Обид қорини отганга бир умр берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи metro.se
Image caption Обид қори Назаровнинг яқинлари ва қоралов тарафига кўра, имомни йўқ қилиш буйруғи излари Ўзбекистонга етаклайди.

"Обид қорига ўқ узган Юрий Жуковскийга чиқарилган қамоқ ҳукми бир умрликка алмаштирилганидан хурсандмиз, аммо 100% қониқиш ҳосил қилганимиз йўқ".

Суиқасд пайтида оғир яраланган имомнинг Швециядаги яқинларидан бўлган Абдувоҳид Йўлдошев жазо ўзгаришига ана шундай муносабат билдирди.

Сиёсий суиқасд?

"Тўғри, айбдор бу мамлакатдаги энг оғир жазога мустаҳиқ кўрилди ва бир умрга қамалди" - ўз фикрини изоҳлади Абдувоҳид Йўлдошев Би-би-си билан суҳбатда.

"Лекин қораловчи тараф Обид қорини жисмонан йўқотиш буйруғи Ўзбекистонга бориб тақалишини айтган бўлса-да, маҳкама жараёнида ҳакам бунга катта урғу бермаган".

"Аслида эса бу жиноят сиёсий бўлиб, унинг Ўзбекистонга бориб тақалиши ҳақидаги айбловлар чуқур ўрганилиши, буюртмачиларни ҳам топиб, жазолашга катта аҳамият қаратилиши керак эди".

Имомнинг жамоадошлари буюртмачилар ҳам фош бўлиши ва жазоланишига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларидан қайтсмасликларини айтишмоқда.

"Қоралов тарафи Обид қорини ўлдириш уринишини Британияда заҳарланган россиялик Литвиненко ишига қиёслади" - давом этади Абдувоҳид Йўлдошев.

Обид қори Назаров 1990-йиллари Тошкентнинг энг таниқли имомларидан бири бўлган.

Бироқ у Ўзбекистон ҳукуматидаги камчиликларни танқид қилиб, бошқа имомлардан фарқли тарзда, мустақил мавқеини сақлашга интилганди.

Кейинроқ, Ўзбекистон расмийлари имомга қарши сиёсий ҳамда диний айбловларни илгари суришгач, Обид қори Назаров мамлакатдан чиқиб кетади.

Суиқасд тарихи

Жаноб Назаров Швецияда бошпана олганидан сўнг ҳам ўз мустақил диний фаолиятини тўхтатмайди ва Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил диндорларни таъқиб этадиган сиёсатини танқид қилиб келади.

Бундан тўрт йил бурун, 2012 йилнинг февралида Обид қори Назаров ўзи яшайдиган Стромсунд шаҳридаги уйи яқинида бошидан отиб кетилганди.

Имом суиқасд уринишидан омон қолса-да, аммо бошидан оғир яралангани боис узоқ вақт комада қолади.

Кейинроқ уни ўлдиришга уринишда гумон қилинган ўзбекистонлик Юрий Жуковский Россияда қўлга олиниб, Швецияга экстрадиция қилинган.

Суиқасд ишини ўрганган қоралов тарафи унинг Ўзбекистонга бориб тақалишини, Юрий Жуковский эса ижрочи бўлганини урғулаб келади.

Бироқ маҳкама жараёнида эса буйруқнинг бевосита Ўзбекистон ҳукумати ё хавфсизлик хизматларидан келганини буткул исботлаб бўлмаслиги айтилган.

Оврўпода бошпана топган ўзбекистонлик мустақил диндорлар айни суиқасд уриниши ортидан хавотирга тушишгани ҳақида ҳам айтадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,
  • телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon