Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

8-март: Онажонлар байрами ва муаллималар маоши

Президент Ислом Каримов аёлларнинг "демократик жамият қуришдаги роллари"ни олқишлаган.

8-март- Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган табригида жаноб Каримов мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссалари учун аёлларга миннатдорчилик билдирган.

У минглаб аёлларнинг давлат идоралари ва жамоатчилик ташкилотларида меҳнат қилаётганликларини таъкидлаган.

Жаноб Каримовга кўра, мамлакатда хотин-қизлар учун, жумладан, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган.

Президент шиддат билан ўзгариб бораётган глобал дунёда аёлларни фаолроқ бўлишга, жумладан, ўзбек ёшларини "бузғунчи ғоялар" ва "оммавий маданият" таъсиридан ҳимоя қилишга чақирган.

Image caption Жаноб Каримов аёлларга тадбиркорлик учун барча шароитлар яратилганини айтган

Айни пайтда Халқаро хотин-қизлар куни арафасида айрим ўзбекистонлик ота-оналар мактаб ва бошқа таълим муассасаларида муаллималарга пул йиғиш кампанияси бошланиб кетганидан шикоят қилишган. Журналист Норқобил Жалилнинг Фэйсбукдаги саҳифасида ёзишича, унинг 9-синфни битираётган ўғли ўн минг сўмдан муаллималарга, 25 мингдан қизлар учун совғага пул йиғилаётганини айтган.

'Таниш ҳолат'

"Муҳтарама оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз байрами арафасида мактаб-лицейларда фарзандлари ўқиётган ота-оналар (ўзим ҳам шундайлардан бириман-да!)нинг боши қотаяпти: уч кун аввал 3-синфда ўқийдиган ўғлим синфида 15 мингдан пул йиғилаётганини, беш минги устозига, ўн минги эса қизлар кўплиги учун қизларга аталган совғаларга сарфланишини айтиб қолди. Буниси ҳолва экан: 9-синфни битираётган ўғлим эса кеча ўғил болалар 35 мингдан, ўн минги муаллимага, 25 минги қизлар учун совғага йиғилаётганмиш. Фиғоним фалакка чиқиб, ким шунақа аҳмоқона "ташаббус"ни уюштиряпти, менга телефонини бер, десам йиғлаб, ота-оналар қўмитаси айтибди, деди. Падарига минг лаънат шундай қўмитанинг, дедим", деб ёзган журналист ва буни "аҳмоқона ташаббус" деб атаган.

Унинг фикрлари остида изоҳ қолдирган руҳшунос олим Маҳмуд Йўлдошев "ҳаммаси бир-бирига мос ва уйқош. Биринчи синф алифбосидаги хатолар, ўшани ўқитаётган ўқитувчилари ва пул йиғаётган ота оналар. Мана энди етиб келаяпти, пулли мактаблар очилишига эҳтиёж. Аммо "социализм сўрғичи" ҳали анча ҳаммани ушлаб туради. Таълимнинг аҳволини сезмаган халқ, аввало зиёли, қандай келажак келаётганини билмайди. Бу бугунги куннинггина фожеаси эмас, айниқса эртанинг фожеаси", дея фикр билдирган.

Баҳтиёр Ҳайдаров ҳам жамиятдаги ушбу кўринишга ўз тажрибасидан мисол келтирган: "Яқинда ота-оналар мажлисига бордим. Синфда ҳаммаси аёллар. Раҳматли Ҳожибой қизиқ айтганидек, "оналар мажлиси"га ўхшайди. Ўқитувчи таълим жараёни, фанларни ўқитиш ва дарсликлар бўйича айрим муаммолардан гапирса, биров эшитгиси келмайди, ёки тинглагани билан тушунмайди. Негаки, биронтаси савол бериш, муаммонинг ечимини қидириш ёки таклиф билдиришни ўйлагани ҳам йўқ-да. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш ҳолати ҳам унчалик қизиқтирмади шекилли, кулибгина эшитиб ўтираверишди. Ўқитувчи бирров ташқарига чиққанди, олдинги партада ўтирган аёл - "онабоши" шекилли, дарров эълон қилди: "Яқинда байрам, пул йиғиш эсдан чиқмасин!" Шундагина ўтирган оналар дарҳол сергак тортишди. Қанчадан, қачон, нималар олиш ва ҳоказо масалаларни фаол муҳокама қила кетишди..."

Image caption Умида Аҳмедова олган сурат

"Жуда таниш холат, уришиб-уришиб, кейин қўлига пулни берворамиз", - дея киноя қилади Zilola Xujaniyazova:

Баҳсга қўшилган таниқли шоира Umida Abduazimova эса форум қатнашчиларини аниқ фактлар асосида сўз юритишга чорлайди.

"Гапириш, ғийбатлашиш осон. Аниқ фактлар билан, устозлар номини ёзиб, фикрлашинглар. Ҳамма мактаб, барча муаллимлар харомхўр эмас. Қолаверса, таьма, таъна нима эканлигини яхши биладиганлар, меҳнатига яраша мукофотланадиганлар беҳисоб!", деб ёзади у.

'Қашшоқ оналар'

Facebook даги саҳифамизда фикр қолдирган Ulugbek Alamovнинг айтишича, ҳеч ким пул йиғишга мажбур қилмайди.

"Ўзи рози бўлиб берса беради. Ўқитувчиларга раҳмат десин ўша ота-оналар. Ғирт бетарбия ва бефаросат болларига чидаб, 100$ ойликка зўрға кун кўриб юрибти улар..."

Usarbek Ismailov: "8 мартни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Бу онажонлар байрами. Яхшиям-ки, бир йилда бир марта экан. Бир йилда бир марта хурсанд бўлишса бўлишибди-да. Энди шундан ҳам тирноқ тагидан кир қидириш, бу энди ман билмадим..."

Рус тилида изоҳ қолдирган Nigina Akseneva эса "бечора педагогларни аёллар байрами билан табриклаш учун ижтимоий нафақа ва арзимас маошга кун кечираётган қашшоқ оналарнинг пулларини олиб қўйишаяптими?" дея савол қўяди.

"Ўкитувчиларга иложи борича қилиш керак . Уларнинг иши жуда оғир . Буни тушунишимиз керак ...", деб ёзган Вахид Мамажанов.

Умуман, Фэйсбук ва Одноклассники тармоқларидаги BBC O'zbek саҳифаларида шарҳ қолдирган кўпчилик байрам муносабати билан муаллималарга пул йиғишга қарши эмас.

Таниқли фотограф Умида Аҳмедованинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг кўпгина имтиёзлардан маҳрум қилингани уларнинг аҳволини оғирлаштирган.

"Ўз вақтида биз ота-оналар ўзимиз, кўнгилли равишда ўқитувчиларга совға олиш учун пул тўплардик. Ҳеч ким бизни мажбурламаган. Бу ҳурмат. Менинг ўқитувчи танишларимнинг биронтаси ота-оналар бизга совға олиб берсин, демайди. Лекин давлат ўз келажагини ўйласа, таълим учун кўпроқ молия ажратиши керак", - дейди ўзбек хотин-қизларидан чиққан биринчи кинотасвирчи.

Би-би-си Умида Аҳмедова билан 8 - мартнинг бугунги аҳамияти ва ўзбек хотин-қизларининг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида суҳбатлашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon