Эски паспорт билан Ўзбекистонга қайтиш мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўп сондаги ўзбекистонликларни қийин аҳволга солиб қўйган биометрик паспорт талаби ўзгартирилгани ҳақида маълум қилган.

Агар Ўзбекистон фуқаросининг биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш фурсати тугамаган бўлса, бу фуқаронинг ватанига қайтишига рухсат берилади.

Бу ҳақдаги хабар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган:

"Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилиш муддати тугамаган бўлса паспорт эгаси томонидан фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкин. Ушу паспорт Ўзбекистонга қайтаётганда учинчи давлат ҳудудидан транзит ўтишга ҳам ишлатилиши мумкин.

Мазкур маълумот хорижий давлатларга етказилди.

Ушбу тартиб хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари томонидан ўзларининг жойлардаги бўлимларига етказилганидан сўнг 2018-йилнинг 1-июлига қадар амал қилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқишлари учун биометрик паспорт талаб қилинади".

Ташқи ишлар вазирлиги паспорт билан боғлиқ янги қарор қайси ваколатли идораларнинг қарори эканини маълум қилмаган.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилдан биометрик паспорт тизимига ўтишга қарор қилган.

Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилишининг энг охирги муҳлати этиб 2015 йилнинг 31 декабри белгиланди.

Охирги беш йил мобайнида бутун республика бўйлаб Ички ишлар бўлимларининг ОВИРлари эски паспортини биометрикка алмаштиришни хоҳлаган фуқароларнинг аризаларини ўз вақтида қондирмадилар, ҳалигача ҳам айрим туманлардаги "паспорт стол"лари олдида навбатлар сақланиб қолган.

2016 йил дастлабки кунларидан хорижий мамлакатларда бўлган Ўзбекистон фуқароларидан фақат қайтиш сертификати билан Ўзбекистонга бориш тартиби жорий қилинди.

Бу чет элдаги ўзбекистонликларни оғир аҳволга солиб қўйди.

Айниқса, Россияда бўлган инсонларни Россия чегарачилари эски паспорт билан чиқишларига рухсат бермади, Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида биометрик паспортсиз уйларига қайта олмаётган юзлаб ўзбекистонликларнинг турнақатор навбатлари пайдо бўлди.

Январ ойи охирида Оврўпо Комиссияси Ўзбекистон ҳукуматининг нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддатини тугатиш қароридан хавотирини билдирган.

Оврўпо Иттифоқи Ташқи ишлар Олий Комиссари идорасининг Марказий Осиё бўйича масъул мулозими Ивона Пиорко айтишича, ўзбек расмийларининг қарори Оврўподаги ўзбекларнинг ҳуқуқий мақомини савол остида қолдиради.

Оврўпо мулозими бу ҳақда ўзбекистонлик фаол Пўлат Охуновнинг Оврўпо Комиссиясидаги чиқишига жавобан гапирган.

Собиқ СССР парламенти аъзоси Пўлат Охунов ўзбек ҳукуматининг қарорини ғайриинсоний деб атаган.

Бу мавзуда батафсилроқ