Тошкент дарахтлари кесилишига "расмий" аралашди

Ўзбекистон пойтахтида чинорлар кесилиши атрофида юзага келган норозиликларга Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева аралашди.

Мазкур идора ноҳукумат ташкилот ҳисобланса-да, ўтмишда Тошкент вилояти ҳокимининг муовини ва Марказий сайлов қўмитасининг раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Сайёра Хўжаевани кўплар ҳали ҳам давлат расмийси дея қабул қилишади.

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмоновга дарахтларнинг ёппасига кесилишига изоҳ сўраб йўллаган мактубини Хўжаева хоним ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида чоп қилди.

Хўжаева хоним ўз мактубида пойтахт аҳолисининг шикоятлари, хусусан дарахтлар кесилиши билан шаҳардаги экологик тизимнинг бузилиши, хусусан, майда қушлар йўқолишидан хавотирларни тилга олади.

У Ўзбекистон Республикасининг "Давлат бошқарув органлари фаолиятининг шаффофлиги" қонунига таяниб, Тошкент ҳокимидан чинорлар кесилиши бўйича бир неча саволларга жавоб беришга ундаган:

  • Дарахтлар кесилиши қандай норматив-ҳуқуқий акт асосида амалга оширилмоқда?
  • Касалланган дарахтлар аниқлангани ҳақида экспертлар хулосаси борми, агар бор бўлса, бу хулоса билан қандай танишиш мумкин?
  • Дарахтларни кесиш масаласи Халқ депатутлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари ўртасида муҳокама қилинганми ва бу муҳокамаларда жамоатчилик вакиллари қатнашганми?
  • Тошкент шаҳрида дарахтларни оммавий кесиш бўйича Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси хулосаси борми?
  • Тошкент шаҳрида дарахтларнинг ҳашаротлар томонидан зарарланиши юзасидан тадқиқотлар олиб борилганми? Бу тадқиқотлар ким томонидан ва қачон олиб борилган? Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси дарахтларга зарар етказувчи ҳашаротларга қарши кураш бўйича қандай чоралар таклиф қилган? Шаҳар аҳолисини бохабар қилиш мақсадида мазкур тадқиқотлар маълумотлари матбуотда эълон қилиб бориладими?

Сайёра Хўжаева ўз Фейсбук саҳифасида мазкур мактуб нусхасини чоп қилар экан, "Тошкент шаҳри ҳокимига йўлланган расмий мурожаатномага жавоб кутиб қоламиз. Жавоб чоп этилади!" деб ёзди.

Ҳозирча Тошкент шаҳар ҳокимияти мазкур масала борасида бирон баёнот билан чиқмаган. Ҳокимиятнинг сайтида бу борада хабар йўқ.

Айни дамда минглаб тошкентликлар имзо чеккан петиция ҳам жавобсиз қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon