Чалғитиш технологияси, балиқлар ёхуд думи музлаб қолган бўри...

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

...Ҳа, ўша – эртакдаги балиқчи чолни эсладингизми?

Ҳар кунгидан кўпроқ балиқ тутган чол хурсанд бўлиб уйига ошиқаркан, йўлда суллайиб ётган тулкини обдон текшириб кўришга ҳафсала қилмай, ўлик деб ўйлаб, “бугун жуда омадим келди-да, бунинг терисини шилдириб, иссиққина ва момиққина пўстин тиктираман”, дея уни дарров қопга солинган балиқлар ёнига жойлайди. Бундай ажойиб имкониятни қўлдан бой бермаган тулки бирдан “тирилиб”, қопни очиб, балиқларни битта-битта йўл устига ташлаб кетаверди. Энг охирги балиқни ҳам пастга улоқтиргач, бир сакраб ўзи ҳам аравадан тушиб олади. Чол уйига етиб келиб, ўлжаларини олмоқ учун аравага боқсаки, бўш қопдан бошқа ҳеч вақо йўқ... Атрофга оқшом чўккан маҳал унинг ҳийла билан қўлга киритган ўлжасини бўлишишни таклиф қилиб келиб қолган бўрини ҳам лақиллатиб, кўл сувига думини ботириб ўтирса, кўп балиқ тутишига ишонтириб, думидан айрилишига сабабчи бўлади... Дарвоқе, бу эртакни ҳозир нега эсладим?...

... Бугун - бутун дунёда дискриминацияга қарши кураш куни нишонланаяпти. Дискриминация сўзи лотинча discriminatio сўзидан олинган бўлиб, ажратиш, камситиш маъноларини англатар экан. Конституция ва қонунчиликка кўра дискриминация таъқиқланади. Инсонлар ирқи, миллати, тили, ранги, жинси, диний қараши, эътиқодидан қатъий назар, яшаш жойлари, иш жойларида уларнинг инсоний қадр-қиммати поймол этилиши, шаъни, мулки, ҳамиятига тажовузкорона муносабатда бўлиш, ҳақорат қилиш, камситиш мумкин эмас. Фуқаровий ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак. Аслида, амалда-чи?...

Ўзбекистонда Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда туҳмат ва хақорат қилиш учун сезиларли миқдорда жарима тўлаш кўзда тутилган. Ҳукумат, президентни ёки ҳукуматни танқид қилган журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ўзгача фикрловчи кишиларни жазолашда туҳмат, бўҳтон, хақорат қилиш сингари айбловлардан фойдаланиши ҳеч кимга сир эмас. Жамиятдаги мавжуд муаммоларни танқид остига олган, гоҳо оддийгина муаммолар юзасидан адолат истаб, калаванинг учи давлат мафияси билан тўқнашишгача олиб келиши ортидан исталмаган шахсларга айланган фуқароларнинг “овозини ўчириш”и, ҳатто ҳаётига нуқта қўйишгача бориши мунтазам давом этаётир. Бу ўз ўрнида “Ҳукуматни, давлатни, Президентни, давлат мулозимларини ҳурмат қилишга ўргатиб қўйиш” билан “изоҳланади”. Аммо давлат мулозимларининг ўзлари туҳмат, бўҳтон, хақорат сингари камситиш усулларини фуқароларга ва қўл остидаги ходимларга нисбатан қўллаш одат тусига кириб бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак, мулоҳазаларимиз Ўзбекистондаги айрим раҳбарларнинг камситиш, ҳақоратлаш “тили” ҳақида...

Аввало, ҳақоратомуз сўзлардан фойдаланиш, бошқаларни камситиб гапириш миллий маданиятга, раҳбар маънавиятига қанчалик тўғри келади? Оддий халқ, оддий одамлар асрлар давомида шаклланган урф-одат, қадриятлар, жумладан, муомала маданиятини сақлашга, унга амал қилишга ҳаракат қилса-ю, шу халқ устидан назорат ўрнатган ҳукуматнинг баъзи мулозимлари конституция ва қонунларни қўпол равишда бузаётганлари етмагандай, қадриятлар юзига оёқ қўйиб, қўпол муомала қилишса, шундай гўзал она тили бир четда қолиб, ўз оғзаки “луғат”ларини ҳақоратомуз сўзлар билан “бойитишса”са, буни қандай тушунмоқ керак?...

Шу йилнинг 4 февралида Тошкент вилоят халқ депутатлари йиғилишида бир жинсли муносабатларни ахлоқсизлик деб атаркан: "Агар эркак бошқа эркак билан яшаса, ёки аёл бошқа аёл билан яшаса, мен ўйлайманки, сизларга кўрсатаётганим мана бу ерида нимадир нотўғри ёки ўзгарган бўлиши керак", деган Президент Каримов бошига бармоғини ниқтаган ҳолда ишора қилиб. Қизиқ, президент нега айнан Тошкент вилоят халқ депутатларининг навбатдан ташқари йиғилишда кўрилган масала – вилоят ҳокимини ишдан олишдан мутлоқ ташқари бўлган бу мавзуни дабдурустдан тилга олди?.. Ахир, шу пайтгача Ўзбекистонда ҳамжинсбозлик муаммоси ўта долзарб масала сифатида тилга олинмаган, матбуот, телевидение ва радиода у қадар кенг миқёсда ёритилмаган-ку? Қолаверса, айни дамда ҳам ҳамжинсбозлик ўзбеклар ва ўзбекистонликлар учун муаммо сифатида катта минбардан катта раҳбар гапирадиган даражада ҳеч бир долзарблик касб этаётгани йўқ. Мамлакатда бу тоифа кишиларнинг гуруҳлари ё партиялари тузилгани ёхуд бу борада тарғибот-ташвиқот юритаётгани, ён-атрофдагиларга зарар еткизилаётгани хусусида бирор бир маълумот ҳам тарқалгани йўқ.

Каримов гўё ўзини халқнинг диний эътиқоди, миллий қадриятларига нисбатан жуда эҳтиром кўрсатаётган одамдек кўрсатиб, халқнинг ўзидан кунма-кун совиб бораётган кўнглига яна бир карра ҳийла билан йўл солишга ҳаракат қилди. Бир сўз билан айтганда, яна битта сиёсий найранг қўллади. Йиллар бўйи ҳадисини олгани – чалғитиш технологиясини қўллади. Негаки, чорак асрдан бери айтилган ёлғонлар: “Ташқи кучларнинг Ўзбекистонни кўролмаслиги-ю, “террористлар” билан қўрқитиш усуллари ҳам, мухолифат аъзолари ҳақидаги уйдирма-бўҳтонлар бирма-бир фош бўлиб бормоқда. “Буюк келажак” хусусидаги чўпчаклар ҳам сароб бўлиб чиқди.

Мамлакатда атайлаб порахўрлик, коррупция, талон-тарожлик авж олдирилганлиги, зиёлиларни обрўсизлантириш ёхуд “сталинча” қатағон қилиш, сургунлаш, туппа-тузук ишлаб турган кўплаб завод-фабрикаларни йўқотиб, мақсадли равишда йирик сондаги ишсизлар армиясини яратиш, халқни йўқсилликда ва қўрқувда ушлаб туриш ҳам кимларнингдир манфаати учун керак бўлиб қолганлигини бугун бу содда халқ жуда яхши англаб етди. Бу ёқда эркатой “Гулнора иши”, ўз халқини алдаб, тунаб бойлик орттирган “Ўзбек чиновникларининг хорижий банкларда “музлатилган” миллиардлари”, қолаверса, яқин кунлар ичида кўпчиликни “шок”ка туширган хабар – “Литвиненко: ўзбек файли...” Эҳ-ҳе, ҳали яна қанча “сюрпириз” лар бор экан-а?...

Айни замонда мамлакат аҳолиси, миллат ҳаётига таҳдид солаётган, маънавиятига путур етказаётган нарса Ғарбдаги ҳамжинсбозлик муаммоси эмас, жамиятдаги адолатсизлик, ҳақсизлик, порахўрлик, коррупция, йўқсиллар, заифларнинг “кучлилар” томонидан таҳқирланиши, ҳақоратланиши, камситилиши, ҳақ-ҳуқуқининг оёқ ости қилинаётганлиги, бир сўз билан айтганда омманинг бир ҳовуч одамлар - мавжуд тузум томонидан ёппасига ҳар томонлама сиқувга олинаётганлигидир... Жамиятда одамларнинг камбағаллиги, ногиронлиги учун ёки ижтимоий мавқеига кўра камситиш, хотин-қизлар, болаларга нисбатан (калтаклаш, шаънини булғаш, зўравонликлар сингари) шафқатсизларча муносабатда бўлиш, сўз ва матбуот эркинлигини бўғиш, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига, диний озчиликлар, ҳатто мамлакатда асосий аҳолининг эътиқодига уйғун бўлган ислом дини амалларини адо этаётганларга ҳам тазйиқ ўтказиш ҳоллари мунтазамлик касб этиб бўлди. Баъзан амалдор ё пулдорларнинг фарзандлари турли даражадаги жиноятларни содир этса – да жазодан қутулиб қолишади. Муштумзўрлар бир четда қолиб, уларнинг ўрнига ана шу каби қутулиб қолувчиларнинг кўз қарашига кўра гўёки, ижтимоий мавқеи пастроқ, камбағал, оилаларнинг фарзандлари “жиноятчи”га айлантирилиб, узоқ муддатга қамоқхоналарга ташланаётир. Кўп ҳолларда билими бўлмаса ҳам ёшларнинг пора бериб ўқишга кириши, таниш-билишчилик орқасидан катта мансабларни эгаллаши... хуллас, туғруқхонадан то қабристонгача илм излаш билан эмас, аксинча, “пул бўлса, чангалда шўрва” қабилида “иш битираётган”ларнинг ошиғи олчи бўлган жамиятда инсоний қадр-қиммати топталаётган, камситилаётган одамлар оз эмас....

Мамлакатдаги ишсизлик, иш топилса, маошнинг камлиги ва у ҳам кўпгина ташкилотларда баъзан вақтида берилмаслиги, берилган тақдирда эса кундалик эҳтиёжлар, коммунал тўловларга етмаслиги сабаб кўплаб фуқаролар бошқа ўлкаларга иш қидириб кетаётирлар. Уларнинг қора меҳнат ортидан топаётган маблағлари мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига маълум даражада ҳисса бўлиб қўшилишидан ташқари кўплаб оилалар учун таъминот манбаи ҳамдир. Минг эмас, миллионлаган мигрантларга эса ҳукумат ҳануз ўгай кўз билан қараб келади. Сиёсий муҳожирлар, турли тазйиқлар сабаб юртдан кетишга мажбур бўлганлар, танқидий фикрловчиларга ҳеч бир исбот-далилсиз “хоин, сотқин” деган тамға ёпиштириб, халқни уларга нафрат кўзи билан қарашга ундаб келади. Ижтимоий тармоқларда “троллар” ёллаб, турфа ҳақоратларни ёғдиртиради. Меҳнат муҳожирларини эса давлат раҳбари “дангасалар” деб атаган. -"Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ! Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни," - деб айтган Ислом Каримов. (2013 йил) ...Қайси жумладаги мантиқ тўғри: “ўзига бир бурда нон топиш учун”ми ёки “катта пул тезроқ топиш учун”ми? – изоҳ йўқ... Қора ишдан ким қачон катта пул топган ўзи?... Қолаверса, “дангаса”лардан “жирканади”ган, ва баъзи фуқароларининг “тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш”и, “ор-номусига қаттиқ тегади”ган президент шу кўйга тушган халқнинг дардига дармон бўлиш, муаммоларини бартараф этиш ўрнига уларни ҳақорат қилиши, камситиши инсоф, адолат тарозисига қай даражада тўғри келади?! Шу сўзларни айтиш давлат раҳбарига ярашадими?...

Оила боқиш илинжида ўзга юртларга бориб, баъзан ирқчилар ва миллатчилар томонидан калтаклангани (айримлари ўлдирилгани), ҳақ-ҳуқуқлари топталгани камлик қилгандай, ортга қайтгач яна ўз юртида маҳалла посбонлари-ю, куч ишлатар тизимлар томонидан таъқиб тазйиқ остига, баъзилари ҳибсга олинаётган, гумону бўҳтонлар нишонига айланаётган ўзбеклар учун бу ҳолат ҳақорат, камситиш, хўрлаш эмасми? Агар шундай бўлса, бунинг учун ким жавоб бериши керак?...

Диний эътиқоди, сўз ва фикр эркинлиги, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашганлиги сабаб зиндонларга отилаётган, қаттиқ исканжага олинаётган, қийноқларга чидолмай қамоқларда жон бераётган, йилларки Русия ерларига иш излаб кетиб, сарсон-саргардон бўлаётган, хўрланиб ўлдирилиб, жасадлари лопиллаган тобутларга солиб қайтарилаётган навқирон ёшларнинг, миллат болаларининг тақдирига ачинмаган, мазлумлар ҳаётидан хавотир олмаган, аксинча уларни ҳақорат қилган президент нега энди айнан шу сессияда дабдурустдан ҳуув олис Ғарбдаги бир жинсли никоҳлилар масаласини ўзи учун бир катта муаммога айлантириб унга чиппа ёпишиб олди ёки унга тўхталишни лозим деб топди?... Жар ёқасига келиб қолган жамиятда гапириш мумкин бўлган бошқа бир жиддий арзирли, долзарб муаммо ёки масала йўқ эдими? Албатта бор. Нега йўқ бўлар экан. Бор бўлганда ҳам керагидан ортиқча. Аслида масала бошқа бир ёқда, бошқа бир томонда. Яъни асл сабаби айни пайтда Ўзбекистонда юзага келган умумвазиятнинг ўта хавфли ҳолатга келтирилиб қўйилганлигида. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқат кўзи билан қараладиган бўлса, кейинги 25-26 йил мобайнида қайси бир соҳа ёки тармоқ гуллаб-гуриллаб, яшнаб, юксалиб кетди. Йўқ. Ҳеч бўлмаганда номига биронтасини айтиш мумкинми? Ақалли, тилга олиш, пичоққа илиниш мумкин бўлган бирор бир тармоқнинг ўзи қолмади-ку. Ҳаммаси орқага, тескари томонга қараб йўрғалашдан бошқасига ярамади. Энг ёмони шуки, борлари ҳам йўқ қилинди. Барчаси пароканда этилди. Йўқса, миллионлаган ишсизлар армияси пайдо бўлармиди?

Шунинг учун ҳам яна бир бор таъкидлаш жоизки, бу каби чиқишдан бош мақсад халқ маънавияти ва зеҳниятга сингиб кетган нозик жиҳатга таъсир қилиш орқали аҳолини яна бир бор мамлакатдаги мураккаблашиб бораётган вазиятдан ва борган сари танглашиб, таранглашиб бораётган ўта таҳликали ҳолатдан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Айниқса, ана шундай ҳолатнинг барчасига ўзи сабабчи-бошчи эканлиги ўзини юртбоши ҳисоблаган одам учун янада хавотирлиги эканлигини англаш қийин эмас. Худди шу боисдан ҳам президентнинг бу каби навбатдаги ҳавойи гаплари жамоатчиликни чалғитишнинг янгидан-янги технологияси, методологиясидан унумли фойдаланишга гўёки бир жиддий уриниш бўлди, дейиш мумкин, холос. Бу шундан бошқа нарса эмас.

Халқни бундай чалғитиш усули – ҳам балиқчини, ҳам оғзидаги ошини тортиб оладигандек туюлган бўрини чув тушириб, ҳийла, алдов йўли билан унинг думини кўл сувида музлатиб, қотириб қўйган ўша эртак “қаҳрамон”ини эслатмаяптими Сизга?...

Тошкентлик мухбир

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon