'Мосул яқинида ИШИДчи ўзбеклар ўлдирилган'

Ироқнинг Мосул шаҳри яқинида ИШИД жангариларининг ҳужумларини Курдларнинг 'Пешмерга' қуролли гуруҳи жангчилари қайтаришга муваффақ бўлганлар, бу жангларда кўплаб хорижий жангарилар, хусусан, ўзбеклар ҳам ўлдирилган.

Бундай баёнот билан 'Пешмерга' қўмондонлари чиққанлар.

'Пешмерга' қўмондони Заим Алининг айтишича, жума куни ўзларига қарши ҳужумни ИШИДнинг ўзбек қўмондони қўли остидаги жангарилар бошлаганлар.

Ўзини 'Исломий Давлат' деб атайдиган гуруҳ жангарилари уруш жабҳасининг Аске Мосул, Кеске ва Шндухан деб аталган жойларида ҳужумга ўтганлар.

'Пешмерга' жангчилари халқаро коалиция дастагида ИШИД жангариларининг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлганлар.

'Пешмерга' қўмондонига кўра, жангларда қарийб 100 хорижий жангари ўлдирилган, ИШИД қўшинлари чекинишга мажбур бўларкан, жасадлар жанг майдонида қолиб кетган.

Бундан олдин қатор хорижий оммавий ахборот воситалари Араб ва Ғарб манбаларига таяниб ИШИДга қарши халқаро коалиция 2016 йили бу гуруҳни йўқ қилишни режалаштиргани ҳақида хабар тарқатгандилар.

ИШИД 2014 йилдан буён Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудини қўлга киритган, Ироқнинг Мосул ва Суриядаги Раққа шаҳарларини 'Исломий Давлат' ўз назоратида ушлаб турибди.

Курдларнинг 'Пешмерга' гуруҳи дуч келган жанглар Мосул билан Раққани боғлайдиган йўл кесиб қўйилгани ҳақидаги хабарлар ортидан тарқалган.

Ироқ расмийларига кўра, Ироқ ҳукумати армияси ИШИДнинг икки пойтахтини боғлаган йўлни кесишга муваффақ бўлган.

Сурия ҳукумат кучлари ҳам Раққа вилоятида ҳудудларни ИШИД қўлидан тортиб олаётгани хабар қилинади.

ИШИД сафидаги ўзбекистонликларнинг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Айрим таҳлилчилар 2000 билан 3000 орасида деб тахмин қиладилар.

3 март куни Тожикистон Бош прокурори Раҳмон Юсуф экстремист гуруҳлар, шу жумладан, "Исломий Давлат" сафида 1094 тожикистонлик жанг қилаяпти, деган баёнот билан чиқди.

Россия ўзининг Суриядаги ҳаво ҳужумларини ИШИД сафларида жанг қилаётган ва кейин ватанига қайтиши мумкин бўлган МДҲ давлатлари фуқаролари саналган жангариларга қарши деган важ билан тушунтирган.

МДҲ раҳбарлари учрашувида Россия Президенти Владимир Путин ИШИД сафида 7000 МДҲ фуқароси жанг қилаяпти, деган баёнотни берган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ