VimpelCom ширкати 795 млн доллар жарима тўлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Йирик мобил операторлари Ўзбекистонда бизнес олиб бориш учун Гулнора Каримовага пора бергани айтилган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Голландиянинг VimpelCom ширкати ва унинг ўзбек ҳамкори Unitel Ўзбек ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорига 2006-2012 йилларда катта миқдорда пора берганини тан олган.

Нью Йоркнинг Жанубий округи бош прокурори Прит Бхарара матбуот анжуманида VimpelCom ширкати коррупция айбловлари бўйича 795 млн доллар миқдорда жаримани тўлашга рози бўлганини маълум қилган.

VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик нуфузли шахсларга мамлакатда бизнес олиб бориш учун 114 миллион доллар пора берган, деб қайд этган Қўшма Штатлар идораси.

Америка қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиянинг аниқлаштиришича, бу амалдор Президент Ислом Каримовга "жуда яқин" инсон бўлган.

Прокурор Бхарара ҳам пора олган шахснинг исмини очиқламаган.

Олдин чиққан хабарларда пора олган мулозим президентнинг қизи Гулнора Каримова бўлиши мумкинлиги айтилган. Лекин унинг номи тилга олинмаган. Гулнора Каримова ўзига нисбатан айбловларни илгари рад қилган. Гулнора Каримованинг ўзи ҳозирда Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётгани айтилади.

Ўзбекистонда бизнес қилиш учун тақдим қилинган пуллар турли мамлакатлар банклари орқали ювилган, деган АҚШ Адлия вазирлиги.

Жумладан, маблағнинг бир қисми Америка молиявий идоралари орқали ўтказилган. Шу боисдан бу иш Қўшма Штатлар адлия тизимида кўриб чиқилмоқда.

VimpelCom таркибига "Билайн" операторининг эгаси Россиянинг "Вымпелком" ширкати ҳам киради.

Vimpelcom ва Unitel ҳимоячилари ширкат "ўзини айбдор ҳисоблаши"ни билдирганлар. Судья Рамос жиноий тил бириктирув "ҳамма чегаралардан ўтиб кетган"ини қайд этган.

Unitel номидан сўзга чиққан юрист Скотт Дрессер "ширкат барча ишлар бўйича афсусда экани ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун барча чоралар кўрилишини" айтган.

Прокурор Никола Мразекга кўра, АҚШ Адлия вазирлиги воқеага аралашган барча жисмоний шахсларни аниқлаш устида жиддий иш бошлаган. Бу каби текширувлар Ҳолландияда ҳам давом этмоқда.

Бундан ташқари пайшанба куни Америка Адлия идораси маҳкамадан Швецария банкларида Ўзбекистоннинг нуфузли амалдорига талуқли 550 млн долларни мусодара қилишни сўраган.

Ўтган йили июн ойида АҚШ Адлия департаменти Оврўпонинг бир неча банкларида музлатилган Ўзбекистонга алоқадор яна 300 млн доллар пулни ўз тасарруфига ўтказиш учун қонуний чора кўришни бошлаган.

Нью-Йорк маҳкамаси музлатилган пулларнинг тақдирини бевосита АҚШ билан муҳокама этиш учун Ўзбекистонга йўл очиб берган. АҚШ талаби билан коррупция терговлари юзасидан 300 миллион доллардан ортиқ маблағ турли банкларда ҳибс қилинганди.

АҚШ мулозимлари музлатилган маблағнинг коррупция тўловларини ювиш билан боғлиқ халқаро даражада уюштирилган фитнанинг бир қисми бўлганини даъво қилганлар.

Америка томонининг таъкидлашича, Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун икки халқаро ширкат – “МТС” билан “Вимпелком” йирик поралар беришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ўзини коррупцион можарода жабрланган томон бўлганини таъкидлаган, ва бунга жавобгар бўлган қатор Ўзбекистон фуқаросини жазолаганини айтмоқда.

Феврал ойи бошида Нью-Йорк маҳкамаси қабул қилган қарорига биноан, ҳакам ушбу иш юзасидан АҚШ ва Ўзбекистон расмийларига ўзаро музокара олиб бориш ва мумкин ечимга келишиш учун дастлабки уч ойлик муддат белгилаган.

Мазкур ҳужжатда баҳснинг “маҳкамадан ташқари қарор топиш эҳтимоли” мавжудлиги алоҳида айтиб ўтилган.

Бу дегани уч ой давомида Америка ва Ўзбекистон расмийлари пулларнинг тақдири юзасидан музокара олиб бориб, маълум бир ечимга келишлари мумкин.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва йирик телекоммуникация ширкатлари билан боғлиқ тергов жараёни юзасидан АҚШ, Белгия, Люксембург, Швеция, Швейцария, Норвегия ва яна қатор Оврўпо мамлакатларида бир миллиарддан ортиқ АҚШ доллари музлатилган.

Ўзбекистон молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилганини айтиб, маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ