Ўзбек ҳукуматининг жиҳодчиларга қарши "жиҳоди"дан наф борми?

Image caption Ўзбек мужоҳидларими?

Ўзбекистон телевизиони Сурия урушида қатнашиб келгани даъво қилинган жангари ва жиҳод ғояларининг маҳаллий тарғиботчиси ҳақида кўрсатув намойиш қилган.

Жиҳод тарафдорлари “ватанга садоқати бўлмаганликда” айбланганлар.

Ал-Азҳар университетини тугатган ёш, бу кўрсатувга ишониладиган бўлса, анчайин топармон тадбиркор “халқаро террорчи гуруҳларнинг интернетдаги тарғиботларини мунтазам томоша қилган ва бошқаларга ҳам тарқатган”.

Теледастурда Муҳаммедов деб таништирилган жиҳодчининг “видеоларни кўрдим, маърузаларни эшитдим ва Сурияга бориб, шаҳид бўлмоқчи эдим” деган тазаррунамо айтганлари кўрсатилади.

Айни кўрсатувда Абдураҳмон Маҳмудов деган тошкентлик йигитнинг 2014-15 йилларда Суриядаги исёнкорларга қўшилиб, жанг қилгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Ҳалабдаги жангарилар тайёрлайдиган жамлоқда бўлгани айтилган Маҳмудов “кимга қарши урушаётганимиздан бехабар эдим. Ҳақиқий душманим йўқ эди. Кўплар менга ўхшаган ҳолатда эди.

Ўлдираётганлар ҳам, ўлаётганлар ҳам мусулмонлар эди. Биз буйруққа бўйсунардик. Сурияда жасадларни кўрдим, отишмаларни, бомбардимонни...”, дея ҳикоя қилади.

Шўрочасига ясалган кўрсатувда “жиҳодчилар”, бу ўринда Маҳмудовга қарата “ қаранг, унинг руҳи, юраги музлаб қолган, бу одам ватанини соғинмаган” дея дакки берилади.

Бу дастур ИШИД каби гуруҳларнинг шафқатсиз қатл саҳнаси туширилган видеолар билан “бойитилган”.

Президентнинг хавотирлари
Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ислом Каримов ҳам хавотирда...

Жиҳодчилик ғояларининг мамлакат бўйлаб тарқашидан хавотир яна бир бор президент Каримов томонидан изҳор этилган.

Ёш авлодни “экстремист ва террорист” гуруҳлардан муҳофаза қилиш кераклигини урғулаган Каримов, спортга алоҳида эътибор бериш лозим, деб айтган.

Ислом Каримовга кўра, бу йўлда интернет устидан назорат ўрнатиш иш бермайди.

Twitter ижтимоий тармоғини “бало” деб таърифлаган Каримовга кўра, интернетни тўсгандан кўра, ёшларни нима тўғри ва нима нотўғри эканини мустақил равишда фарқлайдиган қилиб тарбиялаш муҳимроқдир.

Бундан уч йилча аввал Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Twitter тармоғи орқали Ўзбекистондаги қатор таниқли сиёсий арбоблар билан бирга ўз онаси ва синглисига қарши чиқишлар қилган эди.

Ислом Каримов таърифидаги Twitter “бало”сидаги чиқишларидан кейин Гулнора Каримованинг тақдири номаълум қолмоқда.

Жиҳодга қарши жиҳодми?
Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Тарғибот иш берадими?

Ўзбекистон ҳукумати жиҳодчиларга қарши “тарғибот жиҳоди” қанчалар иш бериши номаълум.

Кузатувчиларга кўра, бу каби “махсус тарғибот дастурларида” ҳеч қачон муаммонинг илдизлари ҳақида сўз юритилмайди.

Яқин Шарқда “жиҳод” қилаётган юзлаб ўзбекистонликлар одатда, ҳукумат тарғиботи таърифида “душман кучлар томонидан алданганлар” ва ё “сотқинлар” бўлишади.

Мамлакатдаги ишсизлик, порахўрлик ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг адолатсизлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Президент Ислом Каримов ҳатто мамлакатда иш тополмай, рўзғор тебратиш илинжида Россияга ишга кетган миллионлаб ўзбекистонликларни “дангасалар” дея улардан жирканиши айтган эди.

Исмини ошкор этишни истамаган вилоятлик журналистга кўра, Ўзбекистон телевизионидаги бу каби кўрсатувларга ишонадиганлар сафи тобора камайиб бормоқда.

“Агар ёшлар Ўзбекистон телевидениесига ишонганида эди, ҳеч қачон жиҳодчиларга қўшилмас, иш қидириб Россияга ҳам кетмас эди...Биздагилар бир нарсани тушунмаяпти, ватан, ватан деган билан ҳеч кимнинг қорни тўйиб қолмайди. Телевизор қараб ўтирсангиз, ўзбеклардан бахтиёрроқ халқ туғилмаган деб ўйлайсиз. Шундоқ уйдан ташқарига чиқинг, айниқса вилоятларда, кўрасиз ишсизликни ҳам, порахўрликни ҳам, мелисасини ҳам”, дейди журналист.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ