Тошкентда доллар нархи 6600 сўмга чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хабарларга кўра, Тошкентда АҚШ долларининг қора бозордаги нархи 26 февралда 6660 га чиққан. Бу нарх вилоятларга ҳам талуқли.

Dollaruz.com. сайти хабарига кўра, 25 февралда доллар 6630-6640 атрофида бўлган.

Шу ҳафта бошида бир доллар нархи 6480 сўмга сотилган, 6460 сўмга олинган.

Долларнинг расмий курси 2851,65 сўм қилиб белгиланган.

Бироқ бу нархда банклар доллар алмаштириши ҳар доим муаммо. Ўзбекистонда оддий аҳолининг банкдан расмий курсда муаммосиз доллар сотиб олиши ноодатий кўриниш саналади. Фақатгина истисно тарзида хорижга чиқадиган фуқароларга бир кварталда 2минг доллар алмаштириш имкони берилган. Одамларнинг айтишича, унда ҳам таниш-билиш, пора бериб иложини қилиш қилиб олиш мумкин холос.

Айни пайтда Ўзбекистонда долларнинг тўрт курси амал қилади. Долларнинг Миллий банк томонидан белгиланган расмий нархи, Республика валюта биржаларидаги савдода белгиланадиган нарх, маҳсулот-хомашё биржасидаги клиринг нарх ва қора бозордаги нарх ёки оддий қилиб айтганда, ҳақиқий нарх - аҳоли ва кичик тадбиркорлар учун ишлайдиган доллар курсидир.

Доллар нархининг кўтарилишидан зарар кўрадиган қатлам ҳам оддий аҳоли саналади.

Тошкентлик талбанинг айтишича, доллар нархи ошиши ижрара ҳақларига таъсир қилади. Аксарият ижара ҳақини долларда тўлашни талаб қилгани учун, талаба пулини долларга алмаштиришга мажбур. Ҳозир бир хонали уйларнинг ижараси 120 доллар, икки хоналиклар 200, уч хоналиклар 230-300 долларда баҳоланади. Албатта талабалар асосан бир хонали уйларни ижарага олишади. Кўпчилиги уйидан ёрдам олмайди ва ижарага пулини ўзи ишлаб топишга мажбур.

Бундан ташқари имтиҳонларни ёпишга ҳам домлалар долларда нархини қўяди, имтиҳонларни ёпишга 50 долларгача беришга тўғри келади ва бу талабалар учун кўп, айниқса долларнинг ҳозирги нархида дейди у.

Тошкентдаги дўконлардан бирида савдо қилувчи тадбиркорнинг айтишича, "маиший техника савдоси билан шуғулланувчиларга ҳам доллар нархи ошишининг салбий-ижобий жиҳатлари бор. Хитойда доллар ошмаган бўлса, бизга фойда. Маҳсулотларни Хитойдан олиб келамиз. Акс ҳолда иложи йўқ нархни оширишимизга тўғри келади".

Доллар нархини тушириб йиғиб олиб, қиммат нархда сотилишидан манфаатдорлар бор. Бу уларнинг иши, деб айтади яна бир суҳбатдош.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бундан бир неча йил олдин мамлакатда мавжуд бўлган валютанинг бир неча курсларини бир хиллаштиришни айтиб, қора бозорни йўқ қилмоқчи эди. Бироқ вазият ҳамон ўзгармаган. Бугунги мақсад нима эканини ҳеч ким билмайди. Бироқ йилларки, аҳвол ўзгармас экан, қора бозор борлигидан манфаатдор гуруҳ айнан энг юқорида тургани ҳақида фикрлар кўпроқ ҳақиқатга яқин, дейди улар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ