Кимлар фуқароликдан чиқарилади?

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш шартлари ҳақидаги тартибга ўзгартиш киритган.

Фармонга кўра, агар фуқаронинг бошқа хорижий давлат армияси, хавфсизлик хизмати, полицияси, адлия ва бошқа давлат идораларида ишлаши ҳақида ҳужжати борлиги аниқланса Ўзбекистон фуқаролигини йўқотади.

Бундан ташқари, мунтазам чет элда яшовчи Ўзбекистон фуқароси, ватанидан пропискадан чиқиб келиб, беш йил давомида консуллик рўйхатида узрли сабаб билан турмаган ҳолатларда ҳам фуқаролиги олиб қўйилади.

Консуллик идораси фуқаро ҳақидаги маълумотларни Ташқи Ишлар вазирлигига жўнатади. Унга кўра, Президент қошидаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссия ишни кўриб чиқади.

Беш йиллик муддат 16 ёшгача бўлган фуқароларга нисбатан ишлатилмайди.

Фармонда кўрсатилишича, шахснинг ёлғон маълумот ва сохта ҳужжатлар тақдим қилгани аниқ бўлганда ҳам, фуқаролик бекор қилинади.

Янги ўзгартиришга биноан, шахс хорижий давлат фойдасига жамият ва давлат манфаатларига зарар еткизса, шунингдек, тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноят содир этса, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотади.

Фармон чиққан кундан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Фуқароликдан чиқариш шахснинг доимий турар жойи бўйича мамлакат ички ишлар идоралари томонидан, хорижда эса консуллик томонидан ҳужжатлаштирилади.

Ўзбекистонда фуқаролик масалалари бўйича қонунга 2015 йил августида ўзгартишлар киритилган эди.

Кузатувчилар фикрича, фуқаролик ҳақидаги тартибга ўзгартиришлар ички ишлар идораларига аҳоли устидан назоратни янада кучайтириш, кузатиш имконини беради.

Айни пайтда кўпчилик ўзбекистонликлар учун ноибиометрик паспортларини биометрик паспортга алмаштириш долзарб бир масалага айланган.

Би-би-сига айтишларича, паспортларини алмаштириш учун хориждан ватанига қайтган кўплаб фуқаролар маҳалла қўмитасидан тортиб, миллий хавфсизлик идораларида турли саволлар қаршисида қолганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ