Инглиз меҳмоннинг "Ўзбекистон" кундалиги. 2-кун

Фото муаллифлик ҳуқуқи Joel Tennant
Image caption Хива
Би-би-си англиялик сайёҳ, Ҳаффингтон Пост блоггери Жоул Теннантнинг Ўзбекистон бўйлаб сафари чоғида ёзган кундалигидан парчаларни сизга тақдим этмоқда.

Ўтган ноябрь ойида менга иш сафари билан Ўзбекистонга бориш насиб этди. Сафарим ҳақида бировларга гапирсам, муносабат икки хил бўлди: 1) "Ундай мамлакат ҳақида ҳеч эшитмаган эканман", 2) "У террорчилар бор жой эмасми?" Айтиш жоиз, иккала муносабатнинг ҳам менга нафи тегмади. Мен ўзи ҳар доим учишга қўрққанман, бўлар-бўлмас нарсага хавотирланаман. Пешонамга нима ёзилган бўлмасин, билардимки, бу менинг ҳаётимни ўзгартирадиган сафар бўлади. Яхши томонга ўзгарсин, деб ният қилдим.

Тошкентдан Хивага

Ҳаммамиз саҳар соат 4да туриб олдик. Автобусга чиқиш учун кутмоқдамиз, аммо бир киши барибир кечикиб пайдо бўлди. Ухлаб қолгани учун узр сўради.

Менинг кўзларим очиқ бўлса ҳам, бу қадар эрта тонгда ўзимни ҳамон уйқуда ҳис қилардим.

Кичикроқ аэропортда бизнинг юкларимиз ва анжомларимизни текшириб кўришди.

Бу ерда бир неча британиялик са йёҳларга кўзимиз тушди.

Биз уларга қараб қўл силтаб қўйдик.

Бу сайёҳлар биз аслида уларнинг саёҳатларини ташкиллаштирган ширкатга ишлашимизни ҳали билишмас эди.

Озгина кутгач, биз Airbus 320 учоғига чиқиш учун навбатга тизиламиз.

Улар қаҳқаҳа отишар, ҳазиллашишар ва умуман, биз инглизлар италияликлар ҳақида қандай тасаввурларни шакллантириб олган бўлсак, ана шу қарашларимизга мос тутишарди ўзларини...

Бизни яна бир бор текширишди, анжомларимиз ва юкларимизни махсус ускуналарда кўриб чиқишди.

Ниҳоят бизни автобусда учоқ томон олиб боришади.

Биз Англиядан учганимиз учоқ жуда ҳам ёмон эди, эски ва хизматчилар ҳам дўстона муносабатда бўлишмаганди.

Бу учоқнинг ўриндиқлари кенг, озода эди. Экипаж аъзолари жилмайишган..ажойиб, биз бир-биримизга мамнун қараб олдик.

Ташқарида эса ёмғир шиваларди.

Шамол кучаймоқда эди.

Бизнинг ҳамроҳимиз аввалроқ Ўзбекистоннинг айрим минтақаларида қор ёққанини айтиб қолди.

Мен мамлакат шимоли томон йўлга чиқар эканмиз, қор кўриш умидида эдим.

Ёнимдаги ҳамроҳим нонушта пайти уйғотиб қўйишимни илтимос қилиб, секин уйқуга кетади.

Мен қўлимга китоб оламан.

Китоб билан ҳозирга келиб ҳаёжон ва энтикишдан анча уйғоқ асабларимни тинчлантириш ниятида бўламан.

Нонушта ҳам келди...нон ва пишлоқ, холос. Шукр. Аммо ёнимдаги ҳамроҳим бир қараб қўйиб, яна уйқуга кетади.

Учоқ эса ёмон ҳаво шароитларида силкиниб учар, бу ҳам ҳамроҳимнинг уйқусига халақит бермас эди.

Қизиқ, умуман ким сизга учоқда яхши овқат беради деб айтган?

Ана шундай савол бераман ўзимга ўзим.

Урганчга қўнамиз.

Ҳаммаёқ бир текис кўринади кўзимга...

Шўроча қурилишлар...Зотан, биз ҳозир Россияга яқинроқмиз жуғрофий маънода.

Бизни аввал Мерседес русумидаги йўловчи ташийдиган машинага чиқаришади, кейин ундан яна туширишади.

Кутиш залида юкларимизга интизор ўтирамиз.

Бизнинг кимлигимизни ниҳоят сайёҳлар билиб қолишади.

Атрофимизни ўраб, ширкат қароргоҳига боргач, уларга ўз танқиду таклифларимизни етказишимиз ҳақида сўрай бошлашади.

Юкларни олгач минибасга чиқамиз.

Ҳайдовчимиз худди бошқа ҳайдовчилар каби мутлақо йўл қоидаларига риоя қилмайди.

Аммо мен ташвишга тушмайман, чунки атрофдаги барча ҳайдовчилар қонун-қоидага қарамасдан газ босишади.

Кўчаларда одамлар билан рўпара келамиз, ҳамма шошган...Урганчда ҳали дўконлар очилгани йўқ. Бирданига кеча шу пайтлар Тошкентга келиб тушганимиз ва эҳтимол шунинг учун ҳам ҳамма нарса сюрреал бўлиб кўрингандир деган ўй кечади миямдан.

Хивагача 45 дақиқалик йўл.

Хивага ҳам етиб келдик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Joel Tennant
Image caption Хивада нонушта

Меҳмонхонамиздаги мен турган хона анчайин эски, бўғиқ рангдаги жиҳозлар...сариқ рангли латталар.

Туалет ўтирғичи қувури эса нимагадир ичкарида эмас, ташқарида эди, буни мен ҳеч қачон унутмасам керак.

Юкларни қўйиб, кўчага, шаҳар томошасига отланамиз.

Аёзли шамол эсар эди.

Яқиндагина кучли ёмғир ёққан ва йўлакларда ҳам кўлмаклар пайдо бўлганди.

Эҳтиёткорлик билан сайр қилар эдик.

Мен нимага бу жой ҳақида шунча шов-шув қилишади деб ўйлайман.

Ҳайратга соларли деворларни айтмасангиз, бошқа ҳеч нарса йўқдай туюлади.

Аммо ҳар бир зўр гид сизни қандай қилиб, тангкўчалардан бир ажойиб манзара томон олиб чиқишни яхши билади.

Биз юраётган йўлимиздан қайриламиз, бошимиз узра ҳозирга қадар “яшириниб” турган минора пайдо бўлади.

Катта бозор, одамлар, туяда сайр қилиш, ажойиб бош кийимлари...юрганингиз сари йўлингизда қадимий масжид, мадраса ва устахоналар...ниҳоят бир қаҳвахонада чой, қаҳва ичамиз, паҳлава еймиз – нонушта қиламиз. Чордона қуриб ўтирамиз. Мен Хивани севиб қолаётганимни тушуниб етаман. Ҳали кун ярмига етмасдан севиб қолмоқдаман бу шаҳарни...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ