Сўз Сизга: “Мухолифат керак, аммо...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳар қандай мухолифатга нисбатан энг тоқатсиз режимлардан бири саналади.

Агар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга ишонадиган бўлсак, мухолифат бу “халқ душманлари”дир.

Ўзбекистонда Шўролар даврида ҳам “халқ душманлари”, “ватан хоинлари” каби таърифлар кенг қўлланилган.

Бугун кўкларга кўтарилаётган Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат ва Беҳбудийлар каби зиёлилар ҳам Сталинга содиқ ўзбек зиёлилари томонидан “халқ душманларига” чиқарилган.

Бугун ҳам мухолифат ва ё мустақил фикрдагиларга нисбатан бу каби таъриф бериш Ўзбекистонда кенг тарқалган ва тарқатилмоқда.

1990 йиллар бошларида мамлакатдаги энди тетапоя бўлаётган мухолифат ҳукумат томонидан йўқ қилинди.

Ўша даврда энди эркинроқ нафар олишни бошлаган матбуот ҳам бўғилди.

Бугунги иқтисодий муаммолар ва ё миллионлаб ўзбекистонликнинг Россияда мажбурий муҳожиротда қолгани ҳақида мамлакат оммавий-ахборот воситалари сукут сақламоқда.

Асосан муҳожирликда бўлган ўзбек мухолифатининг танқидий чиқишларига қарши ҳукумат келтираётган ягона, аммо ўта асоссиз даъво бугун Яқин Шарқ, айниқса Суриядаги вазият билан боғлиқ.

Кузатувчиларга кўра, ўтган йигирма беш йил давомида ҳукуматнинг бир томонлама ташвиқоти билан вояга етган авлод эса “танганинг иккинчи томонига” қарашга ўрганмаган ва бу келажак учун хатарлидир.

Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳар қандай мухолифатга нисбатан энг тоқатсиз режимлардан бири саналади.

BBCUZBEK Facebook ва Одноклассникида мухлисларимиздан сўраган саволларимиз айнан мухолифат билан боғлиқ эди.

Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат бўлиши керакми?

Ўзбекистон ҳукумати танқидлардан ташқарида қолиши керакми?

(Аксарият изоҳлар ўзгартирилмаган – таҳ.)BBCUZBEK Facebook

Narimmat Yuldashev: Мухолифат кимга керак биринчи навбатда бизнинг узбекистондаги тинчлик ва баркарорликни кураолмаётган чет эл бойларига хамда хаммани уз улчовига солишга уринаётган европа ва америка рахбарларига керак . ватанида бирор нарсага эриша олмаган ёки бирор бир жиноят килиб кочган ,бугунги кунда чет эллик эгаларидан давлат тунариши учун мумайгина пул олиб, ушанга хизмат килаётганларга керак . Бизга эса бунака сохта ватан парварлар бир тийинга хам кераги йук !!!!!!!!!!!!!! Негаки бизнинг тушунчамиздаги фаровон хаёт ,узбекчилик -инсонийлик деган тушунчалар уларга ёт нарса . Бизга эса европанинг урфу одатлари ёт нарса ,бизда эркакни эркак - аёлни-аёл дейди ,европада кейинги пайтда бари хотин чалиш . Ёкин 3- 4 йилда араблар билан афгонлар европада уз тартиб койидасини урнатса билмадим............

Farkhod Abdurakhmonov: Аввало “халқ душмани” ибораси хусусида адабиётларда таъкидланишича мазкур ибора Рим ҳуқуқи билан вужудга келган ва республикага қарши қўлига қурол олиб урушувчи аскар сифатида талқин этилиб, бундай инсонни жисмонан йўқ қилиб ташлашни билдирган. Француз инқилоби даврида эса бу сўз оммавий террорни оқлаш учун режимга қарши турганларга нисбатан ишлатилган. Халқ душмани ибораси айниқса Сталин ҳукмронлиги даврида ўзининг чўққисига чиқди. Коммунизм қуриш ғояси ва синфлар ўртасида кураш баҳонасида Сталин бошчилигидаги тоталитар сиёсий режимига қарши бўлганлар халқ душмани сифатида бадарға қилинди, қамоққа ташланди, ўлдирилди. Ачинарлиси шундаки, жамиятнинг ўта зиёли ва ҳақиқий ватанпарвар инсонлари мазкур режимнинг қурбонларига айландилар. Агар таъбир жоиз бўлса, мен “халқ душмани” деб халқнинг бойлигини талаётганларни, халқнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этаётганларни, эркин сўзни буғаётганларни, ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳар қандай жиноятга тайёр турганларни, коррупция ботқоғига ботганларни, маҳаллийчиликни авж олдираётганларни, ҳур фикрли инсонларни турли баҳоналар билан умрларига зомин бўлаётган шахсларни айтган бўлар эдим. Минг афсуски, бундай кишилар баъзан халқ қаҳрамони сифатида халқ онгида гавдалантирилмоқда, халқ душмани бўлиб эса яна ўша ҳақиқий, холис ниятли, ватанпарвар зиёли инсонлар саналмоқдалар. Мухолифат тушунчаси демократик жамиятда сиёсий тизимнинг муҳим табиий элементи саналади. Мухолифат мавжуд амалдаги Ҳукуматларга, уларнинг баъзи сиёсий ҳатти-ҳаракатларига, дастурларига қарши турувчи ҳамда муқобил ўзининг йўлига эга бўлган томон, ҳаракат, сиёсий партия дейиш мумкин. Агарки қайси жамиятда ҳақиқий, эркин ва ўз сиёсий кучига эга бўлган мухолифат мавжуд бўлса ўша жамиятда амалдаги Ҳукумат ўз ҳокимиятини суистеъмол қилинишига йўл қўйилмайди, унинг олди олинади. Асосан мухолиф партиялар, уларнинг парламентдаги фракциялари, жамоат ҳаракатлари орқали халқ ўз сўз эркинлигини амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Таъкидлаш жоизки, одатда мухолифат партиянинг ҳам мақсади ҳокимиятни қўлга олишдир ва ушбу жиҳатдан улар амалдаги ҳукуматга рақобатчи ҳисобланадилар. Шунинг учун амалдаги Ҳукумат учун ва айниқса демократик бўлмаган давлатда мухолифат исталмаган бир куч сифатида қаралади. Яна бир нарсага эътибор қаратиш лозимки, ҳар қандай мухолифат кучни ҳам биз демократик дея олмаймиз. Тажрибалар кўрсатмоқдаки, айрим мухолифат кучлар Ҳукуматга келиш учун қонуний йўллар билан биргаликда ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ҳам амалга оширадилар. Жумладан, амалдаги Ҳукуматни ноконституциявий йўл билан ағдариб ташлаш, террор амалиётини қўллаш, амалдаги Ҳукуматга бўҳтонлар уюштириш, халққа нотўғри маълумотларни тарқатиш, тарғиб этиш, ташқи кучлар кўмаги билан ҳукуматни қўлга олишга ҳаракат қилишларни айтиш мумкин. Бундай мухолифат кучларни радикал кўринишдаги ҳаракат дейиш мумкин. Бунга қарама-қарши конструктив мухолифат кучлар бўлиб, улар ўз фаолиятларини қонун доирасида амалга оширадилар, амалдаги Ҳукумат сиёсатига қарши реал ўз дастурларини таклиф этадилар, холис танқид қиладилар, популистик баёнотлар билан чиқмайдилар.Айнан конструктив кўринишдаги мухолифат ҳар қандай жамият учун зарур деб ҳисоблайман. Ўз навбатида сиёсий режими демократияга асосланмаган Ҳукуматлар мухолифат кучларига нисбатан ноқонуний ишларни амалга оширишлари мумкин ва ҳаттоки умуман ҳар қандай мухолифат кучларни йўқ қилиб ташлашгача бўлган чораларни қилиш имкониятига эга бўладилар. Ўзбекистон демократик жамият барпо этишни мақсад қилиб қўйган экан ва бундай шароитда албатта мухолифат кучлар бўлиши зарур, акс ҳолда жамият замонавий тараққиётдан орқага қолади, порахўрлик, коррупция авж олади, ҳамма соҳаларда адолатсизлик юзага келади, халқнинг талаб-истаклари қондирилмайди. Буларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Бизда ҳозир тўртта партия парламентда ўзининг фракциясига эга, бироқ уларнинг биронтасини ҳам мухолифат деб ҳисоблаш қийин масала. Гап шундаки, биронта бир масала юзасидан муайян бир партиянинг ўзгача қарашлиги мавжудлигини кўрмаяпмиз, Ҳукумат томонидан қандай қарор қабул қилинмасин улар бир овоздан қўллаб-қувватлашади. Улар бизда шарқона демократия ва биз бошқалар каби мажлисларда ур-тўполон қилмаймиз, маданият билан ишларимизни реклама қилмаган ҳолда, парламентда ўтириб одоб доирасида баҳс-мунозара қилиб қонунларни қабул қиламиз, Ҳукумат қарорларига ўзимизнинг муносабатимизни билдирамиз деб даъво қиладилар, ўзларини оқлайдилар. Ҳақиқатда эса бу иддаоларга ишониш ҳам қийин. Исбот сифатида биргина мисол, Тошкентда прописка масаласи, вилоятдан келганларни рўйхатга олиш, ОВИР, биометрик паспорт юзасидан сўнгги пайтларда хорижда юрганлар учун юзага чиққан муаммо, газ, свет йўқлиги ва шу каби бир қатор муаммолар бўйича шу кунгача биронта партия ўз қарашини, муқобил таклифини бердими? Маҳаллийчилик, коррупцияни йўқотиш юзасидан улардан бирон муқобил таклиф ўртага ташландими? Қишлоқ хўжалигида ҳали мақбуллаштириш ҳали ихчамлаштириш ва ҳоказо муаммолар бўйича биронта партия ўзининг қарашига, таклифига эгами? Соғлом, холис ёки асосли танқид ҳар қандай жамият учун фойдали ҳисобланади. Бундай танқид қабул қилинмас экан бу дегани ўша давлатда соғлом Ҳукумат мавжуд эмас. Биронта ҳам Ҳукумат танқиддан ҳоли бўлмаслиги керак, шу жумладан, Ўзбекистон Ҳукумати ҳам. Албатта биз ушбу ўринда соғлом, холис, асосли танқидни назарда тутяпмиз. Биз соғлом, холис танқид қилувчиларни “халқ душмани” деб эмас балки “халқнинг жонкуяри” деб атасак адолатли сўз бўларди. Агарки, биз ҳақиқатда ватанимизни буюк бўлишини хоҳласак, айнан шундай инсонларнинг таклифларини ҳисобга олишимиз, қўллаб-қувватлашимиз, ўз иқтисодий, ижтимоий сиёсатимизни ишлаб чиқишда уларга таянишимиз даркор. Агарки давлатда қонунлар устувор, адолатли ва ҳаммага баробар қўлланилса бундай шароитда соғлом танқид ҳеч қачон урушларга олиб келмайди. Шунингдек, соғлом танқид муҳити юзага келиши учун сиёсатчиларда сиёсий маданият шаклланган бўлиши керак.

Daminjonov Bakhtiyor: Агар мухолифлар ўз давлатидан, буюк давлатлар мақсадини ифодаласа, бу сотқиндир. Агар мухолифат шунчаки маърифат ва эркинликка даъват қилса, бу ватанпарварликдир.Агап мухолиф чет элга қочиб ҳамда ўша ердаги шароитни мақтса, ўз ватанидаги кишиларни ёмонлаб, бу ҳам етмагандай бошқаларга ҳам ўз тариқатини сингдирса бу ҳақиқий душманликдир...

Man Man: Узбекистонда демократия булади насиб. Аввал 75йил россияга кул бб яшаган халк демократияни нималигини тушуниб етсин узини кадрини билсин наркотик курол обкиришни ёмон окибатларини тулик хис этсин кейин хаммаси булади йуллар хам очилади. Ато арзимаган пулга довлатини сотворадиганла эххе. Сиёсатимиз тугри олиб борилаяпти.

Ali Khan: Хукумат, мухолифат, сиёсат... Жин урсин булани хаммасини!!Биттаси 25йилдан бери "буюк келажак" хакидаги хатто узлариям ишонмий куйган сафсатани такрорлашдан чарчамиди. Яна биттаси чет элда утирволиб, хали булашадиган нарсани узи йу жойда бир бирини тагига сув куйиш билан банд.

Isoqjon Zokirov: Mинг aфcyc бýлcинким xoзир xaм ватaн xoини xaлк дyшмaни дeган ибopaлap ишлaтилмокда.Илгapи Cталиннинг дaвpидa xaм шyндай эди.Дeмак эcки тоз,эcки xaммoм,яъни xeч нapca ýзгapгани йýк !

Jonibek Xudaybergenov: Жуда акилли фикрлар билдирилди Менинг фикрим хам хукуматга ракобатчи мухолифат керак Ракобат бор жойда усиш булади бу ФАКТ

Abdufattoh Kamalov: Диктаторлар мухолифатни халқ душмани деб атайди...Аслида эса мухолифат диктаторнинг шахсий душмани, халқ душмани эмас

Bahodirkhon Eliboyev: Варрак учиришнинг оддий қонуни бор: ҳеч йўқ қарши тарафдан енгил шабада бўлиши керак. Шамол эмас, шабада бўлса мақсадгу мувофиқ. Акс ҳолда, варрак учирувчи югуравериб чарчаб қолади. Бизникилар шабадани шамолнинг бир тури деб билишди. Оқибатда ўзлари чарчаб қолишди. Айни дамда ташқаридаги мухолифат ҳам шабада бўлиш ўрнига, шамолдай, довулдай ҳаракат қилишни мақсад этди. Оқибатда булар билан ҳам варрагимиз учмайдиган кўринади.

Nafisa Hamroyeva: Юртимиз тинч булсин хозирда хар мамлакатда уриш Тинч Мамлакат Узбекистан. куз тегмасин юртимизга

Farhod Rahmonov: Мухолифат урушга етаклайди...

Abdufattoh Kamalov: Диктатура-чи?

BBCUZBEK О д н о к л а с с н и к и

Odinokiy Volk: Мухолифат бўлиши керак эмас, ҳамма бир хил, тўғри ва ҳалол яшаши керак...

Zeynep Sodik: Мухолифатга йўл бермаган давлат диктатура ҳукмрон бўлган давлатдир. Мухолифат юзимизни ойнага қараб қанча камчилигини кўрсак, ана шу ойнадай керак...

К о н с т р у к т о р: Мухолифат булиши зарур, факат тузум хакикий демократик шаклга утганда. Соф демократик тамойил диктаторликка асосланган тузумни кушандаси, шунинг учун хам Марказий Осиё диктаторлари "демократик мамлакат" деб аталадиган мамлакатларига хакикий демокаратия кириб келишидан манфаатдор эмас.

Nargiz Abduxoliq: Мухолифат ривожланиш ва адолатли булиш, изланишга сабаб булади ва доимо булиши керак, халк билсин ким давлат бошига келса кандай манфаат куради, мухолифатни истамаганлар эса курсисини олдириб куйишни истамаганлардир

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.com га тўсиқ бўлса, uzbekweb.net га киринг

Бу мавзуда батафсилроқ