Авакяннинг оиласини маҳалладан кўчиришмоқчи

Image caption Арамаис Авакян ўзининг фермер хўжалигини бермагани учун ИШИДчиликда айбланган.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани фаоллари 7 йилга қамалган Арамаис Авакян яшаган 'Дилором' маҳалласида йиғилиш ўтказиб, Авакянлар оиласини сотқинликда айблаганлар.

Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин Турсинова ва икки ёш боласи яшаётган маҳаллада йиғилишни бошқарган "Маҳалла" жамғармаси раиси Карим Татлибоев Ширинни бу ердан кўчириб юбориш масаласини қўйган.

Карим Татлибоев: "Ширин ҳурматли ҳокимимиз Ғафур Яхшиликовичга туҳмат қилди! Чет элдаги журналистлар билан ҳамкорлик қилади. Шу тариқа у Ўзбекистонни сотмоқда! Унга маҳаллада жой йўқ!" деб айтган йиғилганларга.

Арамаис Авакяннинг оиласини кўчирмоқчи бўлаётганлари ҳақида Фейсбукда хабар берган журналист Улуғбек Ашуровга кўра, Шириннинг ўзи йиғилишда қатнашмаган. У Ховос қамоқхонасига эри билан учрашувга кетган бўлган.

Фермер оиласини маҳалладан бадарға қилиш қарори ҳақида Пахтакор тумани расмийларининг ўзидан сўраш учун қилган кўплаб қўнғироқларимизга ҳеч ким жавоб бермади. Фейсбукда кўрсатилган Фотима исмли ҳоким ўринбосарининг телефони эса бутунлай ўчириб қўйилди.

Маҳкама

19 феврал куни Жиззах вилоят жиноий ишлар бўйича маҳкамаси "Исломий Давлат" жангари гуруҳига алоқадорликда айбланган армани Арамаис Авакянни 7 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкама ундан ташқари экстремистик гуруҳларга боғлиқликда айбланган яна тўрт киши- Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Алимов ва Акмал Маматмуродовларни 5 йилдан 12 йилгача муддатларга қамалганлар.

Улар диний экстремистик, тақиқланган ташкилотларга аъзолик, қўпорувчилик, ўғрилик каби қатор жиноятларда айбдор деб топилган.

18 феврал куни маҳкама қолдирилган. 19 февралда бошланган маҳкама жуда қисқа давом этган.

Авакян яқинларига кўра, суд ҳукми адвокатсиз ва қисқа муддатда ўқиб ниҳояланган.

Сохта айбловлар

Арамаис Авакян 2015 йил сентябрида Жиззахда буюртма сохта айбловлар билан ҳибсга олинган эди. Оила аъзоларининг айтишича, ИШИДга аъзолигини бўйнига олиши учун тергов изоляторида қийноқларга солинган.

Насроний динига эътиқод қилувчи Арамаис Авакян ИШИДга аъзоликда айбланиши мантиққа тўғри келмаслиги айтилган ҳуқуқ фаоллари томонидан.

Авакянга сохта айбловлар қўйилишига аслида унинг фермерлик хўжалиги ва Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Туман ҳокимлиги Авакян ташкил қилган балиқчилик фермер хўжалигининг бир қисмини беришни талаб қилган. Бундан бош тортган фермер биратўла "Исломий Давлат"га аъзоликда айбланиб маҳкамага тортилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ