Тошкентда 'вақтинчалик прописка'га рухсат берилган

Image caption Ўзбекистонда охирги пайтда паспорт билан боғлиқ масалалар асосий кун тартибида.

Ўзбекистон Ички ишлари вазирлигига кўра, Тошкентда фуқароларни вақтинча рўйхатга олиш қайтадан йўлга қўйилган.

2015 йил октябр ойидан республиканинг бошқа ҳудудидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келиб рўйхатга туриш вақтинчалик тўхтатилган эди. Аҳоли орасида бу хавфсизлик масалалари сабабли экани ҳақида миш-мишлар тарқалган.

ИИВга кўра, "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида"ги меъёрий ҳужжатларга қўшимча ўзгартириш киритилиши муносабати билан фуқароларни рўйхатга олиш вақтинча тўхтатилган.

Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида муаммосиз ҳаракатланишлари ва яшашлари мумкин.

Бироқ Тошкентда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаганлар, турар жойда вақтинча рўйхатга ўтмасдан туриб пойтахтда ишлашларига рухсат берилмайди.

Шу боисдан, вилоятлардан Тошкентга иш ва ўқиш мақсадида ташриф буюрганлар келган кунидан бошлаб беш кун ичида ўзи вақтинча турган жойдаги милиция масканига мурожаат этишлари лозим. Акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилиши айтилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг "Паспорт тизими қоидаларини бузиш" моддасига кўра, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб келган фуқаро энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда; масъул бўлган шахсларнинг фуқарога вақтинча ёки доимий пропискасиз яшашига йўл қўйиши - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда; рўйхатга турмаган фуқароларни ишга қабул қилган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинади.

Хабарда айтилишича, Тошкентда вақтинчалик рўйхатга олиш тартиби ҳозир ишламоқда.

Фуқаролар доимий яшаш жойидан пропискадан чиқмасдан Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида 6 ойгача муддатга, лицей, коллеж ўқувчилари ва олий ўқув юрти талабалари бир йилга шаҳар, туман Ички Ишлар Бошқармасининг паспорт бўлимларида рўйхатдан ўтишлари мумкин, дейилади.

Ўзбекистон вилоятларидан минглаб инсонлар пойтахтга келиб иш топиш илинжида бўлсалар, миллионлаб ўзбекистонликлар яқин ва узоқ хорижда меҳнат муҳожирлигида банд.

Шу боисдан, Ўзбекистонда охирги пайтда паспорт билан боғлиқ масалалар асосий кун тартибига чиққан. Хусусан нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати тугагани муносабати билан, кўплаб фуқаролар, айниқса хориждаги ўзбекистонликлар муаммо қаршисида қолганлар.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилдан биометрик паспорт тизимига ўтишга қарор қилган.

Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти амал қилишининг энг охирги муҳлати этиб 2015 йилнинг 31 декабри белгиланди.

2016 йил дастлабки кунларидан хорижий мамлакатларда бўлган Ўзбекистон фуқароларидан фақат қайтиш сертификати билан Ўзбекистонга бориш тартиби жорий қилинди.

Куни кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўп сондаги ўзбекистонликларни қийин аҳволга солиб қўйган биометрик паспорт талаби ўзгартирилгани ҳақида маълум қилган.

Ушбу тартиб хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари томонидан ўзларининг жойлардаги бўлимларига етказилганидан сўнг 2018-йилнинг 1-июлига қадар амал қилади.

Агар Ўзбекистон фуқаросининг биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш фурсати тугамаган бўлса, бу фуқаронинг ватанига қайтишига рухсат берилади.

Айни пайтда, агар ўзбекистонлик фуқаро ватанидан пропискадан чиқиб, хорижда рўйхатдан ўтган бўлса, у ўша мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси орқали паспортларини янгилаш имконига эга.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ