Сўз Сизга: Тўйлар ҳақида ўйлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Яна бир бор тўйлар мавзусини кўтариш ва бу ҳақда сизнинг фикрингизни билишга бизни мустақил журналист Шамсиянинг мақоласи ундади. “Эътибор билан кузатаётганган бўлсангиз, тўйлар, маъракалар, турли қадимий маросимларга йилма-йил, даврма-давр турфа “янгиликлар” қўшилаяпти. Гўё бу билан анъаналарни бойитаётгандекмиз. Аслида эса, ўзимизга ўзимиз муаммоларни янада кўпайтирмаяпмизмикин?" дея савол қўйган журналист.Биз ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларимизга: Сиз бугунги ўзбек тўйларининг ҳашами ва дабдабасини қандай баҳолайсиз? Тўйларга сарфланаётган ортиқча сарф-харажатлар сизни қанчалик ўйлантиради? Ўз кузатувларингиздан келиб чиқиб айтганда, бу каби тўй харажатлари оилаларни қанчалик қийин аҳволга солиб қўяётир? Айнан сиз тўйларни камчиқим қилиш йўлларини нимада кўрасиз? деган саволлар билан мурожаат қилдик.(Айрим ўхшаш фикрлар қисқартирилди ва айрим изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда)Тўйлар исрофгарчиликми?

Lola Axmedova: Ҳозир пул топиш анча қийинлашгани учун кўпчилик танишларим келишиб, ҳамма нарсани камайтириб қилишяпти... ўзини чўнтагини, асабини ўйлайдиган, исрофгарчиликни камроқ қиладиганлар кўпайса яхши бўларди... Ҳашаматли тўй қилиб, бахтни ҳеч ким топмаган.

Farkhod Abdurakhmonov: Мен мақолани ўқиб чиқдим ва умуман олганда билдирилган фикрлари тўғри. Лекин, кўплаб ёш йигит ва эркакларимизнинг Россия ёки бошқа давлатларга ишлаб юрганларини тўй қилиб қарздор бўлганлари ва уни узишлари учун ёки айнан тўй қилиш мақсадида пул йиғиш учун борганлар деб бўлмайди, яъни бу икки воқеълик ўртасида тўғридан-тўғри корреляцион боғланиш мавжуд эмас.Тўй қилишдаги дабдабабозликларнинг сабабларини миллий зеҳниятимиздаги нуқсонлардан ахтаришимиз лозим деб ўйлайман. Хоҳлаймизми-йўқми бой-камбағал ҳамма жамиятларда ҳам топилади, лекин бизда шаклланган бой-камбағаллик замирида объективлик мавжуд эмас, яъни Сизнинг бой ёки камбағал бўлишингиз меҳнатингиз, ижодингиз, илмингиз сифатига қараб шаклланмайди балки субъектив омиллар таъсирида барпо этилади. Шунинг учун бойларимизнинг аксариятлари пулни беллари оғримай топганлари учун ҳам тўйларда дабдабабозлик қиладилар, риёкорликка бериладилар, манманлик, кибру-ҳаво учун турли чора-тадбирларини ўтказадилар. Биздаги бойларнинг аксарияти устига-устак маънавий қашшоқ инсонлардир.Қолган халқ ҳам буни кўриб ўзларича шундай тўйлар қилмоқчи бўладилар, улар одам умрида бир марта тўй бўлади деб катта орзу-ҳаваслар билан ёзилганидек қарз олиб бўлса-да, тўй қиладилар. Буни соддалик деб ҳам, онгсизлик ёки мантиқсиз ғурур деб ҳам айтиш мумкин. Яна бунга қўшимча бойларимизда ва камбағалларимизда ҳам ким ўзарга, кўз-кўз қилиш, "мени ундан нимам кам", ҳасад, деган иллатлар ҳам бор, албатта. Менимча, бу иллатдан қутулиш учун аввало жамият "образованный", илмли, маърифатли бўлиши керак, адолатли давлат тизими шаклланган бўлмоғи даркор. Ҳукумат қанча қарор чиқармасин, чекловлар қўймасин самарали бўлмайди. Чиқарилган қарорга эса, биринчи галда мулозимларни ўзлари амал қилишлари муҳимдир. Агар жамият маърифатли бўлса ҳамма ўз кўрпасига қараб оёқ узатадиган бўлади, катта тўйлар ҳам ва кичик тўйлар ҳам ўтказилаверади, маърифатли жамиятда инсонлар ким ўзарга тўйларга пулларини сарфламайдилар, илмга, сафар қилишга интиладилар, бундай жамиятда ҳасад ҳам бўлмайди, исрофгарчиликка ҳам йўл қўйилмайди. Энг аввало адолатли жамият бўлса унда аҳолининг асосий қисми ўрта табақа синфи юзага келади, бой ва камбағаллар ўртасида катта фарқ бўлмайди. Шунинг учун ушбу мавзу ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга молик муаммодир.

Lola Azizova: Минг афсуски, жамиятимизда бундай фикрловчи ёшлар жуда хам кам.Сизга тарбия берган ота-онангизга минг раҳмат.

Пулат Турон: Тўйи ҳам, азаси ҳам мусибат. Ким ўзарга ямоғини кўрсатмасликка уринадилар...

Илхом Касимов:... улуғ алломаларимиз Беруний, Ал-Хоразмий, Бухорий, Термизий, Фарғоний, Марғилоний, Мотурудий, Ибн Сино ва бошқа аждодларимизнинг шу тарзда тўй қилишса нима бўларди, ё алҳазар? ... Ҳар бир инсон ўз қурбига яраша, ўз имкониятига яраша, ақл чегарасидаги орзу, ҳавасларни қилмоғи даркор. Сиз нафсингизнинг қули эмас, нафсингиз сизнинг қулингиз бўлса олам гулистон! Фарзандларингиз ҳаққига дуолар қилиб бахт-саодат тиланг. Агар молу-дунё, орзу-ҳавас, сарф-ҳаражатлар эвазига фарзандлар бахтли бўлишса эди, дунёдаги, тарихдаги барча бой бадавлат кишиларнинг болалари бахтли бўлар эдилар. Бундай эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Эрларингизга, ўғил-қизларингизга рахмингиз келсин, эй аёллар! Уларни қийнаманг, беҳуда, ҳаддан зиёд сарф-ҳаражатлар гирдобига тортманг! Аллоҳ барчамизга инсоф берсин...

Илхом Касимов: Тўй куни қурби етса, битта қўй сўйиб, етмаса битта ош тайёрлаб, маҳалланинг оқсоқолларига уйланаётганини эълон қилиб келинни олиб келаверган. Келин томон қурби етса, куёвга битта кўйлак, чорси(қийиқ) ва дўппи ҳозирлаган, қурби етмаса, келиннинг ўзи тиккан битта чорси берилган. Шу аснода тинч, осойишта, тоқатдан ташқари талаблар гирдобига ғарқ бўлмай, камтарона, қулай ҳаёт бошланган ва кўп йиллар қўша қариб, тотув, иноқ, ҳавас қилса арзигулик умр кечиришган. Буни муҳтарам ўқувчи ўз ота-боболарининг ҳаётларига назар солиш билан билсалар ҳам бўлади...

Замонавийликми ё?

Kamola Erkinovna: Мени масаланинг бошқа томони кўпроқ ҳайрон қолдирмоқда. Масалан, келин-куёв барчанинг олдида катта экранда ўзларининг танишган кунидан то бугунги кунигача бўлган суратларини уялмасдан кўришяпти. Ахир уларнинг никоҳ маросимига қанча нуронийлар, қолаверса, ёш фарзандлар боришади. Наҳотки, Ўзбегимнинг тўйида шу ярашса! Яна бу ҳам камдай, белидан ушлаб валс ҳам тушади. Қани, ўзбекона ор, қани уят?! Шоир Муҳаммад Юсуф "Дўппи пештахтада қолиб кетяпти", деганди. Наҳотки, номус ё уят ҳам шундай бўлаётган бўлса?!

Golden Rose: Борган сари чиройли удум бўлган тўйларимиз шоуларга айланяпти...

Masharif Rajabov: Ҳаммага салом. Мен бундан 12 йил олдин Америкада бир танишимнинг тўйига боргандим. Ўзи инглиз бизнесмен, миллионер. Лекин, тўйида келин тарафдан 12, куёв тарафдан 14 та одам бўлди. Тўй жуда ҳам зўр ўтди. Ҳеч ким қистир-қистир ҳам қилмади, фақат табриклаб қўйишди.

Abror Tukhtayev: Тўй ҳаракатлари умуман куёв зиммасига юклатилиши керак, деб ўйлайман. Қалин, ош бериш, сарпо ва уй жиҳозлаш, мебел ва бошқа нарсалар. Шунда одамлар сал ўйлаб тўй қилади ва ёш оилалар бузилиши камаяди. Чунки, қиз томон қилган оддий парда ёки мебел ёқмагани учун ҳам никоҳ бузилишига ёки қудалар орасига совуқчилик тушганига гувоҳ бўлганман.

Shahnoza Jabbarova: Ҳамма қурби етгунча қилади. Бу - орзу-ҳавас, чиройли дастурхон ёзиб тўй қилишнинг нимаси ёмон? Инсон нима учун ўлиб- тирилиб ишлайди, меҳнат қилади? Шунақа чиройли тўй қилиш учун-да...

Abdu Rakhmanov: Вой товбааа, мана шу фикр нотўғри-да, ўзбекларда. Ўлиб-тирилиб, мисқоллаб, йиллар топади-да, 2 соатлик тўйга босар-тусарини билмай ботмонлаб ишлатади. Битта артист ўзини 15 минут қимирлатганга минглаб доллар беради... Бу битта харажатга мисол.

Nargiza Karimberdieva: 100 киши яқинлар билан ҳам шундай чиройли тўй қилса бўлади... нима кераги бор пулни кераксиз, ортиқча нарсаларга сарфлаб? Бу ҳашаматли тўйларни тўхтатишга кимнингдир кучи етармикан ёки ҳар доимгидек гап бўлиб қолиб кетаверармикан?

Husniddin Karabayev: Биринчидан, бу чикарилган қарорлар инсонларга фойдаси тегса ёки маъқул келсагина, унга риоя килишади, агар фойдаси тегмаса, унга риоя қилишга на ҳожат! Иккинчидан, тўйни бутунлай қисқартиришса бўлади (бир мақол борку: "Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор)...

Sevarhon Pratova: Бу мавзуда тўхтамасдан бир ой гапирилса ҳам, тугамаса керак. Буни ҳаммаси ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда. Лекин, кўпчиликнинг онгига буни сингдириш учун жуда кўп вақт керак. Дабдабали тўй бир кунда ўтиб кетади, ёшларнинг бахтини ҳеч ким ўйламаяпти. Ажрашишлар кўп. Ундан кўра тўйни ихчамлаштириб, ёшларнинг бахтига кўпроқ эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

Илхом Касимов: Тўй ва сеп муаммолари ёки пул топиб, ақл топмаганлар ҳақида! Ҳозирги кезларда ҳар бир ўғил-қизи бор оилани қизиқтирадиган ва ўйлантирадиган масалалардан бири тўй-ҳашамларимизга боғлиқ бўлган муаммолардир. Тўй куни белгилангач, "Тўй қайси ресторан ёки кафеда бўлади, қайси ва нечта хонандани чақирилади, неча юз одам таклиф қилинади, неча 100 килограмм гуруч ош дамланади, нечта ва қанақа қўй олинади, дастурхонга неча хил ноз-неъматлар қўйилади, тортнинг қанақасидан буюртирилади, келинга неча сидра бош-оёқ сарпо тайёрланади, қуда томонга қанча сарпо кийдирилади, келинга нечта хона уй ажратилади ва у қандай ремонт қилинади, келинни кўришга қанақа кўрманалар ҳозирланади, умуман, тўй ҳаражатлари жами қанча бўлади, деган муаммолар йигит томон қудаларнинг бошини оғритади. Қиз томон қудаларнинг эса, "Қизимизга берилган хоналарни қандай тўлдирамиз, мебелнинг қаерникини оламиз, нечта гилам, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва кўрпачалар тайёрлаш керак, неча хил идиш-товоқ олиш, қимматбаҳо сервизлар, биллур идишлар, қошиқ-вилкалар, чойшабу одеяллар,сочиқ, салфетка ва ҳар-хил келинлик уйни безаш учун керак бўладиган безаклар олиш керак. Неча миллионга "Элита" пардалар осамиз, қизимизга қанча кўйлагу лозим, қанча пойафзал, пальто, жемпер, сумкалар, тилла асбоблар ва ҳоказо ва ҳоказо сепларни тайёрлашимиз керак. Куёвимизга неча сидра бош-оёқ сарпо ҳозирлаймиз, қуда-андаларга, амма-хола, амаки-тоғаларга, катта хола ва катта аммасининг болаларига, қуданинг қариндошу қўшниларига қандай ҳадя, сарполар тайёрлаймиз, буларнинг ҳаммаси қанчага тушади", деган муаммолар қийнайди. Ваҳоланки, бундай муаммолар бизнинг бобокалон ва момоларимизнинг, ҳаттоки, ёшлари улуғроқ ота-оналаримизнинг ҳам бошларини оғритмаган. Бу масала уларнинг замонида осонлик билан ҳал бўлган. Уйланадиган йигит бўлажак оиласи яшаши учун қаср эмас оддийгина бир уй ва уй ичига ҳаёт учун зарур бўлган, эҳтиёждан ортиқ бўлмаган рўзғор буюмлари билан жиҳозлаган ва келинчакка бир ёки икки сидра бош-оёқ сарпо: кўйлак, лозим, рўмол ва ковуш тайёрлаган.

Tino Tara: Ҳаммамизни бошимизга тушадиган савдо - бу... бу дабдабалар ким ва нима учун, билмадим...

Abdusattor Nishonov: Ғарбдан оқ келин кўйлакни ўргандик, камчиқимликни ўрганмадик.

Ray Xakim: Махалла раислари Президент қарорига асосан ишламайдилар. Аксинча, ким бойроқ, шуни гапи тўғри, шу инсон тутган иши маъқул деб билишади. Бизнинг Наманганда шаҳар аҳолиси 70% и келинни уйидан, яъни қуда тарафдан жуда катта умидлар кутишади, ҳафтасига тоғара-тоғара овқат, ширинликларни ўзлари қаердан олишгача айтишади. Бечора келин хизматини у хонадонда қилади. Бирор ери оғриб қолса, ота-онанг кўрсатсин, қуда тарафга жўнатилади. Қани, бизнинг ўзбекона ор-номусимиз, виждонимиз?

"Тўй қилинглар тўрт кунлик дунёда"

Abror Mustafa: Қўлидан келса Марсда, хоҳласа Қримда тўй қилади, орзу-ҳаваси бор ҳамманинг. Қарзга ботиш ботмаслик - шахсий фикри ва муаммолари. Тўйлар муборак азизлар, тўй қилинглар тўрт кунлик дунёда.

Gulya Guli: Тўй бир кунда ўтади кетади, эртанги кунни ўйлаш керак.

Fahriddin Adilov: Ҳаммаси илмсизликнинг оқибати...

Abdusattor Nishonov: Тўйлар расво даражада бўляпти.

Махмуда Азимова: Бизнинг тўйларимиз дунё тургунча, ўзгармаса керак.

Eshmurodova Muborak: Тўй бўлса, дастурхон шундай бўлсин.

Nilufar Ergasheva: Фақат исрофгарчилик .....

Zohan Madridista: Қийин 400-500 одамни едириш, ичириш.

Дилдора Гуломова: Кам бўлса етади, кўп бўлса, кетади. Ана шунақа...

Shahob Iddin: Тўй тўйдек бўлсин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon