиқ Спорт вазирига ҳам бориб уланганди. Улардан бири АҚШ ФБРи қора рўйхатига ҳам киритилган ва ҳатто Россия ҳукумати аъзоси бўлишига қарамасдан, АҚШга киришига рухсат беришмаган эди. Ҳукуматдаги энг юқори лавозимдаги Ўзбек контакти Я... Ельциннинг собиқ матбуот котиби эди. У кўп йиллар давомида Ғафурдан пул олиб юрган. У Прагада элчи бўлган йиллари Я...нинг Москвадаги ўртача деб кўриладиган квартираси А…га кўз кўриб қулоқ эшитмаган нарх – ойига 5000 долларга “ижара”га берилган. Кейинроқ А… Я...нинг Соколиная Горадаги дачаси қурувчиларига ҳақини тўлаган.

Мен Путиннинг олдига икки ҳамкасбим билан бордим. Лекин Путин менинг бир ўзимни қабул қилди. У стол ортидан чиқиб, мен билан кўришди. У ҳаётда телевизорда кўринганидан ҳам калтароқ эди.

Афтидан, ўзини очиқ инсон қилиб кўрсатмоқчи бўлди. Биз изқуварларнинг ўзимизни тутиш услубимиз бор. Биз бир-биримизга тавозе қилиб ўтирмаймиз - ҳаммаси шундоқ ҳам аён. Бир-биримизнинг кўзимизга тик қараймиз ва ишониш мумкин ёки йўқлигини аниқлаб оламиз.

Шунда менда "у самимий эмас", деган тасаввур пайдо бўлди. У кўзи кўзимга тушишини истамаётгандек туюлди. У менга ФСБ директори эмас, қандайдир директор ролини ўйнаётгандай эди. Мен унга схемани очиб кўрсатдим. У юзи билан худди кўргандек ишора қилди. Лекин аниқки бу схемани қисқа вақтда кўриб тушуниб олиш мумкин эмас эди. У "Ҳа, ҳа. Мен тушунаман. Бу-чи, бу нима? Буниси-чи?" деб сўрарди.

У менга бутун умр қишлоқ хўжалигида ишлаган партия ходимини эслатарди, уни гўё металлургия заводига олиб келишгандек эди гўё. У сўрарди: "Бу нима? Унга тушунтиришади: "домен печи". Печга қараб турган директор яна нимани сўраши мумкин?

Шу каби Путин ҳам схемага қараб сўрарди: "Бу-чи? Бу нима?" Бугун бу учрашувга баҳо берар эканман, тушунаман: у бундай савол берар экан, ёки оператив ишни тушунмайди ёки тушунмаган қилиб кўрсатди. Нима учун у бундай қиляпти?", деб ўйладим мен. Ундан, "схемани қолдирайми?"- деб сўрадим.

"Йўқ, йўқ, ҳожати йўқ. Олиб кетаверинг Бу сизнинг ишингиз".

Шу билан бирга у Ўзбек файлга, жумладан Я...га кўпроқ қизиқди. "Ҳа, менда ҳам Я... устидан материал бор".

Мен бундан ташқари Путинга ўзим билган ва коррупция билан курашишга тайёр кишиларнинг исми-фамилияси ёзилган рўйхатни бердим. "Бу зобитларнинг ҳаммаси тоза. Улардан коррупцияга қарши ишингизда бемалол фойдаланишингиз мумкин". Рўйхатнинг бошида Трофимовнинг фамилияси турарди. "Улар тизимдаги энг виждонли одамлар", дедим. Мен унга вертикал тузишни - директордан тортиб тезкор ходимгача белгилаб олишни сўрадим. "Ҳеч бўлмаганда вазиятни назорат остига олишга ҳаракат қиламиз. Ҳукуматдаги энг юқори тизимларидаги коррупциялашган шахслар ва уларнинг жиноятчилар билан алоқасини аниқлаб оламиз". Путин ҳаммасига рози бўлди, рўйхатни олиб қолди. Ўзбек гуруҳи ҳақидаги рўйхатни ҳам олди. Менинг уй номеримни сўради. Қўнғироқ қилишга ваъда берди, бироқ ҳеч қачон қўнғироқ қилмади. Кейинчалик, жиноий иш ҳақидаги материаллардан менга аниқ бўлишича, Путин учрашувимиздан кейиноқ менинг орқамдан кузатишни буюрган. Шунингдек, Я...ни яқин маслаҳатчиси қилиб тайинлаган.

Мен кейин Трофимовнинг фамилиясини Путинга айтганимдан афсусландим. У бу ҳақда мендан сўрагани йўқ ва мен унинг тақдирини ўзим билмаган ҳолда тезлаштирдим, деб қўрқаман. Суҳбатимиздан кейин Путин Трофимовни "Генерал Трофимов янги гуруҳ билан бирга ишлай олмади", деб пенсияга жўнатди.

Бизнинг охирги суҳбатимиз Путин билан учрашувдан бир кун кейин бўлган эди. Трофимов менга қўнғироқ қилиб, "Березовскийга айт, улар Кремлда ақлларини йўқотиб қўйишганми? Улар Питерда нималар бўлаётганини билишмайдими, улар бандитлар-ку!" деганди.

Мен унинг гапларини Березовскийга айтдим ва улар учрашишди. Мен улар нима ҳақида гаплашганларини билмайман. Лекин Путиннинг олдига боришдан олдин мен Березовскийдан Анатолий Собчакнинг огоҳлантириши ҳақида нима гаплигини сўрадим. Березовский "Мен унинг фикрига қўшилмайман. Путиннинг олдига бор ва билганларингни айт, мен унга ишонаман", деди. Шундан кўп ўтмай мен ФСБдан ишдан бўшатилдим. Ўшанда менинг собиқ раҳбарим Аксилтеррор марказининг директори Иван Кузмич Миронов Путиннинг олдига мен учун кирди. Директорнинг олдидан қайтиб чиқар экан, Миронов менга қаради ва бошини силкитди: "Александр, мен сенга ҳавас қилмайман - бу ерда умумий пуллар бор", деди. У нимани айтганини ўшанда тушунмадим. Ҳозир ўйлайманки, у Хохолков, унинг Ўзбек гуруҳи ва афғон наркотиги контрабандаси билан боғлиқ ишни назарда тутганди.

Бу фикр менга кўп ойлардан кейин, турмадан чиққанимдан кейин келди. Мен Путиннинг Хохолков командаси билан алоқаси Питердаги даврига, Путин Собчакнинг ўринбосари - шаҳар мэри ўринбосари бўлиб ишлаганига бориб уланишини кейин билдим.

Санкт-Петербургда Давид Двапи деган ишончли манбам бор эди. У шаҳар расмийларининг жиноят доираларидаги алоқаларидан хабардор эди. Собчак сайловларда ютқизганда, Путин ҳам ишини йўқотади. У жуда қаттиқ хавотир олади. Бир кун улар ресторанда учрашиб, пивохўрлик қилишади. Шунда Путин ўзининг вазияти жуда оғирлигини, яширилган пулларига ҳозир яқинлаша олмаслигини, унинг орқасидан кузатиб юришганини айтади. ИИВ ўшанда Петербургнинг олдинги ҳукуматини ҳибсга олишга ташланганди.

Давид Двапи унга ачиниб, 2000 доллар пул қарз беради. Пайти келиб Путин президент бўлганида Давидга иқтисодий маслаҳатчиси бўлишни таклиф қилади.

Мен бир йил қамоқда ўтириб чиққач, Давид мен билан учрашгани келди. "Путин сени сиқувга олади, ҳеч ким сенга ёрдам бера олмайди", деди у. Унда бошқа йўл йўқ, чунки улар Питер бўйича Ўзбек гуруҳи билан бирга ишлашади. У ерда умумий пуллар ўйнайди ва улар сени бўғиб ташлашади".

"Умумий пуллар" . Бу сўзни менга илгари Миронов ҳам айтган эди. Менинг Путин тўғридан-тўғри жиноятчиликка боғланганига ишонгим келмасди. Давид кулди: Эсингдами, 90 йилларда у металлом билан шуғуллангани. Путин уни олиб чиқиш учун лицензия берган. Сен уюшган жиноятчиликка қарши ишлагансан. 90 йилларнинг бошида бир кило метални бандитларни четлаб мамлакатдан олиб чиқиш мумкин эдими? Агар у бандитларсиз бу ишни қилмоқчи бўлса, улар бутун поездни портлатиб юборишлари мумкин эди. Ҳозир ҳам пора бермасан,г ҳеч нарса олиб чиқолмайсан, у пайтда эса бу табиий эди.

Биз иккимиз ресторанда гаплашиб ўтирардик. Кейин даврамизга менинг яна икки ҳамкасбим келиб қўшилди. Бироқ Давид гапида давом этди: "Володя жуда тез ҳокимиятни севиб қолди. Қара, Елцин президентлигида, фақат ярим йўлни беркитишарди. Володя юрса-ҳамма йўлларни ёпишади. У ҳокимиятни ишониб топшириб бўладиган одам эмас. Унда қандайдир сиёсий билим ва ва қанақадир бошқача фикрлаш йўқ. У жуда хавфли".

Давид ичиб, қаттиқ маст бўлиб қолган эди. Мен уни амаллаб ташқарига олиб чиқдим.

"Сен жинни бўлиб қолганмисан? Айтганларингнинг ҳаммаси эрталаб ФСБга етиб боради. Мен нималарга гувоҳ бўлганимни билмайсан».

Лекин жуда кеч бўлган эди. Ўша учрашувимиздан уч ҳафта ўтиб, Давид велосипедда кетаётган киши томонидан отилган. Айтилишича, рўпарасига келиб ўқ узган. Мен буни телевизор орқали билиб қолдим. Президентнинг иқтисод бўйича ёрдамчиси ўлдирилди.

Бу воқеадан кейин мен жаноб Путин афғон наркотигининг Россияга ва Европага контрабандаси билан шахсан алоқаси бор деган асосли шубҳа пайдо бўлди. Путин ўша жиноий гуруҳнинг бир аъзоси ҳисобланади.

Мен ҳеч кимни айбламаяпман. Мен прокурор эмас, изқуварман. Мен оператив маълумотни таҳлил қиламан, ўрганаман. У нимадан иборат?

Биринчиси: икки мустақил манбанинг айтишича, мистер П ФСБдаги қандайдир Хохолков билан умумий пулга эга. ФСБга мен билан алоқаси маълум бўлгач, манбалардан бири ўлдирилди.

Иккинчиси: Хохолков ўзбекларни - афғон наркотигини Россияга етказувчиларни ҳимоя қилади. У миллионерлардек яшайди, бир ўтиришда 120 минг долларни қиморда ютқазиб, ҳеч нарса йўқотмайди.

Кейин: мистер П Хохолковни ҳимоя қилади ва уни душманларидан тозалайди. У, шунингдек, ўзининг яқин сафдоши, ўша ўзбеклардан пул олиб турувчи Я...ни ҳимоя қилади. У наркобизнес билан алоқалари борлигини билмаслиги мумкин эмас. Яъни, ундан яширинча фойдаланишмайди. Бундан ташқари, жиноят содир бўлганда, мистер П уч юз йилдан буён Европанинг деразаси деб аталадиган шимолий шаҳардаги муҳим лавозимда ўтирарди. Маълумки, бу шаҳар афғон товарларининг Ғарб бозорларига ўтадиган пунктидир. Менда, тезкор ходим сифатида, мистер П ўша жиноий гуруҳнинг бир аъзоси деган, асосли шубҳа туғилади. Бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Бундай ишлар ҳар куни содир бўлади.

Албатта, мистер П Россия президенти бўлиб чиқди. Бироқ жиноят очилган пайтда у президент эмас эди. У фақатгина Петербург ҳокими ўринбосари эди. Агар мен "Екатеринбург ҳокими ўринбосари бу каби аралашган", десам ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бу одатий иш каби қабул қилинади.

Албатта мистер П га қарши маълумотлар тезкор ахборотлар ва улар текширишни талаб қилади ва уларни судда ишлатиб бўлмайди. Агар мистер П президент бўлмаганида мен уларни чоп этмаган, балки уларга қарши тезкор қидирув иши очган бўлар эдим. Ва менинг шубҳаларим тасдиқланса, бир йилдан кейин у панжара ортида бўларди. Бироқ у президент, ва унга қарши жиноят иши очишнинг имкони йўқ. Унга нисбатан сўроқ бошқача бўлади. У бу саволларга жамоатчилик олдида жавоб бериши лозим. Лекин бошида мен бу саволларни чоп қиладиган газета билан нима содир бўлишини кўришни хоҳлардим.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас