Кабаева 'Спорт Экспресс' ни бошқаради

Россиянинг 'Миллий Медиа Группа' холдинг ширкати 'Спорт-Экспресс' нашрининг 25 фоиз акцияларини сотиб олган.

Ҳиссалар савдосига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.

Бироқ, 'Спорт-Экспресс'нинг директорлар кенгаши раиси бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони Алина Кабаева экани аниқ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кабаева 2014 йил депутатлик ваколатини топширгандан сўнг, 'Миллий Медиа Группа' холдингининг директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаган эди.

'Спорт Экспресс'нинг медиахолдинг таркибига киритилгани нашрнинг ривожланишига қўшимча имконият экани айтилган. Ҳамда спортни тарғиб қилувчи оммавий ахборот воситалари ичида ўз мавқеини мустаҳкамлайди, дейилади медиа холдинг хабарида.

'Спорт-Экспресс' газетига 1991 асос солинган. Рўзнома Россия ва яқин хорижнинг 309дан ортиқ шаҳрида чиқарилиб, нусхаси 220 мингга тенг.

Рўзнома спорт мухлислари орасида энг оммабопларидан бўлиб, ҳар бир сони 486 минг ўқувчи томонидан ўқилади.

'Миллий Медиа Группа' таркибига "Петербург-Бешинчи канал", "Биринчи канал", 'РЕН ТВ' телевизион каналлари, 'Известия' рўзномаси, 'Русская служба новостей' радиостанцияси, 'Арт Пикчерс Вижн', 'Metro-Петербург' ширкатлари, 'Медиа Альянс' ( Discovery, Eurosport телеканаллари) киради.

Асли ўзбекистонлик спортчи Алина Кабаева билан Россия Президенти Владимир Путин ўртасида яқин муносабатлар борлиги ҳақида хабарлар анчадан буён оммавий ахборот воситаларида айланади.

Бироқ Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков бу миш-мишларни рад қилган.

Кабаева ва Путин

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Бадиий гимнастика бўйича ёзги олимпиада ўйинлари чемпиони ва кўп марта жаҳон чемпиони бўлган Алина Кабаеванинг болалиги Тошкентда ўтган.

У 1980-1986 йилларда Ўзбекистоннинг "Пахтакор" жамоасида тўп сурган футболчи Марат Кабаевнинг қизидир.

2008 йилда "Московский корреспондент" рўзномаси Кабаева билан Путиннинг бўлажак тўйи ҳақида ёзган, аммо бу хабар рад этилган ва рўзнома ёпилган.

Президент Путиннинг ўзи 2008 йилдаги матбуот анжуманида хорижий мухбирнинг саволига жавоб бера туриб, "бу гапларда зиғирча ҳам ҳақиқат йўқ" деб айтган.

2013 йилда Путин аёли Людмила Путина билан ажрашганини аълон қилган.

2014 йилда "Огонек" журнали томонидан эълон қилинган Россиянинг энг қудратли аёллари рўйхатида Алина Кабаева 8-ўринни эгаллаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBE
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon