Ўзбекистон чегарадаги вазиятга изоҳ берди

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги вазиятга ойдинлик киритган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Чегара Қўмитасига кўра, 21 март Наврўз байрами муносабати билан мамлакат чегараларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Жумладан, Қирғизистон чегарасида ҳам МХХ нинг чегара қўшинлари кучайтирилган ҳолга келтирилган.

Ўзбек расмийларининг билдиришича, ҳарбий техника олдинроқ хабар қилинганидек Қирғизистон ҳудудига кирмаган, мамлакат чегарасини қўриқлаб турибди.

Хавфсизлик хизмати қўшимча зирҳли техника воситалари жалб қилинганини тасдиқлаган. "Барча кўрсатилган ҳарбий техника мамлакат ҳудудида турибди, давлат чегара ҳудудларини қўриқлаш баҳсли ҳудудларга кирмаслик бўйича икки томонлама шартнома асосида амалга оширилади", дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон томонига кўра, 28 мартда "Маданият-автойўл" назорат маскани таъмирлаш ишлари боис, бир томонлама ёпилган. Бу тўғрисида ўз вақтида Қирғиз томон хабардор қилинган, деб қайд этган Қўмита.

Ўзбекистон Чегара Қўмитаси қирғизистонлик ҳамкасбларини воқеликка зид хабарларни тарқатишдан тийилиб, томонлар ўртасидаги муносабатни мураккаблаштирмасликка чақирган.

18 мартда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги баҳсли Мўғул ҳудудига ҳарбий техника ва аскарларини олиб киргани Қирғиз чегара хизмати томонидан хабар қилинганди. Ўзбекистон томони бунга дарҳол муносабат билдирмаган.

Бироқ воқеа ҳар йили кузатиладиган Наврўз байрами олдидан хавфсизлик чораси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ