‘Ўзбекистонга хавфли шоколадлар бормаган’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бу ҳақда яқинда ичида пластмасса бўлаги топилгани боис, Олмонияда бир неча турдаги шоколад маҳсулотини савдодан қайтариб олган Американинг Mars ширкати маълум қилган.

Уларнинг сирасига ширкатнинг Голландиядаги корхонасида ўтган йил 5 декабридан жорий йилнинг 18 январига қадар ишлаб чиқарилган Snickers, Mars, Milky Way батончиликлари ва Celebrations шоколадлар тўпламининг муайян турдагиси кирган.

Қизил рангли платмасса бўлакчаси эса, яқинда Олмонияда Snickers батончиги ичидан чиққанди.

Mars ширкатининг бу хусусдаги расмий баёнотида айтилишича, бу - ягона ҳолат бўлган.

Бундан ташқари, мавжуд муаммо унча катта бўлмаган миқдордаги маҳсулотларини қамраб олган.

Аммо, ширкатга кўра, фаолиятлари жараёнида маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги ўзлари учун энг устивор масала саналади.

Худди шу боис ҳам, Голландиядаги корхоналаридан товар олувчи барча давлатлардан худди шу сана оралиғида ишлаб чиқарилган шоколад маҳсулотларини ортга қайтариб олишга аҳд қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўз эса, жаъми элликдан ортиқ давлат ҳақида кетмоқда.

Уларнинг орасида Буюк Британия, Олмония ва Франция каби Оврўпо Иттифоқининг етакчи давлатлари ҳам бор.

Лекин, Mars ширкатининг бу хусусдаги расмий баёноти тафсилотларидан маълум бўлишича, пластмасса бўлаги тушганлиги эҳтимоли бўлган шоколад маҳсулотлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Гуржистон, Молдова ва Мўғулистонга етказилмаган.

Украинада эса, яроқлилик муддати 04/12/2016, 11/12/2016, 18/12/2016 га қадар бўлган вазни 50 граммли Snickers батончикларини савдо расталаридан олишга киришилган.

Mars ширкатининг расман билдиришича, хавфли, деб кўрилиши мумкин бўлган шоколад маҳсулотлари Россия аэропортларининг божсиз савдо ҳудудларига ҳам тушмаган.

Буни Россиянинг четдан келувчи озиқ-овқат товарлари сифати ва хавфсизлигига масъул давлат ташкилотлари ҳам тасдиқлашган.

Жорий пайтда эса, ширкат ўз товарларини қайтариб олишга қарор қилган ўнлаб давлатлар аэропортларида ҳам текширув ишлари бошланган.

Mars ширкати, ўз ўрнида, хавотирда бўлган харидорлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи хизматларга бемалол мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлашни ҳам унутмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Аммо, Латвиядан олинган хабарларга кўра, мамлакат масъуллари Mars ширкатининг Голландияда ишлаб чиқарилган айни турдаги шоколад маҳсулотларини сотувдан қайтариб олишга киришишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ