"Вақтинчалик прописка" давлат хизматчилари учунми?

Куни кеча эълон қилинган Тошкент шаҳри ва вилоятида "вақтинча рўйхатга олиш" тартиби қайта бошланганидан сўнг тарқалган хабарларга кўра, ҳозирча фақат давлат хизматчилари пропискага қўйиляпти.

Тошкентда "вақтинчалик прописка"га рухсат берилган

Айни пайтда, участка нозирларига берилган вазифанинг паспорт столларига ўтказилиши орқасидан рўйхатга турувчиларнинг узун навбатлари пайдо бўлгани айтилмоқда.

Шу муносабат билан ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар ўз фикрлари билан ўртоқлашганлар.

Жумладан, ўзбек тилидаги машҳур Ziyouz.com Интернет-портали асосчиси Давронбек Тожиалиев вақтинчалик пропискага қўйиш учун паспорт столга борганида, ўзига рад жавоби берилганини ёзади.

"Tafsilot.uz'дан ҳужжатлар рўйхати билан танишиб, "вақтинча прописка" учун қоғозларни тайёрлаб, Мирзо Улуғбек тумани ИИБнинг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бордим. Кўпчилик навбат кутиб турибди. 54-чи бўлиб ёзилдим. Унгача “стол услуг”га кириб, белгиланган ариза, уй эгаси номидан ариза ва манзил варақасини тўлдиртирдим. Бу хизмат учун 6000 сўм тўлайсиз. Бошқа ҳужжатлар ксеронусхаси учун алоҳида ҳақ тўланади. “Стол услуг” хизматчиси ишхонадан хат бор-йўқлигини сўради. Мана, деб бердим. Уни кўраркан, давлат идораси бўлса ўтади, хусусий фирмаларникини қабул қилишмаяпти, деди. Тезда ишонч телефонларига қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган хизматчидан "вақтинча прописка" ҳақиқатан ҳам фақат давлат идоралари/корхоналари хизматчилари учун қабул қилиняптими, хусусий ташкилотлар учун ҳали очилмадими, деб сўрадим. У буни тасдиқлади. Нодавлат корхоналар учун ҳам тез орада очилади, ҳозир фақат давлат корхоналари ишчилари, талабалар, чет-эл фуқароларигина рўйхатга олинаётганини айтди", дейди.

"Вақтинчалик прописка" олиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинар экан: 1. ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади). 2. Уй эгаси номидан ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади). 3. Манзил варақаси (Адресный листок прибытия) (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади). 4. Фуқаронинг паспорти ва паспорт нусхаси. 5. Казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси. 6. Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат. 7. Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси. 8. Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо). 9. Уй эгасининг паспорт нусхаси. 10. Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция. 11. Нотариус томонидан тасдиқланган ижара шартномаси нусхаси. 12. Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар. 13. Давлат корхонасида ишловчи ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома. Агар ҳужжатлар жойида бўлса, 2-3 кун ичида қайд варағини қўлингизга олишингиз мумкин экан.

PS. Аҳолисининг каттагина қисмини вилоятликлар ташкил этувчи Тошкент шаҳри учун "Вақтинчалик прописка" мавзуси долзарб масала. Бу ҳақда тўғри, аниқ ва ишончли маълумот бериш давр талаби. Ички ишлар вазирлигининг mvd.uz деган сайти бор. Нима учун шу сайтда бу ҳақда расмий хабар ва ҳужжатлар рўйхати ҳалигача эълон қилинмаган? Нима учун фуқаролар асл манба турганда бошқа сайт ва Facebook саҳифаларидан ёки “стол услуг”да ҳужжатлар рўйхати чоп этилган қоғозчани 200 сўмга сотиб олиб маълумот олиши керак? Текин ва ишончли маълумотни расмий сайтда берилса, ўша сайтнинг нуфузи ҳам ошади-ку ахир. Ариза намуналарини сайтда берилса ёки ягона интерактив давлат хизматлари порталида амалга оширса бўлади-ку!

Doniyor Uz: O'z tajribangizni biz bilan bo'lishganingiz uchun rahmat Davronbek Tojialiyev aka. Manam shu kunlarda bormoqchi bo'lib turgan edim. Bekorchi soatlab vaqtimni uvol qilib kelgan bo'larkanman, agar siz ma'lumot bermaganizda.

Shakhrom Rustamov: Gov.uz portaliga ushbu masalalar bo'yicha shikoyat arizasi kiritish kerak emasmikin? O'zi demokratik jamiyatda bu kabi byurokratik masalalarni yengillashtirishni qanday yo'llari mavjud? Qay uslubda Toshkent Hokimiyati yoki boshqa ma'sul tashkilotga bosim qilsa bo'ladi?

Eldar Enverovich Asanov: 13-пункт анча қизиқарли туюлди. Давлат ишхонаси прописканг бўлмаса ишга олмайди, давлат ишида ишламасанг, прописка қўйиб бермайди... Бу қанақа парадокс? Совет даврида Москвада шунақа тартиб бўлган, ўша доруломон замонларга қайтмоқчимиз шекилли. Атайлаб пропискадан ўтиш қийинлаштириляпти, бу қонунларга вилоятдан келадиганларнинг 80 фоизи хоҳласа ҳам амал қила олмайди. Бу билан улар четдан келувчилар сонини камайтирмайди, қонундан ташқари одамлар сонини кўпайтиради, холос.

Shakhrom Rustamov: Yana boshqa tomondan qaraganda, Toshkentdagi xususiy sektorlarning shahar budjetidagi ulushi qanchayu, davlat tashkilotlariniki qancha? Shahar hokimiyati agar Toshkentni rivojlanishi hohlasa birinchi bo'lib ushbu turdagi bizneslar uchun ochishi kerak.

Zafar Arslonov: Олти ойлик прописка учун 1 ой югурасиз, кейинги олти ойлик учун яна бир ой олдин бошлайсиз. Охирида сиз фақат 4 ой учун пропискадан ўтканизни биласиз)))

Zafar Arslonov: Қоғозбозликдан айланай. Паспорт столда мусофирни пулини шилаётган Не штатный ишлаётганлардан айланай. Булар Тошкентда квартирага пул тўласинми? Бола чақасини боқсинми? Ота-онасига иккита иссиқ нон оборсинми Тошкентдан?

Равшанбек Хусанов: Ўзбекистон фуқороси бўлиб туриб эркин ҳаракатлана олмасанг ҳам қийин экан. Качон бу чегаралашлар тамом бўлар экан-а?

Musannif Adham: Тошкент алоҳида маъмурий бирлик. Унда яшаш учун Ўзбекистон фуқароси бўлиш камлик қилади.

Эй Худо, бизга ишлайдиган калла бер. Бўлмаса, умримиз қоғозга кўмилиб ўтиб кетяпти...

Ibn Muxtor Al Janjaly: Maylida, tinch yurtga propiskalar yarashadi

Bobur Kamol: Shu qog'ozbozlik eng yomon ko'rgan narsam. Odam u yoqdan bu yoqqa yuguraveradi, natijasiz va asabbuzarlik.

Ibn Muxtor Al Janjaly: Tog'u toshdan dov daraxtgacha Qirolning mulki deb hisoblanadigan mutlaq monarxiyada ham propiska ko'rmadim. Mulozimlari yalqovlikda nom chiqargan bu mamlajatda ham ish bitirish Jannatmokon Quyoshistondan ancha yengil.

Otamurod Abdullayev: Shuncha yugurganga, ish joyidan vaqtincha propiskaga quyish xat berilganga yarasha hech bo'lmaganda bir ikki yilga quyishsa yaxsi bulardi. Aytgancha ish joyidan xat keltirilgan taqdirda xodimning mehnat shartnomasi bekor qilingunga qadar propiskaga quyilsin degan joylari ham bor edi shekilli.

Shamsiddin Saidov: Viloyatlarda paxta terilmay qolyaptiyu sizlar Poytaxtda yuribsizlar.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ