“Чуқур инқилобий ўзгаришлар керак!”

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси Муҳаммадбобур Маликов АҚШ президенти Билл Клинтон ва ўзининг оиласи аъзолари билан бирга, 1992 йил.

Яқинда тарқалган хабарларга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси фаолиятини парламент назорат қиладиган бўлади.

19 февраль куни Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Сенат ҳамда Қонунчилик палатасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган.

Мажлисда прокуратура органлари фаолияти устидан «парламент назорати самарадорлигини ошириш масалалари» кўриб чиқилган ва қўшма қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ, прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссия тузилади.

Комиссия мамлакатнинг «барча минтақалари вакиллари»ни тақдим этган 15 парламент аъзосидан иборат бўлади, улар ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилиши тўғрисида ҳар йили икки марта сенаторларга ҳисоб бериши белгилаб қўйилган.

Парламент назоратини ҳамда прокуратура органлари фаолиятининг қонунийлигини кучайтириш зарурлиги ҳақида кўп гапирилади, бироқ мазкур коммисияинг фаолияти қачон кучга кириши борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Президент Ислом Каримов ўтган йил декабрда мамлакат Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда прокуратура ходимларини қаттиқ танқид қилган.

Ўшанда Президент Каримов "одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли" эканликларини айтган.

Ўз нутқида Ислом Каримов Сенатни қисқа муддатда прокуратура фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва унинг фаолияти қонунийлиги масаласини кўриб чиқишга чақирганди.

Ўзбекистон шароитида Бош Прокуратура, хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги устидан назорат қилиши керакми?

Кузатувчилар, янги ўзгаришлар оқибатида «тишсиз» парламент прокуратурани назорат қила олишига шубҳа билан қарашмоқда.

Таниқли Ўзбек давлат арбоби ва собиқ Адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов узоқ тариҳга назар ташлаб, Чор Россиясида суд ҳаммадан устувор турган, полиция ва прокурорлар судга бўйсунганлар, дейди.

«Судья у пайтда жуда кучли бўлган. Унинг фаолиятига ҳеч қандай ҳукумат, ҳеч ким аралашмас эди», - дейди у.

Ўзбекистон шароитида прокуратура устидан назорат ўрнатишдан кўра судларни мустаҳкамлаш керак, дейди собиқ Адлия вазири.

«Ўзбекистонда чоралар эмас, балки чуқур ўзгаришлар, инқилобий ўзгаришлар юз бериши керак", - дейди АҚШда истиқомат қиладиган Ўзбекистон собиқ Адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов.

Муҳаммадбобур Маликов билан суҳбатни тингланг!

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon