Amnesty: Ўзбекистонда инсон ҳақлари вазияти хавотирли

Amnesty International инсон ҳақларига доир янги ҳисоботини эълон қилган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир бўлимида мамлакатдаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият жиддий хавотирлар уйғотиши айтилган.

"Ислом Каримов март ойида ҳақиқий сиёсий мухолифлардан холи сайловда тўртинчи муддатга президентликка сайланди", дейилади ҳисоботда.

"Ўзбек ҳукумати ўзгача фикрлайдиганларга, мухолифларига қарши курашда босимлар ва қийноқлар қўллашда давом этмоқда".

"Терроризм ва давлатга қарши жиноятларда айбланган маҳбусларнинг қамоқ муддатлари узайтирилмоқда", деб таъкидланади.

Жаҳон бозорида маҳсулотнинг таннархи пасайиши билан иқтисодий ўсишнинг сусайгани кузатилди. Меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари 45 фоиздан ортиқ камайди. Ҳисоб китобларга кўра, биргина Россиянинг ўзида ўтган йил 2 млндан ортиқ ўзбекистонликлар ишлаган. Россиядаги иқтисодий вазият боис минглаб муҳожирлар ортга қайтганлар.

Ҳукумат Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг "Исломий Давлат"жангари гуруҳига қўшилиши орқасидан мамлакатга таҳдид яна ошганини давлат оммавий ахборот воситалари орқали такрорлайди.

Бунинг орқасидан мамлакат ичида исломий жангариларга алоқадорликда шубҳа қилинган фуқаролар, жумладан, меҳнат муҳожирлигидан қайтган ўнлаб фуқаролар оммавий қамалган.

Қийноқлар

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда қийноқлар масаласига эътиборни қаратади.

Милиция ва хавфсизлик ходимлари ўғрилик, товламачилик ва қотилликда айбланган ҳар бир фуқародан кўрсатма олиш учун, жинсидан қатъий назар қийноқ усулларини қўллашган. Айниқса терроризм, давлатга қарши жиноятда айбланганлар қийноқларга солиниш таҳдиди юқоридир. Ҳибсдагиларни аксарият ҳолларда маскадаги одамлар қийнашган, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари милиция ва хавфсизлик ходимлари судгача ҳибсга олинганларни қийнаш учун қамоқдаги маҳбуслардан фойдаланганлар. Жиноят кодексига биноан, маҳбуслар қийноқлар учун жавобгарликка тортилмайди.

Собиқ судланувчилардан бирининг ҳикояси қилишича, хавфсизлик ходимлари ва маҳбуслар тергов хонасида аёл ва эркакларни қийнаганларини ўз кўзи билан кўрган. Унга кўра, қийноқлар ҳожатхона, душхонада, овоз чиқмайдиган қилиб жиҳозланган махсус қийноқ хоналарда амалга оширилган.

Ҳатто аниқ кўриниб турган қийноқ излари билан ҳам судланувчиларнинг шикоятлари ҳакамлар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

2014 йилда тақиқланган исломий партияга аъзоликда айбланиб қамалган икки киши тергов изоляторида ўзларини қўл ва оёқларини боғлаб қийнаганлари, тирноқларини суғириб олганлари, иссиқ печкага ўтирғизганларини гапириб берган. Бироқ ҳакам бу фактларни текширтирмаган.

Ўзбекистон Конституцияда қийноқлар қўллаш тақиқланганини айтиб келади.

Ташкилот ҳисоботида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан кўрсатма пайтида қийноқлар қўлланиш ҳолатига қарши чоралар кўришга чақирилади.

Жазони ўташ муассасаларида арзимаган сабаблар туфайли қамоқ муддатлари бир неча йилга узайтириш доимий давом этмоқда.

Жиноий Кодексининг 221 моддаси- давлатга хиёнат қилишда айбланганлар аслини олганда бир умрлик қамоқ жазосини ўтайдилар.

2006 йилда 9 йилга қамалган, ҳозирда Жаслиқда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов ўтган йил апрелда озодликка чиқиши керак эди. Бироқ турма қонунларини бузганликда айбланиб май ойида муддати яна беш йилга узайтирилган. Маҳкама ҳимоячисиз ёпиқ тарзда ўтган. Аъзам Фармоновнинг хотини айтишича, эрини бошига елим халта кийгизиб бўғишган.

Ҳисоботда 21 йиллик қамоқдан сўнг ниҳоят мухолифат аъзоси Мурод Жўраев озодликка чиқарилгани ҳам келтирилади. 1994 йилда 12 йилга қамалган Мурод Жўраев муддати қамоқхона ичида яна 4 марта узайтирилган эди.

Терроризмга қарши кураш ва жамоатчилик хавфсизлиги

Ҳукумат меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган фуқароларга катта шубҳа билан қараб, кузатув остига олган.

Мамлакатда охирги бир йилда экстремизмда айбланганлар сони кескин ортган.

Ҳукуматга кўра, кўп муҳожирлар Россияда ИД, ЎИҲ аъзолари томонидан ёлланган.

Ноябр ойида куч ишлатар тизимлари Тошкентда ва бир қанча вилоятларда махсус амалиётлар ўтказиб, Туркия ва Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган кишиларни ушлаган. Улар "Ҳизбут таҳрир" ташкилоти ва Суриядаги жангари гуруҳларга боғлиқликда айбланганлар.

Ҳуқуқ фаоллари йигитлардан қийноқлар орқали кўрсатмалар олиниб, айбловлар бўйнига қўйилган, дейди.

Бундан ташқари судланганларнинг оила аъзолари ҳам доимий кузатув ва босимларга учраганлар.

Бир аёлнинг айтишича, унинг аксарият эркак қариндошлари тақиқланган исломий ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалганлар ёки мамлакатни тарк этишларига тўғри келган. Уни доимий равишда милиция идорасига чақириб, "экстремистлар оиласи" га аъзолиги учун урганлар, қамаш билан таҳдид қилганлар ва қариндошларининг қаерда эканлиги ҳақида маълумот сўраганлар.

Ҳибсга олинганлар ва уларнинг яқинларига кўра, маҳалла қўмиталари куч ишлатар тизимлари учун "шубҳали кишилар" рўйхатини тузиб берадилар. Ана шу рўйхат асосида қамоққа олинади.

Янги усуллар
Image caption Елена Урлаева.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ҳамон сўз эркинлиги чекланган ва тинч намойишлар ўтказишга йўл қўймайдиган мамлакатлар қаторида.

31 май куни ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Чинозда ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланаётганини ҳужжатлаштираётганда, милиция томонидан ушлаб кетилади.

Милиция ходимлари Урлаевани қийнаб, фотоаппаратдаги флешкани беришни талаб қилиб жинсий мазмундаги амални қўллаганлар.

Уни "ватан хоини" деб ҳақоратлаганлар, калтаклаб, кийимларини ечтирганлар. Елена Урлаева устида милиционер ва фелдьшер ҳақоратли жинсий текширув ўтказишган. Агар шикоят қиладиган бўлса, унинг суратларини интернетга жойлаштириш билан таҳдид қилишган фаолга.

Халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳақларининг бу тарзда қўпол равишда бузилишларига қарши зудликда чора кўришга чақиради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon